Чорва озуқаси харажатининг 10 фоизи қоплаб берилиши мумкин
2027 йилдан Қашқадарё вилоятида аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва учун озуқа хариди харажатларининг 10 фоизини қоплаш таклиф этилди.

25 ноябрь куни Президентга чорвачиликда озуқа таъминотини яхшилаш ва соҳада маҳсулдорликни оширишга қаратилган таклифлар тақдим қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таклифларга кўра, 2027 йилдан Қашқадарё вилоятида тажриба тариқасида аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва моллари учун харид қилинган озуқа қийматининг 10 фоизини қоплаб бериш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, мамлакатда 100 дан ортиқ озуқа маркази ва шохобчаси ташкил этиш кўзда тутилган. Улар озуқани йирик ҳажмда харид қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда аҳолига мунтазам етказиб бериш билан шуғулланади.

Озуқа етиштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суғориш тизимини қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, «Пивот» суғориш технологиясини жорий этиш учун бериладиган субсидия миқдорини бир гектарга 2,5 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача ошириш таклиф қилинди. Камида 10 гектар майдонни суғоришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилса, ускуна хариди харажатларининг 50 фоизигача қисми қопланиши мумкин.
Озуқа етиштириш учун 500 гектардан ортиқ ерни ўзлаштириб, замонавий суғориш тизимини жорий этган тадбиркорларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 100 минг куб метргача сиғимли сув ҳавзалари қуриб бериш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, озуқа марказларини ташкил этиш, озуқабоп экинлар етиштириш ва замонавий техника харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ҳамда бошқа енгилликлар бериш таклиф этилмоқда.
Чорвачилик учун ер ресурсларини кенгайтириш борасида 2027 йилда 50 минг гектар, 2030 йилгача эса жами 200 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш мўлжалланган. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар бир миллион гектар яйлов майдонида дронлар ёрдамида уруғ сепиш режаси ҳам бор.
Чорвачиликка ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш ҳолати космик мониторинг орқали назорат қилинади.
Соҳада маҳаллий уруғчилик ва наслчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Қашқадарёда Миср олимлари иштирокида илмий-тадқиқот ва уруғчилик марказларини ташкил этиш, чорвани сунъий уруғлантириш ҳамда эмбрион кўчириш технологияларини кенг жорий қилиш таклиф этилди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда бир бош қорамол учун йилига 6,5 тонна озуқа талаб этилади. Аммо амалда бу кўрсаткич 4 тоннадан ҳам ошмаяпти. Мамлакатдаги қорамолларнинг 87 фоизи аҳоли хонадонларида парваришланади.
Президент билдирилган таклифларни пухта ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш учун зарур молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаш бўйича топшириқ берди.







