Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси жавобгар корхона томонидан берилган шикоятни рад этди.
Маълум бўлишича, фуқаро Мирзажон Очилпўлатов 2022 йил 4 июль куни «Барака Тош Қум» МЧЖдаги ишлаб чиқариш жараёнида бахтсиз ҳодисага учраган. Оқибатда чап қўли оғир жароҳатланган ва тиббий хулосага кўра, меҳнат қобилиятининг 55 фоизини йўқотган.
Шундан сўнг даъвогар корхона устидан судга мурожаат қилиб, моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўради.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2025 йил 23 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилди. Яъни жавобгар «Барака Тош Қум» МЧЖдан ходим фойдасига 78 миллион 532 минг сўм компенсация, 13 миллион 446 минг сўм моддий зарар, 25 миллион сўм маънавий зарар ҳамда 5 миллион сўм адвокат харажати ундирилиши белгиланди. Шунингдек, корхона зиммасига даъвогарга ҳар ойда 522 минг 648 сўм миқдорида тўловни амалга ошириб бориш мажбурияти юклатилди.
Жавобгар корхона ушбу қарордан норози бўлиб, апелляция, кейинчалик тафтиш тартибида шикоят киритди. Бироқ тафтиш инстанцияси аввалги суд қарорлари қонуний ва асосли қабул қилинган, деган хулосага келиб, шикоятни қаноатлантирмади.
Албатта, пул аччиғи – жон аччиғи. Шу боис иш берувчи анча вақтгача компенсация, моддий ва маънавий зарарни тўлашни хоҳламади. Ҳолбуки, меҳнат қонунчилигига кўра, иш берувчи хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитини яратиши шарт. Агар ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, ходимнинг соғлиғига путур етса, етказилган моддий ва маънавий зарар қонун доирасида тўлиқ қопланиши керак.
Мирзанозир ҚОРАБОЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Наманган вилояти кенгашининг меҳнат техник инспектори




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0