Метрода тўловга чеклов: бир қадам олдинга, икки қадам орқага(ми)?
Бугун метрога тушиб ўзим учун ноқулай бўлган “янгилик”ни кашф этдим: битта банк картасидан кетма-кет фақат беш мартагача билет учун пул тўлаш мумкин экан. Гап шундаки, метрода сайёҳларни кўрдим.
Тахминан 20-25 киши ҳайрон бўлиб туришибди. Ўзлари тўлай олишмади, гид нақд билан тўлаш учун банкоматга кетди. Одатда сайёҳ-меҳмонларга ёрдам бергим келади. Кичик кўмагим тегсин, деб ҳаммасини чақирдим ва бирин-кетин картамда тўлаб, турникетдан ўтказа бошладим. Ўзим учун ишлатганимдан сўнг тўрт кишидан кейин яшил ўрнида қизил ранг кўринди. “Балки турникет ишламагандир” деб бошқасига тўладим. Уям ишламади, натижада ходимдан сўрадим. “Беш кишига тўлов қилган бўлсангиз картангиз энди блокланади. Ярим соатгача ишламайди”, деди у. Ҳайратландим. Сайёҳлар ҳам қолаверишди. Индамай кетдим…
Энди тасаввур қилайлик, биз етти кишилик оиламиз. Беш кишига тўласам, бу тизимга кўра қолган икки болам қолиб кетиши мумкин экан. Ёки ота-она ва қариндошлар билан айланишга чиқсангиз ва фақат биттагина банк картаси бўлса... Айниқса ўзбек халқи ёр-биродарлар билан юришни, қариндошлар билан мулоқотни хуш кўради. Шундай вазиятда метрополитен ёки автобусда ноқулай аҳволга тушиб қолиш мумкин экан.
Хўш, нега бир неча тўловдан сўнг, банк картаси орқали операциялар вақтинча тўхтатилиб қўйилади? Маълумотларга кўра, бу хавфсизлик ва фирибгарликнинг олдини олиш учун экан: агар картангиз ўғирланса ёки тушириб қолдирсангиз, кимдир ундан фойдаланиб бутун бошли “армия”ни метрога ўтказиб юбормаслиги учун лимит қўйиларкан.
Тўлов тизимидаги кечикиш (Offline vs Online): метро турникетларида транзакциялар жуда тез амалга ошиши керак. Баъзида тизим пулни дарҳол ечиб олмай, маълумотни кейинроқ банкка юборади. Бир картадан кетма-кет чексиз тўлов қилиш тизимда “қарздорлик” хавфини туғдиради.
Майли ушбу сабабларда бироз бўлсада жон бордир. Аммо хавфсизлик қоидаларини деб, оддий жамоат транспортида юришни бунчалик қийинлаштириш нега керак? Масалан, кетма-кет тўловни 4-5 мартагина эмас, 10-15 мартагача узайтирса бўлади. Чунки ҳаётда ҳар қандай вазият бўлиши мумкин. Бундан ташқари метро хорижий сайёҳлар ва вилоятдан келган меҳмонлар учун томошабоп жой. Улар одатда 15-20 кишилик гуруҳ бўлиб юради. Демак, карта орқали тўловдаги чекловдан айнан улар кўпроқ жабр чекмоқда.
Давлатимизда сўнгги йилларда хусусий автомобилда ҳаракатни чеклаб, жамоат транспортини оммалаштириш бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ҳатто амалдорларни ҳам бунга ўргатиш мақсадида “Автомобилсиз кун” каби тадбирлар ўтказиляпти. Шундай ҳолатда банк картаси орқали тўловда чеклов ўрнатиб қўйиш ғалати эмасми? “Рақамлаштириш” дейилди, тўлаяпмиз. “Карта ишлатинг” дейилди, ишлатяпмиз. Лекин бор-йўғи 4-5 марта тўлов қилиш бўйича чекловни қандай тушуниш мумкин? Карта меники, унинг ичидаги маблағи меники. Бир кунда ҳаттоки 30-40 марталаб метро ёки автобусга чиқишим мумкин. Истаганимга тўлай олмасам, ўзимга тегишли маблағни қулай бошқара олмасам, ҳуқуқларим чекланмайдими?!
Ушбу мақолани ёзар эканмиз, жамоат транспортида тўловга масъул бўлган АТТО тизими вакили Даврон Шоёқубов ижтимоий тармоқда боғланиб, вазият бўйича тушунтириш беришга уринди. Унинг айтишича, сайёҳлар учун Visa, Mastercard, Union Pay каби халқаро карталаридан тўлов қилиш имконияти деярли АТТО тизими яратилгандан бери мавжуд. Банк карталари орқали бир вақтни ўзида 5 маротабагача (!) тўлов қилиш мумкин: бундан кейин карталарда муайян вақт тўловлар чегараланади. Хар бир бекатда бир маротабалик чипталар харид қилиш учун ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш усканалари ўрнатилган. Шоёқубовга кўра, “карта орқали бир пайтнинг ўзида 25 кишига тўлов қилиб бўлмаслигини ҳуқуқ бузилиши деб аташ қийин”. Шунингдек, АТТО вакилига кўра, картадан тўлов қилишни иложи бўлмай қолса, нақд пул орқали ускуналардан билет сотиб олиш мумкин. Шу ерда савол туғилади: ўзи ҳаммаси дастлаб нақд тўловдан воз кечиш ва тўлиқ карта орқали тўлаш тизимига ўтиш учун эмасмиди?
Бир метро фойдаланувчиси бошқа муаммони ҳам айтиб қолди. У “Беруний” бекатидан иккита қоғоз чипта харид қилган ва биттасини ишлатган. Кейин иккинчи чиптани “Чилонзор” бекатида қўлламоқчи бўлган, аммо чипта ўтмаган. Ходимларнинг тушунтиришича, чипта фақат ўзи олинган бекатдагина ишлар экан. Демак картаси бўлмаган йўловчи ҳар метрога тушганда инфокиоск олдида навбат кутишга мажбур...
Хуллас, метрода жамоавий юрадиганлар, айниқса Тошкентга янги келганлар чипта тўлови борасида қоқилишлари, муаммога дуч келишлари ҳақиқатга яқин. Шу ўринда биз масъулларга нима таклиф бера оламиз?
Биринчидан, майли хавфсизлик бўйича важларни тушунамиз, аммо битта карта орқали кетма-кет тўлов миқдори камида 10-15 мартагача оширилиши керак. Масалан, 10 марта тўлов қилинса, бу 17 минг сўм бўлади, ўғрилар ёки хакерлар бундай миқдордаги маблағ учун бош оғритиб ўтирмаса керак.
Иккинчидан, ўз қобиғимиздан чиқиб, жаҳон тажрибасига юзланишимиз керак. Ўн миллионлаб сайёҳлар борадиган Туркияни олайлик. Мисол учун, Истанбулда битта İstanbulkart картаси билан кетма-кет исталганча одамни ўтказишингиз мумкин. Тизим сизни “фирибгар” деб гумон қилмайди ёки картангизни блокламайди. Картада маблағ бўлса бўлди — навбат билан босаверасиз ва одамларни ўтказаверасиз. Бироқ, бу ерда битта “ақлли” чеклов бор: имтиёз фақат биринчи йўловчи учун: Истанбулда транспортда “пересадка” (бир транспортдан бошқасига ўтиш) тизими бор. Масалан, биринчи марта минганингизда 20 лира ечса, иккинчи транспортда 14 лира ечади.
Агар сиз битта картадан 5 кишини ўтказсангиз, тизим фақат биринчи одам учун чегирма беради. Қолган 4 киши учун тўлиқ нарх ечилади. Бу тизимнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини ҳимоя қилиш усулидир. Тизим фақатгина рўйхатдан ўтмаган ва аноним карта эгалари учун 500 лирагача чеклов қўяди. Агар фойдаланувчи мобил иловадан рўйхатдан ўтса, у янада қулайлашади.
Хуллас, омма учун бир хизмат яратилганда дарров уни чегаралаш ёки тақиқ ўрнатиш эмас, барча учун қулай ва хавфсиз тизим яратиш устида бош қотириш керак. Менимча, жамоат транспортидаги тўлов қанча қулайлашса, бу биринчи навбатда давлат ва ташкилотнинг ўзи учун фойдали бўлади.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0