Ижодкор охирги нафасигача ижод қилади
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия академиги Алишер Мирзоев (Алишер Мирзо)нинг “Бухоро афсонаси” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир нафақат санъат ихлосмандлари, балки рассомнинг оила аъзолари, шогирдлари, ҳамкасблари ва чет эллик меҳмонлар учун ҳам ҳақиқий байрамга айланди.
Кўргазмада муаллифнинг сўнгги икки йил ичида яратган 40 га яқин мураккаб композицияли асарлари намойиш этилмоқда. Асарларнинг аксарияти Бухорога бағишланган бўлиб, рассом бу қадимий шаҳарни фақат меъморий ёдгорлик сифатида эмас, балки тирик маданий хотира, тарих, анъана ва шахсий кечинмалар уйғунлашган макон сифатида талқин қилади.
– Икки йил олдин Бухорога бордим. Уч-тўрт кун ичида умримнинг охиригача етадиган хомашё йиғдим. Бухоро раҳбарлари ва меъморлари шаҳарни асл ҳолда сақлаб қолишга улкан ҳисса қўшган. Мен фақат обидаларни эмас, балки тирик Бухорони инсонлар, усталар, урф-одатлар орқали тасвирладим, – деди Алишер Мирзо.
Дарҳақиқат, кўргазмада “Бухоро аёллари” (2025), “Бухорода бешик тўйи” (2024), “Бухорода Наврўз” (2024), “Кулолчи фаришта қизлар” (2025), “Карвон” (2026) каби асарлар орқали томошабин Бухоронинг ранг-баранглиги, унинг фалсафаси ва жозибасини ҳис қилади. Рассомнинг фикрича, тасвирий санъатнинг асосий вазифаси борлиқни тўғридан-тўғри кўчириш эмас, балки образ яратишдир.
Кўргазма очилишида Бадиий академия ва ижодкорлар уюшмаси вакиллари, рассомнинг ҳамкасблари ва шогирдлари сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов Алишер Мирзо санъатга олиб кирган янги оқимлари ҳақида гапириб, унинг жасоратини алоҳида таъкидлади:
– Шахсий кўргазма қилиш – бу катта қаҳрамонлик. Рассом учун бу масъулиятли жараён. Рассомлар орасида энг кўп кўргазма ташкил этган ҳам шу инсон бўлади. У тасвирий санъатсиз ҳаётини тасаввур қилолмайди. Ижод билан яшайди, ижод билан нафас олади. Биз доим бу инсонга ҳавас қиламиз.
Халқ рассоми Собир Раҳметов эса устоз доимий изланишда эканини ва бир йўналишда қотиб қолмаслигини айтиб ўтди:
– Рассом агар бир йўлда қотиб қолса, у тўхтаган бўлади. Алишер акада бу одат йўқ. У ҳар йили бошқа-бошқа йўналишда ижод қилади. Институтда ҳам кўп йиллар дарс берди. Юзлаб шогирдлари бор. Муаллифлик китоблари нашр этиляпти. Ишончим комилки, у нафақат рассом, ёзувчи сифатида ҳам миллий санъатимиз тарихида қолади.
Бекзод Хаджиметов эса рассомнинг педагоглик фаолиятига тўхталиб, 2001 йилда институтда ташкил этилган устахонасида табиатни композицияга айлантириш бўйича катта мактаб яратганини ва бу мактаб вакиллари бугун турли соҳаларда муваффақиятли ижод қилаётганини таъкидлади.
Тадбирнинг энг таъсирли дақиқаларидан бири рассомнинг чет элда яшовчи набираларининг нутқи бўлди.
– Болалигимдан дадажоним ва ойижонимнинг меҳри тўла гўзаллик муҳитда улғайганман, – дейди Норвегиядан келган набираси Динара. – Шу сабабли қалбимда илиқ болалик хотиралари доимо сақланиб қолган. Норвегияда биз Алишер Мирзо галереясини ташкил этганмиз. Бу Ўзбекистонни эслатиб турувчи бир кичик маскан. Галереянинг асосий қисмини бобомизнинг асарларидан иборат доимий экспозицияга бағишлаганмиз. Қолган залларда эса Скандинавия рассомларининг мавсумий кўргазмалари намойиш этилади. Бугунги кўргазмага хуш келибсизлар, дейиш билан бирга, ҳар бир асарга чуқурроқ назар билан қарашларингизни илтимос қиламан. Улар ижодий сафарлар ва ички изланишлар ҳақида ҳикоя қилади.
Кўргазма муаллифи Алишер Мирзо барча меҳмонларга миннатдорчилик билдириб, санъаткор учун энг зарур нарса – эътироф ва танқид эканлигини эслатди:
– Адабиётшунос Иброҳим Ғафуров: “Ижодкорга кўп нарса керак эмас – ё озроқ эътироф, ё озроқ танқид”, деган эди. Галереяда рассомлар билан томошабинлар ўртасида мунтазам учрашувлар бўлиб туради. Тадбирларда фаол бўлишингизни жуда хоҳлайман.
Тадбир сўнггида рассомнинг бадиий асарлари меҳмонларга тақдим этилди.
Алишер Мирзоевнинг “Бухоро афсонаси” кўргазмаси – бу ранглар, рамзлар ва ҳис-туйғуларнинг гўзал уйғунлигидир. Кўргазма материаллари бинонинг икки қавати жойлашган бўлиб, томошабинларни ўзига тортишда давом этмоқда.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0