Тиббиёт муассасаларида истеъмолчилардан 934 миллион сўм асоссиз ундирилгани аниқланди

08:59 | 17.10.2026
•
99
Тиббиёт муассасаларида истеъмолчилардан 934 миллион сўм асоссиз ундирилгани аниқланди
Катталаштириш

Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан аҳолига кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши ва қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси

7 та тиббиёт муассасасида 2023–2026 йиллардаги пуллик тиббий хизматлар нархлари таҳлил қилинди. Айрим муассасаларда солиқ имтиёзларига қарамасдан фойда солиғи хизматлар таннархига киритилгани ва хизматлар нархи белгиланган тарифлардан оширилгани маълум бўлди.

Натижада истеъмолчилардан 331,7 миллион сўм асоссиз даромад олинган. 6 та тиббиёт муассасасига нисбатан иш қўзғатилиб, маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди. Яна бир муассасага нархлар калькуляциясини қайта кўриб чиқиш юзасидан хат киритилди.

Кўрилган чоралар натижасида айрим пуллик тиббий хизматлар тарифлари ўртача 16,22 фоизга пасайтирилди.

Самарқанд вилояти

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалидаги ўрганишлар давомида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 239-сон ва 722-сон қарорлари билан тасдиқланган низомлар талаблари бузилиши оқибатида истеъмолчиларга 302,2 миллион сўм ортиқча ҳисобланган.

Филиалга қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.

Сирдарё вилояти

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалида 2025 йилда қарийб 4 790 нафар истеъмолчидан 76 миллион сўмдан ортиқ асоссиз даромад олингани аниқланди.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий филиалида пуллик хизматлар нархини шакллантиришда билвосита харажатларни қайта тақсимлаш коэффициенти белгиланган 38,2 фоиз ўрнига 47,4 фоиз миқдорида қўлланилган. Бу меъёрнинг 9,2 фоизга оширилганини англатади.

Оқибатда 2024–2025 йилларда истеъмолчилардан 300 миллион сўмга яқин маблағ ортиқча ундирилган.

Қонун талаблари бузилгани юзасидан филиалларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, ортиқча ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади