ЎзА ва «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонасига тегишли биноларнинг айрим қисмлари бузилади – мутасаддилар
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги тегишли қарори билан Тошкент шаҳар, Буюк Турон кўчаси 41-уйда жойлашган «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси бинолари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилди. Бу жамоатчиликда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Куни кеча мавзу юзасидан сайёр матбуот анжумани ўтказилди. Баҳсли саволларга бой бўлган бу тадбирда Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарияти ҳамда Моддий маданий мерос агентлиги вакиллари мазкур бинолар бузилмаслиги, улар аукцион орқали сотилишини ваъда қилишди.
Жумладан, Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов шундай баёнот берди:
– Мазкур масала бўйича тузилган ишчи гуруҳ вазиятни обдон ўрганишди. Бу қадимий бино, тушунамиз, лекин ўта қаровсиз ҳолатда. Аммо шаҳар марказидаги бинони шунчаки бузиб юбора олмаймиз ҳам. Бу объектнинг рўйхатдан чиқарилишига яна бир сабаб – бир неча гектар жойда бир нечта бино бор. Айни пайтда асосан ишлаб чиқариш бинолари турибди. Журналистлар бир нарсани тушуниб олинг, биз буни хусусийлаштирилгандан кейин ҳам қонун бўйича маданий мерос объектлари рўйхатига киритишга ваколатимиз бор. Хусусан, ЎзА биносини Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун ҳаракатлар бошланган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ушбу бинолар 1979-1983 йилларда қурилган бўлиб, 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объэктлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объэктлари миллий рўйхатига киритилган.
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Анжуман давомида бу модда масъулларга қайта-қайта эслатилди.
Вазиятга Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Акмалхон Ортиқов қуйиагича муносабат билдирди:
– Бино ичкарисидаги ҳақиқий аҳволни кўрсангиз, тушунасиз. Жуда абгор аҳволга келиб қолган. Буни таъмирлаш учун давлатнинг жуда катта маблағи сарф этилиши керак. Айни пйтда эса хусусийлаштириш орқали бинолар обод бўлмоқда. Тадбиркор ўзи таъмирлаб, яна фойдаланишга топширилиши яхши эмасми?
Мутасадди журналистларнинг “Бинонинг тарихий қиёфаси сақланиб қолишига кафолат берасизми?” деган саволига шундай жавоб берди:
– Сотиш шартларида ўзгартирмасликни киритиб қўямиз. Мана шу шартномани бузиш, хусусийлаштириш шартини бузиш ҳисобланади ва шартнома амалга ошмаган саналади. Реконструкция қилинадиган бўлса, Маданий мерос агентлиги билан келишилади, – деди Ортиқов.
Масъул айтганчалик бўлса, унда бу ҳеч қайси тадбиркор учун жозибали таклиф бўлмайди.
Айни пайтда хусусийлаштириш учун аукцион эълон қилиб бўлинган. Ҳозирда талабгорларнинг таклифлари кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.
Ишонч.уз мухбири аввалги “Матбуот уйи”нинг кейинги тақдири билан ҳам қизиқди. Масъулларнинг айтишича, ушбу бино айни вақтда тўлиқ давлатнинг маблағлари эвазига таъмирланмоқда ва ишлар якунига етгач, ЎзАга ҳамда ва бошқа ОАВларга берилади.
Эслатиб ўтамиз, собиқ ДХХ биноси ҳам аввалига маданий мерос миллий рўйхатидан чиқарилиб, сўнг бутунлай бузилганди. Илмий манбаларда келтирилишича, ДХХ биноси энг зўр архитекторлар томонидан қурилган. Мана шундай тарихий бино ҳам масъулларнинг “бузилмайди”, деб берган баёнотидан сўнг, кўп ўтмай, бутунлай йўқ қилинган эди.
Журналист: Феруза Раҳимова,
Тасвир ва монтаж: Диёр Ғаниев







