Солиқдан қарзи борларга “свет” чекланадими? Наманганда янги тажриба бошланмоқда
Наманган вилоятида янги эксперимент доирасида электр абонентлари ва солиқ тўловчилар маълумотлари ўзаро мувофиқлаштирилди.
2026 йил 16 апрелдан бошлаб тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарзи 1 миллион сўмдан ошган тақдирда, уларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини чеклаш тартиби жорий этилади.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, ушбу тизимни жорий этиш жараёнида кўплаб номувофиқликлар аниқланган. Жумладан, уй эгаси бошқа шахс, электр абоненти эса бошқа шахс номида бўлган ҳолатлар кенг тарқалган.
Шу муносабат билан электр тармоқлари, кадастр, солиқ органлари ва маҳалла вакиллари ҳамкорликда жойларда ўрганишлар ўтказиб, маълумотларни тўғрилаш ишларини амалга оширди. Натижада, ҳозиргача ҳолатларнинг 96 фоизи тартибга келтирилди. Қолган қисми бўйича ишлар давом этмоқда.
Таъкидланишича, 1 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзига эга фуқаролар, одатда, 2-3 йил давомида тўловларни амалга оширмаган бўлади. Чунки мол-мулк ва ер солиғи йил давомида икки марта – 15 апрель ва 15 октябрга қадар тўланади.
Ушбу тартиб айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга татбиқ этилмайди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар (1 ва 2-гуруҳ), боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар бундан мустасно.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0