Иримларда нечоғли ҳақиқат бор?
Юрган йўлимиз, қилаётган ишларимиз давомида баъзан ирим-сиримларга дуч келамиз. Аксарият ҳолатларда қоғозга ёзилмаган бу каби «қоида»лар дам ишимизга, дам кайфиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Аслида ирим-сиримлар тўғрими?
Бу иримлар тўғрими?
Жума куни тирноқ олиб бўлмайди. Шариатда тирноқ олиш учун махсус белгилаб қўйилган кун ва вақт йўқ. Тирноқ ўсган экан, қайси кун ва қайси вақтдан қатьий назар олинаверади. Қўл ва оёқ тирноғини бир вақтда олиб бўлмайди, деган ирим ҳам асоссиз. Шунчаки, гигиеник жиҳатдан аввал қўл, сўнгра оёқ тирноғини олиш тўғри бўлади.
Мушук кесиб ўтса орқага етти марта қадам ташланг. Қадимда халқимиз орасида бундай ирим бўлмаган. Ажнабийлар орқали кириб келган бўлиши керак. Қадимда қарғанинг қағиллашини эшитиб йўлидан қайтган кимса, товушқон (қуён) йўлидан кесиб ўтганда йўлидан қолган киши ҳам куфрга кетган, деб ҳисобланади.
13 рақами бахтсизлик келтиради. Ҳудди шунингдек, сана ва кунларнинг ҳам бахтсиз ёки бахтлиси бўлмайди. Яратганнинг барча кунлари бир хил. Ўша кунни ирим қилиб бирор фойдали ишга қўл урмаслик жоиз эмас.
Қўл ювгандан кейин силкитмаслик керак. Чиндан ҳам Ҳадиси шарифда "Киши таҳорат олганда унинг гуноҳлари сув билан тўкилади" дейилган. Демак, гуноҳларни атрофга “силкитиб” юбориш макруҳ саналади. Маданият жиҳатдан ҳам қўлларни силкитиш хунук кўринади. Қўлларни албатта, сочиққа артиш лозим.
Тўй маросимига оид иримлар
*Баъзиларнинг айтишича, агар тўй куни келиннинг оёқ кийими пошнаси тушиб қолса, келгусидаги турмуши ҳам «оқсоқ» бўларкан.
*Кўзгуга қараётган келин-куёвнинг олдини биров тўсиб қолишига йўл қўймаслик керак, акс ҳолда кейинчалик ҳам орага кимдир суқилиши мумкин.
*Тўй куни келинни олиб кетишга келган куёв бўсағада қоқилиб кетса, бу — танлагани борасида иккиланиш аломати экан.
*Келин ва куёвнинг никоҳ узугига бўйи етган қиз қўлини теккизган бўлса, тез орада ўша қизнинг ҳам тўйи бўлади.
*Тўй куни келин либоси бирор нарсага илиниб қолиб йиртилса, қайнонаси сержаҳл бўлармиш.
Бу каби ҳолатларнинг бири юз берса, бирор салбий башорат қилиш динимизда ҳам мумкин эмас. Ёшларнинг бахтини фақат Яратгандан сўранг. Тўй куни бўлажак ноқулай ҳолатларни иримларга таянмай, “бари яхшиликка бўлсин”, деб тиланиш лозим.
Бошқа халқларда ҳам иримлар борми?
Дунёнинг деярли барча мамлакатида ўзига яраша ирим сиримлар мавжуд. Ҳозирга келиб ривожланган давлатларда иримларга деярли амал қилинмайди.
*Англияда агар оёқдаги қадоқлардан қутилишни исташса, бир бўлак гўштни ерга кўмишади, у чириб, йўқ бўлиб кетгач, қадоқлар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетаркан.
Францияда агар бирор киши овқатланаётганида тилини тишлаб олса, демак, у кимнидир алдаган ёки ёлғон гапирган.
*Россияликларнинг иримига кўра, иш бароридан келиши учун йўлга сешанба ёки шанба куни чиққан маъқул.
*Агар, бировнинг уйидан чиқаётиб, қоқилиб кетилса, орадан бир йил ўтгач, яна ўша уйда меҳмон бўлинади.
*Мушук қашланаверса, меҳмон келармиш.
*Агар икки киши бир пайтда бир сўзни айтиб юборишса, уйига меҳмон келади.
*Агар уйнинг томига каптарлар, қарғалар тўпланса, ўша уйда тўй бўлади.
*Уйланмаган йигит остонада ўтирса, юборган совчиси қуруқ қайтаркан.
*Агар одамни ким биландир адаштириб юборсалар ёки танимасалар тез орада катта даромадга эга бўлишига ишонилади.
*Агар қиз бола тикаётиб, бармоғига игна тиқиб олса, у бировни севиб қолган.
*Эрталаб бировга пул бериб бўлмайди — қайтиши қийин.
*Агарда қулоқ қичишса, янги хабар ёки ёмғирдан дарак.
*Товонлар қичишса, узоқ йўл юрасиз.
*Қошлар қичишса, учрашув ёки кўз ёши тўкиши мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0