Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси аъзоларидан иборат делегация юртимизда

Делегация Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси расмийлари билан режалаштирилган учрашувлар аввалида пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев миллий боғида бўлишди.

Тошкентнинг марказида жойлашган сўлим боғ куз ҳавосида ҳар қачонгидан ҳам файзли. Бу ерда ўзаро суҳбат қуриб ўтирган қадрдонларни, шу атрофдаги маҳалла болаларининг сайр қилиб юрганини ҳам кўрасиз. Давлатларимиз байроқлари ҳилпираб, гўё меҳмонлар келишини шарафлаётгандек.


Мамедов Соҳиб Али ўғли бошчилигидаги делегация Озарбайжон халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ташриф давомида икки мамлакат касаба уюшмалари фаолияти, санаторий-курорт тизими ва туризм йўналишларида тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Бундан ташқари, меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар билан танишиб, ўз мамлакатлари тажрибаси билан ҳам ўртоқлашади.
Гул қўйиш маросими эса Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамжиҳатликнинг рамзий ифодаси сифатида ташриф дастурига алоҳида мазмун бағишлади.
Зебо Намозова
Ishonch.uz







