Yandex такси: мижоз ҳамиша ҳақ(ми)?
Танишим билан бир жойга борадиган бўлиб, уйи яқинида кўришдик. Йўл-йўлакай борадиган бўлсак, манзилга ҳали бери етолмаслигимиз аниқ эди. У Yandex иловаси орқали такси чақиришимни сўради. Чақирдим. Шу онда унинг уйидан қўнғироқ бўлиб, бирровга киришини сўраб қолишди. У менга: “отказ”ни босворгин, сал туриб чақирамиз, деди-ю, шошилганича уйига кириб кетди. Ҳайдовчи деярли етиб келган эди. Ичимда ҳайдовчига раҳмим келса ҳам, ноиложликдан буюртмани бекор қилдим.
Бугун такси керак бўлса, 24 соат давомида кўчада қолмайсиз. My Taxi, Yandex Go, Uklon, Online Taxi.uz каби иловалар орқали исталган турдаги таксини ўзингиз танлаб, бемалол буюртираверасиз. Айни пайтда ҳатто чекка қишлоқларга борсангиз ҳам, махсус тўртта рақамни терсангиз бас, такси шундоққина оёғингиз тагига етиб келади. Улар ичида энг кўп фойдаланиладигани – бу Yandex такси платформаси. Бу тизим маҳаллий таксопарклар ҳамда диспетчерлик марказлари орқали ишлайди. Тез ва хавфсиз хизмат учун юқори рейтингли ҳайдовчиларга афзаллик берилади.
Бу қулайликлардан албатта ҳайдовчи ҳам, мижоз ҳам манфаатдор. Бироқ, тизимда оғриқли нуқталар ҳам йўқ эмас. Биз баъзи ҳайдовчиларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
Улуғбек, Тўрабоев, ҳайдовчи (Тошкент вилояти):
– Ўзим Тошкент вилоятида яшайман, иш жойим Тошкент шаҳрида. Кунлик ёқилғи ва машинанинг баъзи харажатларини қоплашим керак, шунинг учун ҳар куни ишдан чиқиб, 2-3 соат “Yandex”да ҳайдовчилик қиламан. Ҳар хил мижоз учрайди. Чақирилган манзилга эндигина етиб борганингизда буюртмани бекор қилиб юборадиганлари ҳам бор. Сабрсизликлари туфайли ҳатто 5 дақиқа кутишни исташмайди. Шундай кунлар ҳам бўладики, 4-5 марталаб ҳам буюртма бекор қилинади. Тирбандликлар, сарфланган ёқилғи, кетган вақтингиз уларни умуман қизиқтирмайди. Лекин яна буюртма бермоқчи бўлса, энди нарх бироз қимматлашади ва такси ундан ҳам узоқроқ вақтда келиши айтилади. Мана шунгаям эътибор қилишмайди. Иловада бекор қилиш сабаблари бор. Уларнинг барчаси мижоз манфаатига хизмат қилади. Мижознинг буюртмани сабабсиз бекор қилгани учун қандайдир чора қўллашга зарурат бор.
Жавоҳир Эргашев, ҳайдовчи (Тошкент шаҳри):
– Мен ҳам кўплар қатори Yandex илова орқали киракашлик қилиб тураман. Шу ишга бош қўшганимдан буён айрим мижозларни деб асабларим чарчайдиган бўлиб қолди. Йўлларда тирбандликлар кўп. Мана шу ҳам мижоз чақирганда вақтида етиб боролмасликнинг асосий сабаби. Баъзан Yandex харита тўғри ишламайди, жой координатларини нотўғри кўрсатиши оқибатида умуман бошқа ёки боши берк кўчаларга ҳам олиб кириб қўяди. Айланиш оқибатида ҳам вақт йўқотилади. Сабри чидамаган мижоз буюртмани бекор қилади. Етиб бори, мижозни кутиб турган вақтингизда ҳам бекор қиладиганлари бор. Бунақа вазиятда ҳайдовчига зарар пулини у тўлаши керак. Лекин бизда бу қоида “ишламайди”. Шундай мижозлар бор, улар ҳудди машинани ҳайдовчиси билан бирга сотиб олгандек ўз хизматкори каби муомала қилади. Нимадир десангиз, устингиздан илова орқали шикоят қилишади. Менинг фикримча, қўпол муомала учун нимадир чора ўйлашса яхши бўларди. Кейин Yandex такси хизмат ҳақи нархини бироз кўтариш керак.
Обид Раҳмонов, ҳайдовчи(Тошкент шаҳри):
– Мен Россияда нақ 3 йил Yandex такси ҳайдаганман. У ерда мижоз буюртмани сабабсиз бекор қилса, асосан мижознинг картаси иловага уланган бўлганлиги учун жарима ечиб олинади. Лекин қўпол гапирса, сиз гапиролмайсиз, “жалоба” ёзворади, вассалом. Бизнинг халқимизда андиша, кўнгилчанлик деган нарсалар бор, ҳартугул. Агар бизда ҳам мижозларнинг карталари иловага уланган бўлганида, анчагина муаммоларнинг олди олинган ва керак бўлса, “энг яхши мижоз” рейтингини ҳам юритса бўларди. У ерда эса, муҳит умуман ўзгача. Ҳозир Тошкент шаҳрида шу илова орқали ишдан ташқари кира қилиб тураман. Мен асосан мижозлар билан муомалада турли муаммоларга дуч келаман. Ё одамлар борган сари инжиқ, “сиркаси сув кўтармайдиган” бўлиб кетяпти, ёки мен борган сари асабий бўлиб қоляпман, ҳеч тушунолмаяпман.
Отабек Исроилов, мижоз (Тошкент вилояти):
– Мен илова орқали машина чақирганимда ҳайдовчи бошқа томонга йўналиб кетган ёки бир жойда 10 дақиқагача турган вақтлари ҳам бўлган. Бир сафар буюртма қилганимда эса, таксини кутишга сабрим чидамай, бекор қилиб юбордим. Кейин яна чақирдим. Бу сафар бироз қиммат нарх чиқди ва аввалгидан ҳам узоқроқ муддатда келиши кўрсатилди. Жаҳл билан яна бекор қилдим. Бошқа чақирдим. Шундай қилиб, 7-8 марта қайта буюртма қилаверганимда илова орқали мен блокланганимни билганман. Уч кунгача Yandexдан ҳеч қандай машина чақира олмаганман. Ҳозир бундай иловалар бир нечта. Мен истаганимдан буюртма қилишим мумкин. Бу – рақобат. Баъзи мижозлардан нолийдиган ҳайдовчилар шуни ҳам ҳисобга олишсин. Ҳа айтганча, менинг картам Яндексга уланмаган. Бунга сабаб, аксарият ҳайдовчилар нақд пул кўринишида ҳисоб-китоб қилинишини маъқул кўришади.
Бир сўз билан айтганда, бу бир йўналишда муҳокама қилиб бўлмайдиган ва якуний хулосага келиб бўлмайдиган, анчайин бахсли мавзу. Бир нарса аниқки, буюртма кечикишига йўллардаги тирбандликлар ҳам сабабчи. Афсуски бу кўпчилик бонг урадиган мавзу ва бу масала мамлакатимизда ўз ечимини топмаётган муаммолардан бири.
Юқоридаги ҳайдовчилар фикридан келиб чиқсак, агар мижознинг картаси тўлиқ иловага уланганида, эҳтимол сабабсиз буюртмани бекор қилишлар, ҳайдовчини сарсон қилишлар камаярмиди. Яна бир гап. Yandex ва бошқа платформаларда ҳайдовчилар рейтинги юритилиб, бу унинг келгусидаги буюртмаларига таъсир қилар экан, нима учун бу жараённинг бевосита иштирокчиси бўлган – мижозлар рейтинги ҳам юритилмайди?
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0