Янги тартиб: меҳнатдаги бахтсиз ҳодисалар қандай текширилади?
Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни хабар қилиш, текшириш ва ҳисобга олишнинг ягона тартиби белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 505-сон қарори билан Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби ҳақидаги Низом тасдиқланди.
Янги Низом иш берувчилар ва ходимлар, меҳнат шартномаси расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганидан қатъи назар, ишга ваколатли мансабдор шахс томонидан қўйилган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, ҳужжат ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабалар ва ўқувчилар, белгиланган тартибда ходимларни ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар, ёлланиб ишлаётган чет эл фуқаролари ҳамда айрим фавқулодда ва ижтимоий зарур ишларни бажаришга жалб этилган ходимларни ҳам қамраб олади.
Ташкилотга қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишларни бажариш учун юборилган ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳам Низомнинг тегишли қоидалари қўлланилади. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар, ички ишлар, божхона, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ходимлари, судьялар ҳамда прокуратура органлари ходимлари учун эса махсус қоидалар инобатга олинади.
Янги тартибнинг асосий мақсади — меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни аниқлаш, улар ҳақида хабар бериш, текшириш ва ҳисобга олиш жараёнларини ягона ҳуқуқий асосга келтириш.







