“Ishonch” кунлари: Тошкент вилоятидаги муштарийлар билан юзма-юз
Нурафшон шаҳрида “Ishonch” кунлари доирасида касаба уюшмалари фаоллари, газетанинг доимий муштарийлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Очиқ мулоқот ва самимий фикр алмашинуви руҳида ўтган учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раиси Сайёра Файзиева, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари адабий бўлим муҳаррири Абдунаби Ҳайдаров, таҳририят масъул ходими Салим Абдураҳмонов қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги ахборот маконида босма нашрларнинг нафақат мазмунан бой, балки тезкор, холис ва таъсирчан бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
– “Ishonch” газетаси ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар мунтазам ёритиб келинмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Машраб Мирзаев. – Биз таҳририят билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги амалий ишлар, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тавсия ва тушунтиришларни кенгроқ ёритишни мақсад қилганмиз.
Мулоқот давомида иштирокчилар нашр ҳавола этаётган мақолаларнинг долзарблиги ва таъсирчанлигини ошириш, ҳудудлардаги илғор тажрибалар, меҳнаткашлар ҳаёти ва уларнинг муваффақиятларини кенг тарғиб этиш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. Шунингдек, таҳририятнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали аудитория билан мулоқотни янада кенгайтириш, долзарб материалларни тезкор тарқатиш имкониятлари тўғрисида фикр алмашилди.


Тадбир якунида “Ishonch” газетасининг тарихи, босиб ўтган йўли ва бугунги фаолиятига бағишланган қизиқарли викторина ташкил этилди. Викторинада фаол қатнашган муштарийларга таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz







