Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзаро маданият кунларини ўтказишга келишилди

Мамлакатнинг тарихий-маданий мероси унинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Хусусан, юртнинг бой маданияти, буюк алломаларининг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳамда кўп асрлик тарихини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу мақсадда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда «Россия» миллий маркази ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда 2027–2030-йилларда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон ва Россиянинг ўзаро маданият кунлари концепцияси муҳокама қилинди. Учрашув якунида томонлар ўртасида тегишли меморандум имзоланди.

Мазкур концепцияга кўра, «Россия» миллий маркази павилонида «Ўзбекистон кунлари» ташкил этилиши, шунингдек, Тошкент шаҳрида Россиянинг музей ва кўргазма лойиҳалари намойиш этилиши режалаштирилган. «Ўзбекистон кунлари» доирасида мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, бугунги Ўзбекистонда маданий меросни асраш, ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг намойиш этилади.
«Ўзбекистон ва Россия халқларини асрлар давомида шаклланган тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туради. Ўзаро маданият кунлари бу меросни янги авлодга етказиш ва музейшунослик соҳасидаги тажрибамизни баҳам кўриш учун муҳим имконият бўлади», — деди Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.
Учрашув ва матбуот брифинги келгуси йилларда амалга оширилиши кўзда тутилаётган йирик халқаро маданий тадбирларга тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, музейшунослик соҳасидаги тажрибасини намойиш қилиш ҳамда маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
«Ўзбекистоннинг бой меросини Москва жамоатчилигига тақдим этишдан мамнунмиз. 2027 йилги ўзаро маданият кунлари икки мамлакат ўртасидаги маданий мулоқотни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз», — деди "Россия" миллий маркази директори Наталя Виртуозова.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзаро маданият кунларини ташкил этиш ташаббуси икки халқнинг тарихий-маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, миллий меросни кенг тарғиб қилиш ва музейлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим имконият яратади. Режалаштирилаётган кўргазма ва маданий лойиҳалар орқали икки мамлакат жамоатчилиги бир-бирининг тарихи, маънавий қадриятлари ва маданий ютуқлари билан янада яқиндан танишиш имконига эга бўлади.







