Фарқли саволлар бор: яна «Poytaxt Parking»га юзланамиз
Пойтахтда пулли парковка тизими жорий этилганига бир йилдан ошди. Аммо, расмий баёнотларда айтилганидек, у хавфсизлик ва қулайлик рамзига айланмади. Бундай дейишга етарлича асосларимиз бор, албатта.
Яқинда Gazeta.uz сайтида «Poytaxt Parking» оператори бир қатор саволларга жавоб берибди. Бир қарашда ҳаммаси мантиқийдек. Лекин эълон қилинган мақола бир томоннинг фойдаси учун қилингандек туюляпти. Саволлар юзаки, жавоблар умумий…
Мутасаддилар Ishonch.uz сайтининг қуйидаги муҳим саволларига ҳам жавоб беришса, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, пулли парковкалар юзасидан қатор мақолалар эълон қилдик, лекин масъуллардан жўяли жавоб ололмадик.
Хўп, оператор муносабати аввалида «Шаҳар ери бепул бўлмайди, уни бошқариш керак, тартиб бўлиши шарт», дея баёнот берибди.
Тўғри, ер – ресурс, унинг ўз қиймати бор. Бироқ у умумий ресурс, яъни ҳеч кимники эмас – ҳамманики ҳисобланади. Шундай экан, бўш ерни бошқариш нима учун хусусий оператор қўлига ўтди? Модомики, у барчага тегишли экан, нега ундан фойдаланиш шартлари жамоатчилик билан муҳокама қилинмади?
Оператор пулли парковка қўриқланадиган жой эмаслигини иддао қилмоқда ва бунга 2024 йил 16 октябрда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган «Тошкент шаҳрида транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини асос қилиб келтиряпти. Унда паркинг транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланмагани, агар транспорт воситасини кимдир олиб қочса ёки ташқи омиллар таъсирида унга шикаст етса, жавобгарлик автомобиль эгалари зиммасида қолиши белгиланган экан.
Демак, машина хавфсизлиги кафолатланмайди, мулкка зарар етса, ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. Аммо…
Аслида пулли парковкалар ҳақида 2021 йилда маълум бўлганди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг ўшандаги «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида пойтахтдаги тирбандликларни, марказий кўчаларда транспорт оқимини камайтириш, автомобилларнинг йўл бўйида бетартиб тўхташини тартибга солиш мақсадида ягона автомобиль йўл бўйи пулли тўхташ жойлари тизимини ташкил этиш зарурлиги айтилган.
2024 йил 19 январда қабул қилинган «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунда эса пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар қайд этилди. Хусусан, бу турдаги парковка эгалари ҳудудларда йўл белгилари, видеокузатув тизимлари ёки қўриқлашнинг бошқа техник воситалари ўрнатилиши ва узлуксиз ишлашини таъминлаши шартлиги қайд этилган.
Хўш, пойтахт ҳокимининг қарори Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг қароридан ҳам устунми? Хавфсизлик кафолатланмаса, мулкка зарар етса, жавобгарлик бўлмаса, ҳайдовчи нимага пул тўлаяпти? Асфальт, чизиқ ва белгилар учунми? Ахир, булар шаҳар инфратузилмасининг бир қисми эмасми?
Компания оператори ўз ҳисобидан асфальт ётқизгани, чизиқлар чизгани ва инфратузилмани янгилаётганини алоҳида таъкидлабди. Лекин баъзи ҳудудларга чизишгани, махсус белгилар ўрнатишганини ҳисобга олмаганда, тайёр жойга парковка қуриб олишганини ҳамма кўриб-билиб турибди-ку! Ўша жойларга ҳайдовчилар ёнилғи сотиб олаётганда тўланадиган солиқлари орқали аввалдан пул тўлаб қўйишган-ку!
Яна бир жиҳат: оператор пулли парковка туфайли кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида муаммолар пайдо бўлаётганига урғу бериб, аҳолини фаолликка чорлабди, яъни улар ўз ҳудудларини назоратга олиши, шундай ҳолат юзага келса, тегишли жойга мурожаат қилишини таъкидлабди. Бу ўринда мантиқ бузилмаяптими? Муаммо – тизимдан, лекин ечим – одамлардан? Нима учун пулли хизмат оқибатини бартараф этиш аҳоли зиммасига юкланиши керак? Ахир, бошида пулли парковкалар атрофида бепул тураргоҳлар ҳам бўлиши ҳақида бонг урилганди-ку! Аксинча, машина қўйса бўладиган, ҳеч кимга ҳалақит бермайдиган жойларга тўхташни тақиқловчи белгилар ўрнатилиб, очиқ жойларни бордюрлар билан беркитиб ташланганини қандай изоҳлаш мумкин? Бу ҳайдовчиларни пулли парковкадан фойдаланишга мажбурлаш эмасми? Ёки шундоқ ҳам тор бўлган икки поласли йўлларда пулли парковка яратиш тўғрими? Аслида мана шу ҳолатлар тирбандликлар кўпайишига, ҳатто баъзи ҳолларда авариялар содир бўлишига сабаб бўляпти-ку!
Операторнинг даъво қилишича, тирбандликни камайтиришнинг пулли парковкадан бошқа йўли йўқ. Бу мутлақо нотўғри қараш ва муаммони ҳаспўшлашдан ўзга нарса эмас. Чунки дунё тажрибасида муаммони ечиш учун жамоат транспортини ривожлантириш, автотураргоҳлар қуриш, шаҳар марказига киришни чеклаш, велоинфратузилмани ривожлантириш каби чора-тадбирлар самарали ечим ҳисобланади. Шундай экан, бизда нега бу вариантлар эмас, айнан пулли парковка ягона ечим сифатида кўрсатилмоқда?
Сайтда эълон қилинган мақолада нарх-наво хусусида сўз бормагани ғалати. Ваҳоланки, ҳайдовчилар пулли парковкаларда машина қолдириш ниҳоятда қиммат эканидан шикоят қилишяпти. Масалан, буни бир ойда тахминан беш миллион сўм атрофида ойлик оладиган, ишга машинада қатнайдиган давлат ишчиси мисолида кўриб чиқайлик. Биринчи таъриф бўйича унинг машинаси пулли автотураргоҳда саккиз соат турди дейлик. Бу 96 минг сўм дегани. Энди уни 24 кунга кўпайтирсак, 2 миллион 304 минг сўм бўларкан. Демак, маошининг ярми парковка учун кетяпи. Бу ақлга сиғмайдиган абсурд.
Хўп, бу борада хорижий тажриба қандай? Масалан, узоққа бормай, қўшни Қозоғистонни олайлик. Таҳлилларга кўра, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг энг бой шаҳри Тошкентда жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 91,4 миллион сўмни ёки 7,2 минг долларни, Қозоғистоннинг энг бой шаҳри Алматида эса 12,9 миллион тенге ёки 27,5 минг долларни ташкил этган. Яъни қўшни мамлакат биздан тахминан 3,8 баробар бойроқ экан.
Тошкентда парковка соатига зонасига қараб 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача бўлса, Алмати кўчаларида парковка нархи соатига 100 тенге ёки 2 500 сўмни ташкил этади. Фақат Кўкбозор ҳудудида (худди бизнинг Олой бозоримиз сингари) тарифлар соатига 150 тенге ёки 3 750 сўм этиб белгиланган. Пулли парковка фақат эрталабки 8:00 дан кеч 19:00 гача, бошқа пайтлари 19:00 дан 8:00 гача (тунги ва тонги вақтларда) эса бепул бўларкан.
Хўш, қандай қилиб Тошкентдан 3,8 карра бой Алматида парковка учун тўловлар 2 баравардан 3,2 бараваргача арзон бўлиши мумкин? Қардошларимизнинг пулли парковкадан тушган маблағлари биринчи навбатда, бюджетга, шунингдек, парклар ва ҳиёбонларни сақлаб туришга, пиёдалар инфратузилмасини яратишга сарфланишига нима дейсиз?
Бизнинг «Poytaxt Parking» оператори ҳам тушган маблағлар “шаҳар эҳтиёжлари учун” сарфланишини айтяпти. Хўп, шу вақтга қадар пулли парковкалардан қанча тушум бўлди? Унинг қанчаси давлат бюджетига йўналтирилди? Бу саволларга ким ойдинлик кирита олади?
Хуллас, «Poytaxt Parking» ҳамда ҳокимият ўртасида пулли тўхташ жойларидан тушаётган маблағлар қандай тақсимланаётгани жамоатчиликка очиқланиши керак. Зотан, пуллар қаерга кетаётганини ва нималарга сарфланаётганини билишга халқнинг тўла ҳақи ва ҳуқуқи бор.
Масъуллардан юқоридаги саволларга асосли жавоб кутиб қоламиз!
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0