Эпли аёл ёки 10 сотих ердан 180 миллион сўм даромад олиш сири
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Туёқли” маҳалласида яшовчи Назира Шермонованинг ҳовлисида умумий майдони 10 сотихни ташкил қиладиган 4 та иссиқхона бор. Ушбу ердан 4 марта ҳосил кўтарилмоқда. Мавсумга кўра, етиштирилаётган помидор, бодринг ва редиска оила бюджетига 180 миллион сўм қўшилишига хизмат қилаётир.
Ҳаммаси 2023 йилда Назира Шермонованинг турмуш ўртоғи имтиёзли кредит олиб, 3 сотих ерда иссиқхона қуришидан бошланган. Кўп ўтмай улар қарздан қутилиб, олинган фойда ҳисобидан яна 3 та иссиқхонани бунёдга келтиришди.
– Томорқадан топганимизга 3 қиз узатиб, ўғлимизни уйлантирдик, – дейди Назира Шермонова. – Ўтган йили “Ласетти” олдик. Ҳамма егулик еримиздан чиқади. 680 уйли маҳалламизда 420 та иссиқхона бўлиб, 80 фоиз аҳолининг даромади томорқадан.
“Туёқли”да бу йил баҳорда 6 гектар майдонда яна 106 та 5 сотихлик иссиқхона юзага келтирилади. Қиймати 2 миллиард 200 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳани республика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиялаштиряпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ
ISHONCH.UZ




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0