Тошкентда 12 туп дарахт қўпорилиб, табиатга 351 млн. сўмдан ортиқ зарар етказилди
Тошкент шаҳридаги қурилиш майдонида 12 туп дарахт ноқонуний қўпарилгани оқибатида табиатга 351 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев маълум қилди.
Унинг қайд этишича, “Миллий боғ” хиёбони ҳудуди ёнидаги "ПД Эстейтс" МЧЖ хорижий корхонасига берилган ер майдонида мораторий талабларига зид равишда 12 туп қимматбаҳо дарахт рухсатномасиз кесиб, қўпариб ташланган. Экология қўмитаси ходимлари томонидан олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган зарар миқдори 351 миллион 230 минг сўмни ташкил қилган.
“Зарар миқдори кўплиги сабабли тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди. Навбат прокуратурага…”, деб ёзди Кушербаев.
Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси муносабатида
маълум қилинишича, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан 20 февраль куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида рейд тадбири ўтказилганда, Байналминал кўчаси 102А-уй манзилида жойлашган, "ПД Эстейтс" МЧЖ хусусий корхонасига тегишли ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилаётгани аниқланган.
Мазкур ҳудудда соғлом ўсиш ҳолатида бўлган жами 12 туп дарахт, шундан 9 тупи президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги фармонининг 2-бандига асосан муддатсиз даврга узайтирилган мораторий талабларига зид равишда, ҳеч қандай тегишли рухсатномаларсиз илдизи билан қўпориб олинган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди ҳамда табиатга 351 миллион 230 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисобланди.
Спот нашри Google Earth ёрдамида ушбу компания томонидан меҳмонхона ҳамда турар жой комплекси қурилиши учун ажратилган жойнинг сунъий йўлдош тасвирларини ўрганди. 2024 ва 2025 йиллардаги расмларни таққослаганда, ҳудудда дарахтлар сони камайганини кўриш мумкин.
Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабарига кўра, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0