Мактаб: Кўринаётган манзаралар ортида кўринмаётган ҳақиқатлар қанча?!
Сўнги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда хусусий мактаблар сонининг ортиши таълим сифатини оширишга хизмат қилаётгани шубҳасиз.
Шу кунларда мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида юз бераётган зиддиятлар ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланмоқда. Айниқса, видеога туширилган айрим ҳолатлар қисқа вақт ичида кенг аудиторияга тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин муносабатига сабаб бўлмоқда. Бундай вазиятларда кўпинча жамият воқеанинг барча тафсилотларини билмасдан туриб ўқитувчини айблайди ва унга нисбатан танқидлар ёғдиради. Албатта, педагогнинг ўқувчига нисбатан зўравонлик ёки ҳақорат ишлатишини оқлаб бўлмайди. Бироқ ҳар бир можаронинг фақат кўриниб турган қисми эмас, унинг ортида ётган сабабларини ҳам таҳлил қилиш зарур.
Аслида масала “ким ҳақ, ким ноҳақ?” деган оддий саволдан кўра анча мураккаброқ. Чунки бугунги мактабларда юзага келаётган можаролар кўпинча йиллар давомида шаклланган тизимли муаммоларнинг натижаси бўлиб чиқмоқда.
Сўнги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда хусусий мактаблар сонининг ортиши таълим сифатини оширишга хизмат қилаётгани шубҳасиз. Бироқ бу жараён умумтаълим мактабларидаги муҳитга ҳам маълум даражада таъсир кўрсатмоқда.
Гап шундаки, илгари турли даражадаги ўқувчилар бир мактаб ва бир синф доирасида нисбатан мувозанатли тақсимланган бўлса, бугунги кунда энг юқори натижа кўрсатаётган, мақсадли ва интизомли ўқувчиларнинг бир қисми ихтисослаштирилган ёки хусусий таълим муассасаларига йўналмоқда.
Албатта, бу давлат мактабларида иқтидорли болалар қолмаяпти дегани эмас. Кўплаб билимли ва истеъдодли ўқувчилар ҳануз умумтаълим мактабларида таҳсил олмоқда. Бунга кўп ҳолларда яшаш ҳудуди, қулайлик, оилавий шароит ёки давлат мактабларининг бепул эканлиги каби омиллар сабаб бўлади.
Аммо таълим тизимидаги шугина табақалашув ҳам айрим мактабларда синф муҳитининг ўзгаришига олиб келгани ҳам ҳақиқат. Натижада ўқитувчи гарданига нафақат билим берувчи, балки психолог, тарбиячи, назоратчи ва муаммоларни ҳал қилувчи шахс вазифаси ҳам юклатилади.
Ҳозирда айрим ота-оналар фарзандининг ҳар қандай хатти-ҳаракатини ҳимоя қилишга мойил. Ўқувчининг дарсга тайёргарликсиз келиши, ўқитувчига нисбатан ҳурматсизлик қилиши ёки синф интизомини бузиши кўпинча эътибордан четда қолмоқда. Бундай ҳолатларда масъулиятнинг барчаси мактаб зиммасига юкланади.
Ваҳоланки, бола тарбияси оила, мактаб ва жамиятнинг уч томонлама ҳамкорлик маҳсулидир. Ушбу занжирнинг бир бўғини заифлашуви натижасида ҳам йирик муаммолар юзага келмоқда. Ўқитувчи кунига юзлаб болалар билан ишлайди. Агар ўқувчи оилада ҳурмат, масъулият ва интизом тамойилларини етарлича ўзлаштирмаган бўлса, педагогнинг вазифаси бир неча баробар мураккаблашади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ҳар қандай можаро учун фақат ўқитувчини айблаш муаммони ҳал қилмайди. Аксинча, унинг асл сабабларини яшириб қўяди.
Бир кунда бир неча синфга дарс ўтиш, ҳужжатлар билан ишлаш, ота-оналар билан мулоқот қилиш, ҳисоботлар тайёрлаш ва тарбиявий масалалар билан шуғулланиш ўқитувчидан катта руҳий ва жисмоний куч талаб қилади. Бундай шароитда узоқ вақт давомида йиғилиб келган босим айрим ҳолларда кескин вазиятларга сабаб бўлиши мумкин. Бу, албатта, педагогнинг хато ҳаракатларини оқламайди. Аммо воқеаларга баҳо беришда инсоний омилларни ҳам унутмаслик кераклигини англатади.
Масаланинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Замонавий таълим тизимида ўқувчи шунчаки буйруқ бажарувчи эмас, балки мустақил фикрловчи шахс сифатида кўрилади. Шу боис болаларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқлари ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилиниши лозим. Қўполлик, камситиш, жисмоний ёки руҳий босим таълим жараёнида мутлақо қабул қилинмайдиган ҳолатлардир. Ўқитувчи қанчалик тажрибали бўлмасин, ўқувчи билан мулоқотда педагогик этикага амал қилиши керак.
Демак, масалага фақат ўқитувчи ёки фақат ўқувчи нуқтаи назаридан қараш бирёқлама ёндашув бўлади. Ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари тенг даражада муҳимдир. Мактаблардаги можаролар сонини камайтириш учун аввало айбдор қидириш эмас, сабабларни бартараф этиш зарур. Бунинг учун ота-оналар, педагоглар ва таълим тизими вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш керак.
Ўқитувчиларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, ўқувчиларнинг шахсий дахлсизлиги ва манфаатларини ҳам таъминлаш муҳим. Психологик хизматларни ривожлантириш, педагогларнинг коммуникация бўйича малакасини ошириш ҳам бугунги кун талабидир. Энг муҳими, жамиятдаги ҳар бир можарога холис таҳлил билан ёндашув керак.
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0