20 минг китоби фондига эга кутубхонаси бор хонадон
Қашқадарё вилоятининг Қатағон қишлоғида фаолият юритаётган “Холбой ота ёшлар маркази” кутубхонаси бугун нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни маҳаллалар ва туманлар китобхонлари учун ҳам маънавий масканга айланган.
Кутубхона 2009 йилда марҳум ўқитувчи Холбой Хонқулов ташаббуси билан ўз ҳисобидан қурилган. Дастлаб оилавий жамғармадаги китоблар жойлаштирилган бўлса, бугунги кунда фонд 20 мингга яқин адабиётни ташкил этади. Ҳар йили китобхонлар ва меҳмонлар томонидан 400–500 та янги китоб совға қилинади.
Кутубхона фаолиятини ҳозирда унинг фарзандлари — Насиба Хонқулова ва Ойсаҳат Рўзибоева давом эттирмоқда. Улар ихтиёрий равишда хизмат қилиб, китобхонлар учун барча шароитларни яратиб келишмоқда.
– Отам китобга жуда меҳр қўйган инсон эди. Уйимиздаги барча китобларни шу ерга олиб чиқиб, кутубхона ташкил қилганмиз. Бугун бу маскан қанча инсонга хизмат қилаётганини кўриб, фахрланамиз, — дейди Насиба Хонқулова.
Кутубхонанинг доимий аъзоларидан бири – 76 ёшли Ҳазратқул Нарзиев. У илгари тракторчилик қилган бўлса-да, китоб мутолаасини ҳеч қачон тарк этмаган.
– Ёшлигимда ҳам трактор ичида китоб ўқирдим. Бир китобни бошласам, тугатмагунча тинчимасдим. Ҳозир ҳам набираларим билан ким кўп китоб ўқийди, деб мусобақа қиламиз. Асосийси, телефондан кўра китобни танлашса, шунга шукр, — дейди у.
Кутубхонада ҳар куни ўртача 20–30 нафар китобхонга хизмат кўрсатилади. Асосий фойдаланувчилар ёшлардир. Бу ерда китоб олиш билан бирга, жойида ўтириб мутолаа қилиш учун ҳам шароит мавжуд.
9-синф ўқувчиси Зиёда Абдиева кутубхона имкониятларидан мамнунлигини билдирди:
– Мактаб кутубхонасида бунчалик китоб йўқ. Бу ерда керакли адабиётларни топиш мумкин. “Ёш китобхон” танловида иштирок этиш учун тайёргарлик кўряпмиз, – дейди у.
Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида 13 та уй кутубхонаси фаолият юритади. “Холбой ота ёшлар маркази” эса фонд ҳажми жиҳатидан улар орасида етакчи ҳисобланади.
Бир инсон ташаббуси билан барпо этилган ушбу зиё маскани бугун юзлаб китобхонларни бирлаштириб, ҳудудда китобхонлик маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, эзгу анъана оила аъзолари томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch.uz”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0