+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Қачон малакали гидларга ёлчиймиз?

Яқинда хориждан келган бир гуруҳ журналист ва зиёлилар билан икки нафар гид-таржимон ҳамроҳлигида Имом Бухорий зиёратгоҳи сари отландик. Йўл-йўлакай тилмочларимиз Самарқанднинг ўтмиши, меъморий ёдгорликлари, чор атрофда ободонлаштирилаётган зиёратгоҳлар хусусида «ҳикоя» қилиб кетишди. Гапнинг очиғи, тарихимизнинг улар талқинидаги таърифидан нафақат мезбонлар, балки ўтмишдан бохабар меҳмонлар ҳам хижолат тортиб қолишди. Шу боис ярим йўлда гид-таржимон (у сертификатини рўкач қилса-да) хизматидан воз кечишга тўғри келди...
Жамият
81 14:28 | 07.06.2026 14:28

− Туризм миллий иқтисодиётнинг энг муҳим соҳаларидан бирига айланиб бормоқда, − дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, музейшунос Маҳмудхон Юнусов. − Тармоқ истиқболини таъминлашда гидлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юкланади. Аммо ҳали ҳам мамлакатимиз тарихи, халқларимиз маданияти, этнографияси бўйича муфассал тушунча бера оладиган гидларга эҳтиёж катталигича қолмоқда. Ачинарлиси, соҳанинг айрим вакиллари томонидан асоссиз маълумотларга таяниш ҳолати барҳам топганича йўқ. Масалан, Регистон майдонидан бир неча чақирим нарида жойлашган иншоот гидлар томонидан гоҳ «Ишратхона», гоҳ «Ашратхона» дея талқин этиб келинади. Ваҳоланки, бу меъморий ёдгорлик, тарихий манбаларга кўра, темурий ҳукмдор Абу Саид Мирзонинг рафиқаси Ҳабиба Султонбегим томонидан қизи Султон Ховад Бека оқо учун бунёд эттирилган. Сулолавий ёки оилавий дафн мажмуасининг ножоиз номлар билан аталишини эса асло оқлаб бўлмайди.


Яна бир ҳолат. Бибихоним мадрасаси рўпарасидаги масжид гидлар томонидан «Бибихоним жоме масжиди» дея таърифланмоқда. Аслида бу иншоот «Амир Темур жоме масжиди» деб аталиши керак. Маҳмудхон Юнусов бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқлардаги «Қайси бири тўғри: Амир Темур масжидими ёки Бибихоним масжиди?» сарлавҳали мақоласида муфассал тушунча берган. Шунингдек, Сиёб канали ёқасида жойлашган, халқ орасида «Дониёл пайғамбар қабри» дея юритилувчи мақбара ҳақидаги афсонанинг Амир Темур билан боғлиқлиги нечоғлиқ ҳақиқатга яқин экани «Хўжа Дониёрми ёки Дониёл пайғамбар?» сарлавҳали рисолада тарихий фактлар асосида исботлаб берган. Аммо бу жойда ҳам айрим гидлар томонидан сайёҳларга етказилаётган чўпчаклар ҳеч қандай асосга эга эмас.


− Регистон ансамбли дирекцияси ташаббуси билан айнан гид-таржимонлар учун амалий қўлланма сифатида «Самарқанд ёдгорликлари» тўплами нашр этилди, − дейди Маҳмудхон Юнусов. − Ўша китобда тадқиқотчи олимлар, музейшуносларнинг ўлкадаги осори-атиқаларнинг бунёд этилишидан тортиб, номланиши ва таъриф берилишигача муҳим маълумотлар ўрин олган. Бундан ташқари, Самарқанд давлат университети, Туризм университети, Археология институти тадқиқотчи олимлари томонидан «Ўзбекистон меъморий ёдгорликлари» рисоласи чоп этилган.


Айтмоқчи бўлганимиз шуки, ҳудуд миқёсида фаолият юритаётган гид-таржимонлар фойдаланадиган манбалар етарли. Фақат улардан тўғри фойдаланиш масаласига эътибор қаратилмаяпти. Самарқандда расмий манбаларда малака гувоҳномасига эга гид-таржимонлар сони 800 нафарни қоралаши қайд этилса-да, охирги йиллардаги аниқ сони хусусида очиқ статистика мавжуд эмас. Негаки, 2020 йилдан гид мутахассислар ҳам ўзини ўзи банд қилганлар тоифасига киритилган. Натижада Россия, Корея ва бошқа ўлкаларда ишлаб, тилни муайян даражада ўзлаштириб олган айрим фуқаролар таржимонлик гувоҳномаси олишга эришган. Уларнинг аксарияти бу соҳада етарлича маълумотга эга бўлмасдан, турли ресурслардан олинган маълумотлар асосида гидлик қилаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Шу билан бирга, кейинги вақтларда темир йўл вокзали, аэропорт ва автовокзалларда сайёҳларни кутиб олиб, уларни ўз билганича айлантириб юрган «учар» гидлар ҳам кўпайиб бораётганини тан олиш керак.


− Асосий муаммо шундаки, айни вақтгача гид-таржимон тайёрлашнинг ягона ўқув дастури ишлаб чиқилмаган, – дейди Маҳмудхон Юнусов. – Шу боис уларнинг малакаси бўйича жиддий имтиҳонлар ташкил этилиб, фаолияти юзасидан вақти-вақти билан ўрганишлар олиб борилиши, касбий малакаси баҳоланиши лозим, деб ўйлайман. Ўрганишларда вилоятдаги бирорта музей ёки ёдгорлик мажмуаларида расмий маошга ишловчи гид-таржимон штатлари мавжуд эмаслиги аниқланди. Фақатгина айрим музейлар ва меъморий обидалар, жумладан, Регистон ансамбли тажрибали гидлар хизматидан шартнома асосида фойдаланиб келаётган экан.


− Регистон ансамбли Самарқанд юзи саналади. Чет элдан келган ҳар бир сайёҳ ўлкамизни гид тушунчаси орқали англайди. Кузатишларимизда айрим таржимонларнинг мулоқот учун мос сўзларни танлай олмаслиги, ўз фикрларини тўлиқ ифодалай билмаслиги, нутқидаги мантиқий кетма-кетликнинг бузилиши бизни бу борада жиддий ўйлаб кўришга мажбур этди, – дейди мажмуа раҳбари Хонқул Самаров. – Шароитдан келиб чиққан ҳолда, тажрибали, етарлича билим ва касб кўникмасига эга 12 нафар гид-таржимонни шартнома асосида ҳамкорликка таклиф этганмиз. Улар беш тилни мукаммал билишади. Мамлакатимиз тарихи, мадания­ти, урф-одатларини чуқур ўзлаштирган мутахассислар ҳисобланади.



Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, гид-таржимонлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва доимий штат бирликларини жорий этиш зарурати яққол сезилмоқда. Чунки сайёҳлик оқими ортаётган бир шароитда малакали гидлар нафақат тарих ҳақида ҳаққоний маълумот беради, балки мамлакат имижига ҳам бевосита таъсир кўрсатишини унутмаслигимиз керак.


Нурилла ШАМСИЕВ


Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6624 16:57 | 05.08.2023