Валюта UZS
  • USD

    12 275.58-11.73

  • EUR

    14 591.98-52.04

  • RUB

    159.090.26

+7C

+7C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+7c

  • Hozir

    +7 C

  • 23:00

    +7 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 13-February

+7C

  • Hozir

    +7 C

  • 23:00

    +7 C

  • Juma, 13

    +7 +20

  • Shanba, 14

    +11 +20

  • Yakshanba, 15

    +12 +20

  • Dushanba, 16

    +11 +20

  • Seshanba, 17

    +10 +20

  • Chorshanba, 18

    +13 +20

  • Payshanba, 19

    +14 +20

  • Juma, 20

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

ЮЗ МИНГ КИШИ ОРАСИДАН ТАНЛАНГАН ОДАМ

ёхуд қартабоз қайнота-қайнона ва келин-куёвлар кўпаяётгани ростми?
Жамият
269 12:45 | 12.02.2026 12:45

Қўл телефонимга «+99855...» кодли турли рақамлардан тез-тез қўнғироқ бўлиб туради. Унинг тугмачасини босишим биланоқ нотаниш киши турли маҳсулотларини, кўрсатадиган хизматлари ёки аллақандай ўқув марказидаги тил ўргатиш курсларини реклама қила бошлайди. Мен таклиф этилаётган хизматларга эҳтиёжим йўқлигини эслатиб, алоқани узаман. Аксарияти ҳурматини билиб, қайта безовта қилмайди. Бироқ тўрт-бешта компаниянинг сурбет вакиллари борки, иш вақтими, кечаси ё дам олиш куними – уларга фарқи йўқ. Ўзлари хоҳлаган пайтда қайта-қайта телефон қилиб, рекламасини тиқиштира бошлашади.


Келинг, аввало, ҳар гал алоқани «Тошкент шаҳар соғломлаштириш марказиданмиз» деган бир хил гапни айтиб бошлайдиган «Лисали»(?!) компанияси оператори билан мулоқот ҳамда шу боис ўтказилган кичик суриштирув ҳақида тўхталайлик. Ушбу муассаса вакиллари қарийб бир йил мобайнида бот-бот қўнғироқ қилавериб, каминани жуда кўп безовта қилишди. Кейин билишимча, биргина мен эмас, рақами қандайдир сабабларга кўра ўша марказнинг компьютер базасига тушган бошқа ҳамюртларимиз ҳам бундай ҳолатларга кўп марталаб дучор бўлишган экан.


Хўш, компаниянинг асл муддаоси нима?


Айтишларича, мен телефон рақамим юз мингта рақам ичидан танланган омадли мижоз эканман. Натижада уларнинг малакали мутахассисларидан ўндан ортиқ касалликлар бўйича телефон орқали бепул маслаҳат олиш ҳуқуқига ва соғломлаштирувчи маҳсулотлари хариди учун 50 фоизлик чегирмага эга бўлибман. Бинобарин, менда улар санаб ўтган бирор хасталик бўлса, дарҳол дардимни айтиб, имкониятдан фойдаланиб қолишим керак эмиш. «Рақамимни қаердан олдингиз?» деган саволимга эса, «Соғлиқни сақлаш вазирлигидан!» дея жавоб қилишди.



Хуллас, ҳар сафар турли рақамлар орқали безовта қиладиган компания ўз хизматини таклиф этишдан, мен эса уларнинг рақамларини «қора рўйхат»га тиркашдан чарчамадим. Вақти-вақти билан интернетдан ушбу компания фаолиятига оид маълумотларни излаб кўрдим. Youtube тармоғида «Lisali tabiiy mahsulotlari» номли канал очилган, бор-йўғи тўрт нафар обуначига эга саҳифага икки йил аввал иккитагина видеоматериал жойлаштирилган экан. Уларда соғломлаштириш маркази операторлари учун ўтказилган консультация жараёни акс этган. Масалан, бизнес-тренерлардан бири (эҳтимол, шу ташкилотнинг раҳбаридир) даврада ўтирган олти нафар операторга мижозлар билан телефонда қандай гаплашиш лозимлигини ўргатиб, уларга таъсир ўтказиш орқали маҳсулотларига буюртмалар сонини ошириш усуллари бўйича тушунчалар беради. Унга кўра, мижознинг касаллиги номини, албатта, дафтарга ёзиш, беморга компания маҳсулотлари соғайишига ёрдам беришини ишонарли тарзда тушунтириш зарур.


Видеолавҳада одамлар билан «Чегирмангиздан фойдаланасизми?» дея бўш-баёв, илтимоснамо оҳангда эмас, балки «Сизга чегирма тушган экан. Шу боис қўнғироқ қиляпман. Саломатлигингизда қандайдир муаммолар борлиги тўғрими?» дея аниқ-тиниқ ва ишонч билан «Маҳсулотни жўнатаяпман, манзилингизни айтинг!» дея дадил-дадил суҳбатлашиш даркорлиги уқтирилади. Тасвирий лавҳани теран таҳлил қилсангиз, ундан кўзланган мақсад битта – содда одамларни қармоққа илинтириш ва бир амаллаб ўз маҳсулотларини пуллаш эканлигини тушуниб оласиз. Афтидан, иш жараёни билан боғлиқ ва ички сирлар акс этган ушбу видеолар «соғломлаштириш маркази» вакиллари томонидан англашилмовчилик туфайли тармоққа жойланган ва уни ўчириш ёддан кўтарилган.


Энди асосий муддаога ўтайлик. Бу ва унга ўхшаш тадбиркорлик субъектлари фуқароларга тегишли телефон рақамларини эгаларининг рухсатисиз қаердан олишяпти? Улар одамлар саломатлигини гаровга қўйиш эвазига юритаётган тадбиркорлик фаолияти жорий қонунларимиз талабларига нечоғлиқ жавоб беради? Очиқ манбаларга кўра, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида рўйхатдан ўтган «Lisali» масъулияти чекланган жамияти фаолияти озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг ихтисослашмаган улгуржи савдосига мўлжалланган.


Шундай экан, МЧЖ операторлари одамларга қўнғироқ қилиб, турли касалликлардан даволаниш бўйича маслаҳатлар беришга ва маҳсулотларини реклама қилишга қай даражада ваколатли? Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатни, албатта, ўрганиб чиқиши шарт. Чунки орамизда муайян касалликдан шифо топиш умидида юрган ва бировларнинг ёлғон гапларига ишониб, чув тушиб қолиши мумкин бўлган кишилар ҳам кўп.


Умуман олганда, бугун турли тоифадаги тадбиркорлик субъектларининг юқоридаги каби телефон қўнғироқлари воситасида ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали йўлга қўйган рекламалари устидан жиддий назорат ўрнатиш, бу ишларни тартибга солиш вақти аллақачон келган. Чунки охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда ушбу йўналишдаги қонунчилик талабларига хилоф, энг ёмони, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга зид рекламалар ёввойи қўзиқориндек тобора кўпаймоқда.


Даъволаримиз қуруқ бўлмаслиги учун мисоллар келтирсак. Ижтимоий тармоқларда «1mittivine» номи остида видеолавҳалар улашадиган блогерлар жамоаси бор. Улар турли хизмат ёки маҳсулотлар рекламаларини ўзлари ижросидаги қисқа роликларга усталик билан сингдириб юборишади. Масалан, биттасининг сюжети қуйидагича: ота, она, ўғил, келин чорпояда ўтириб ва жуфт-жуфт бўлиб, қарта ўйнашади. Ютқазган жуфтлик ғолиб томон айтган шартни бажаради. Бир гал ўйинни бой берган қайнота-қайнона келиннинг талабига кўра, қудасининг уйига бориб «Сизларни ёмонлаган, ҳақоратлаган жойларимиз бор, узр сўраймиз», деб эгилиб-букилиб таъзим қилишади. Кейинги сафар мағлуб бўлган келин маҳалла бўйлаб яёв юриб, «Мен бефаросат, қайнота-қайнонасига қарамайдиган келинман», дея қичқиради. Ортидан келаётган куёв эса, баланд овозда такрор-такрор «Мен хотиннинг қулиман, у чизган чизиқдан чиқмайман», дейди. Катта кўча бошида уларни завқ билан кузатаётган ота-она эса чанқовбосдига табиий меваларнинг соф таъми сақланиб қолган ноёб ичимлик – «Micco» шарбатини симириб ҳузурланишади.


Тармоқларни титкилаб кўрсам, «Қиморбозлар оиласи» лавҳаларининг бошқа сериялари ҳам бор экан. Аниқроғи, қартада ютқазган ота-ўғил ғолиб томон – она ва келиннинг талабига биноан, «Юксалиш» номи остидаги маиший техника дўконига келиб, чегирмадан фойдаланган ҳолда турли буюмлар харид қилишар экан. Эҳтимол, асл мақсади фақат томошабинни кўпайтириш ва пул топишдан иборат бу жамоа аъзолари ўзлари билган-билмаган ҳолда, ғирт шармандагарчиликни тарғиб қилишаётганига, миллат ёшлари маънавиятини емиришаётганига фаросатлари етмас, аммо рекламаларга буюртма берган ишлаб чиқарувчилар ва «Юксалиш» дўкони таъсисчилари учун уят, орият, оилавий қадрият, ўзбекона маданият тушунчалари бегонами?


Оила даврасида ўтириб, қартабозлик қилиш қачондан бери оддий ҳолга айланиб қолди? Муайян бизнесни тарғиб қилиш ниятида бундай ақлга сиғмайдиган, зўрма-зўраки кўринишларни саҳналаштириб, оммага ёйиш миллатга нисбатан душманлик эмасми? Бу лавҳаларни сон-саноқсиз кишилар томоша қилишяпти.


Масалан, инстаграмда ушбу ижрочилардан ҳар бирининг 1 миллиондан зиёд обуначилари бор ва бояги реклама ҳар бир саҳифада айланиб ётибди. Минг афсуски, бу ягона ҳолат эмас. Фейсбук тасмасида тез-тез чиқиб турадиган айрим меҳмонхоналарга чорлов мақсадида олинган лавҳаларни кузатсангиз, миллийликдан йироқ либосларда кўриниш берган қизлар сўз бораётган манзилдаги шарт-шароитларни мақташ асноси бу ерга келиш учун биргина паспорт етарли эканига, жуфтликлар «без ЗАГС» ҳам битта хонадан жой олишлари мумкинлигига урғу бермоқдалар.


Мазкур тармоқдаги «Astoria», «Jontowr», «Marco Polo» каби ўнга яқин меҳмонхоналар рекламаларида шу янглиғ миллий маданиятга зид, оилавий-ахлоқий қадриятларни зимдан емиришга хизмат қиладиган лавҳаларга кўзингиз тушади. Бу нима, исталган эркак хоҳлаган аёлини қўлтиқлаб келиб, дам олиб кетиши мумкин, меҳмонхона пулини тўласа кифоя, деганими? Воажабо!.. Ёдингизда бўлса, бундан сал олдин контентларга нисбатан «маънавият экспертизаси» қўлланилиши ҳақидаги таклифлар муҳокама марказига чиққан эди. Ўшанда кўпчилик «Бу – сўз ва ижод эркинлигини чеклаш!» дея айюҳаннос солди.


Бироқ улар истаган одам оғзига келган гапни айтаётганини, ўзига маъқул бўлган кўрсатувни ижтимоий тармоқларда намойиш қилаётганини, ҳаммасиданам ачинарлиси, миллионлаб ёшларни маънавий таназзул сари етаклаётганини ўйлаб кўришганмикан? Бизнингча, кун тартибидаги мавзу ҳам қонунчилик, ҳам маънавий-ахлоқий жиҳатидан тизимли равишда таҳлил қилиниб, кескин чоралар кўрилиши зарур.


Ўйлаймизки, бу мавзу республика Маънавият ва маърифат марказининг кенгайтирилган йиғилишларида ҳам асосий масалалардан бирига айланади ва амалий ишлар бошланади. Ахир, донолар билиб айтишганидек, шаҳар бедарвоза эмас-ку!..


Нурилло НЎЪМОНОВ
«ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 5873 16:57 | 05.08.2023