Зўравонликка учраган аёллар давлат божидан озод этилади
Қонунчиликда болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар ишлаб чиқилди. Янги ташаббуслар болалар манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Мазкур қонун лойиҳасида болаларнинг жисмоний, интеллектуал ва маданий ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларнинг фаровонлигини жамиятда энг устувор қадрият сифатида белгилаш назарда тутилган. Шунингдек, бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро нормалар миллий қонунчиликка уйғунлаштирилмоқда.
Таъкидланишича, эндиликда болага тааллуқли ҳар қандай қарор унинг энг яхши манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. Боланинг соғлиғини сақлаш, шахсий дахлсизлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш асосий тамойил сифатида белгиланмоқда.
Қонунга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, бола ҳуқуқий муносабатларнинг шунчаки объекти эмас, балки мустақил ҳуқуқ эгаси сифатида эътироф этилади. Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳам шу асосда тегишли нормалар мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат органларининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан жабрланган аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш тизими кучайтирилади.
Янги тартибга кўра, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва болалар судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этилади. Улар учун махсус марказлар ташкил қилиниб, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилиши таъминланади.
Мутахассислар фикрича, мазкур қонун болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0