Нега тарихий экспонатлар фестивали ўтказилмайди?

Одатда музейларда байрамлар, муҳим саналар, турли акция ва челленжлар доирасида кўпроқ тарихий ашёлар кўргазмага қўйилади. Аммо минг йиллик тарихни ўзида мужассам этган ноёб экспонатларни кенг оммага намойиш этиш, уларнинг қадри ва аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган йирик фестиваль ёки тадбир ташкил этилмайди.
Самарқанддек бой тарих ва маданий меросга эга ҳудудда эса бундай ташаббус учун имконият ҳам, тарихий асос ҳам етарли. Дунёга машҳур Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда, Имом Бухорий мажмуалари каби тарихий масканлар нафақат сайёҳларни жалб қилади, балки ўтмишимизнинг бетакрор саҳифаларини ҳам намоён этади.
Хўш, нега миллий тарихимиз, аждодларимиз ҳаёти ва маданиятидан ҳикоя қилувчи, умуман, тарихдан дарак берувчи ашёлар ана шундай диққатга сазовор масканларда фестиваль қилиб, кенг жамоатчиликка намойиш этилмайди? Масалан, Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи таркибида 11 та музей, 3 та тарихий обида ва 2 та кўргазма зали фаолият юритади. Уларда вилоят бўйича 240 мингга яқин экспонат сақланади. Шулардан икки мингдан зиёди Темурийлар даврига тегишли. Бу рақамлар ортида қанча тарих, қанча сир-синоат ва ҳали кенг оммага маълум бўлмаган маълумотлар бор. Агар ана шу бойликлар муайян мавзу ва даврлар кесимида фестиваль доирасида намойиш этилса, бу нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳлар учун ҳам катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
Тасаввур қилинг, Регистон майдонида Темурийлар даврига оид тарихий ашёлар кўргазмаси ташкил этилса, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек давридаги ҳаёт, илм-фан, ҳунармандчилик, меъморчилик ва маданият ҳақида махсус экспозициялар намойиш қилинса. Музей мутахассислари, тарихчилар ва олимлар иштирокида очиқ мулоқотлар, маърузалар, маҳорат дарслари ўтказилса. Бу оддий кўргазма эмас, балки тарихни кўриш, ҳис қилиш ва англаш имконини берадиган ўзига хос маданий тадбирга айланарди. Бундай фестивалларни фақат битта тарихий давр билан чеклаб қўймаслик ҳам мумкин. Мисол учун, «Темурийлар мероси», «Самарқанд — Буюк ипак йўли чорраҳасида», «Қадимий тангалар ва заргарлик буюмлари», «Аждодлар мероси» каби мавзуларда мунтазам тадбирлар ўтказиш мумкин. Уларда археологик топилмалар, қадимий қўлёзмалар, тангалар, кийим-кечаклар, маиший буюмлар, қурол-аслаҳалар ва санъат намуналари алоҳида йўналишлар бўйича намойиш этилади. Албатта, ноёб ва қимматли экспонатларни очиқ майдонларда намойиш этишда уларнинг сақланиши, хавфсизлиги ва муҳофазаси биринчи ўринда туриши керак. Шу боис бундай тадбирлар музейлар ҳамда маданий меросни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда, белгиланган талаблар асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.
Яна бир эътиборли жиҳатни айтиш жоиз, фестиваль доирасида аҳоли ўртасида тарихий меросни асрашга қаратилган ташаббусларни йўлга қўйиш мумкин. Хонадонларда сақланаётган қадимий буюмлар, оилавий архивлар, фотосуратлар, ҳужжатлар ва бошқа тарихий ашёларни аниқлаш, улар ҳақида маълумот тўплаш, эгаларининг розилиги билан музейларга кўргазма учун тақдим этиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда музей фондига қабул қилиш керак. Бу орқали соҳа мутахассисларга ҳам маълум бўлмаган кўплаб тарихий далиллар аниқланиши мумкин. Энг муҳими, бундай фестиваллар фуқаролар, айниқса, ёш авлоднинг музейларга бўлган қизиқишини оширади. Зеро, тарихни фақат дарсликлардан ўқиш ёки интернет орқали билишнинг ўзи кифоя эмас. Аждодларимиз фойдаланган буюмларни кўриш, уларнинг қандай мақсадда ишлатилгани, қайси даврга тегишли экани ва қандай тарихий жараёнлардан дарак беришини мутахассислардан эшитиш ёшларда ўтмишимизга нисбатан ҳурмат ва қизиқишни кучайтиради.
Бундан ташқари, тарихий экспонатлар фестивали Самарқанд каби тарихий масканларнинг туристик жозибадорлигини ошириш, сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва туризм хизматлари кўламини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Чунки сайёҳлар учун фақат тарихий обидаларни томоша қилиш эмас, балки уларнинг тарихи, бугунги музейларда сақланаётган моддий далиллари билан яқиндан танишиш ҳам муҳим. Кейинги вақтда ҳудудларда таомлар, ширинликлар, ичимликлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқа йўналишларда фестиваллар ўтказилмоқда. Албатта, бундай тадбирларнинг ҳам ўз ўрни бор, лекин нега минг йиллик тарихга эга тарихий меросимизни, аждодларимиз қолдирган ноёб ашёларни тарғиб қилувчи йирик фестиваль ташкил этилмайди? Ахир тарихий экспонатлар оддий эски буюм эмас. Уларнинг ҳар бири муайян давр, инсонлар ҳаёти, маданияти, илм-фани ва тараққиётидан дарак берувчи жонли далилдир. Уларнинг қадрини фақат музей витринасида сақлаш билан эмас, балки мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш орқали ҳам ошириш мумкин.
Таклифим - Самарқандда анъанавий тарихий экспонатлар фестивалини ташкил этиш ташаббусини кўриб чиқиш керак. Балки бу фестиваль Самарқанднинг яна бир ўзига хос маданий брендига айланар. Энг муҳими, биз тарихимизни фақат ўтмиш сифатида эслаш билан чекланмай, уни келажак авлодга етказиш учун ҳам муносиб қадам ташлаган бўламиз. Бу борада туризм ва маданий мерос соҳаси масъуллари нима дейди, сиз-чи?
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.







