Болаларга қарши оғир жиноятлар учун умрбод қамоқ таклиф қилинмоқда
Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжатда болаларга нисбатан жинсий ва бошқа оғир жиноятлар учун жазони кескин кучайтириш, жабрланган болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кенгайтириш ҳамда педагоглар ва ота-оналар масъулиятини ошириш назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тақдим этилди. Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамованинг маълум қилишича, 2022–2025 йилларда 14 ёшга тўлмаган шахсларнинг номусига тегиш билан боғлиқ 445 та жиноят иши қўзғатилган. Жумладан, 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та ва 2025 йилда 123 та шундай жиноят иши қайд этилган.
Лойиҳада 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби ўта оғир жиноятлар учун узоқ муддатли ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклиф этилмоқда. Болаларга нисбатан айрим жинсий жиноятлар учун жазони умрбод қамоққача кучайтириш масаласи 2026 йил мартда қабул қилинган президент фармонида ҳам назарда тутилган эди.
Яна бир муҳим ўзгариш — боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноят содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли жавобгарликдан, шунингдек, жазони ижро этиш муддати ўтгани учун жазодан озод қилиш имкониятини чеклаш таклиф қилинмоқда.
Ҳужжатда жабрланган болалар иштирокидаги тергов ҳаракатлари тартиби ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Хусусан, зўравонликдан жабрланган вояга етмаганнинг кўрсатмаларини видеоёзувга олиш, уни гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан юзлаштиришни махсус тартиб асосида ўтказиш кўзда тутилган. Агар зўравонлик боланинг яқин қариндоши ёки қонуний вакили томонидан содир этилган бўлса, тергов ва суд жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш таклиф қилинмоқда. Бу механизмларни жорий этиш вазифаси аввалги президент ҳужжатларида ҳам белгиланган.
Шунингдек, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Бу орқали боланинг оиласи моддий имкониятга эга ёки эга эмаслигидан қатъи назар, малакали ҳуқуқий ёрдам олиш кафолатланиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида вояга етмаган шахсга қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказиш, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этишни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш, шунингдек, вояга етмаганни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазони кучайтириш ҳам таклиф қилинмоқда.
Педагоглар масъулияти ҳам кучайтирилиши мумкин. Таълим-тарбия жараёнида педагог болага нисбатан зўравонлик содир этган тақдирда, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш учун алоҳида ҳуқуқий асос яратиш назарда тутилган. Бундан ташқари, болани тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш учун маъмурий жазоларни кучайтириш таклиф этилмоқда. Шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёшига оид ҳуқуқбузарликлар учун санкцияларни ошириш масаласи президентнинг 2026 йил 3 мартдаги фармонида ҳам белгиланган.
Лойиҳа ташаббускорларига кўра, асосий мақсад фақат жиноят содир этилгандан кейин жазо бериш эмас, балки зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган боланинг тергов ва суд жараёнларида такроран руҳий жароҳат олишига йўл қўймаслик ҳамда унинг ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатли ҳимоя қилишдан иборат.
Ҳужжат бўйича Дания, Хорватия, Швеция, Швейцария, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Грузия ва Озарбайжон тажрибаси ўрганилган. Ташаббускорларга кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратилишини талаб қилмайди.







