"Ғишткўприк" божхона пости янги қиёфада
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги "Ғишткўприк" ва "Жибек жоли" чегара божхона постларининг янги бино ва иншоотлари фойдаланишга топширилди.

Қарийб 35 йиллик тарихга эга бу пост реконструкция қилиниб, ҳудуди 6 гектардан 9 гектарга кенгайтирилди. Фуқаролар учун 8 та ўтиш йўлаги, енгил автомобиллар назорати учун 18 та йўлак ва 200 та транспорт воситасига мўлжалланган тўхташ жойи ташкил этилди.

Пост замонавий назорат ускуналари, жумладан, рентген аппаратлари, Body Scanner, радиацион мониторлар ва кузатув камералари билан жиҳозланди. Шунингдек, назорат жараёнларини тезлаштириш мақсадида "Smart Customs Border" тизими жорий этилди.

Натижада постнинг бир кундаги ўтказувчанлик қуввати 100 минг нафар фуқаро, 3 мингта енгил автомобиль ва 400 та автобусга етказилди.
Маълумот учун, 2026 йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистондан Ўзбекистонга 2,7 миллион нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюрган. Бу даврда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 4,4 миллиард долларни ташкил этган.







