Бахтсиз ҳодиса касаба уюшмаси назоратига олинди
20 декабрь куни Тошкентда 126- автобус ҳайдовчиси Абдурашид Элтоев (1988 йилда туғилган) автобусни қўл тормозига қўймасдан пастга тушганида, автобус ўз инерцияси билан юриб кетиши оқибатида, у иккита автобус орасида сиқилиб қолиб, ҳаётдан кўз юмганди.
Мазкур бахтсиз ҳодиса иш пайтида, эҳтиётсизлик оқибатида рўй берган.
Хўш, бундай ҳолатда марҳумнинг оила аъзоларига товон пули тўланадими? Кўнгилсиз воқеани бахтсиз ҳодиса сифатида расмийлаштириш ишлари бошландими? Марҳумнинг оиласига касаба уюшмалари томонидан ёрдам пули берилдими?
Ishonch.uz ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ "12-автобус саройи" филиали касаба уюшмаси қўмитаси раиси Олим Ҳамдамов билан боғланди.
– Абдурашид Элтоевнинг ҳайдовчилик бўйича иш тажрибаси 17 йил бўлиб, у бир йилдан буён
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 12- автобус саройида 126-автобус ҳайдовчиси сифатида ишлаб келаётганди, – дейди О. Ҳамдамов. – Унинг қарамоғида бир нафар фарзанди бўлган ва онаси, синглиси ҳамда укаси билан пойтахтдаги ўз уйида яшаб келган. У шу пайтгача ишда бирор марта эҳтиётсизлик қилмаган. Айни пайтда корхонамизнинг меҳнат муҳофазаси бўйича инспектори Нагина Каримбекова давлат меҳнат инспекциясига иш пайтида бахтсиз ҳодиса юз берганлиги ҳақида хат тайёрламоқда. Барча расмий жараёнлар тугагач, келгусида марҳумнинг оила аъзоларига унинг 5 йиллик ўртача иш ҳақи бир мартада тўлаб берилади. Бундан ташқари, жаноза маросимига «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбарияти жамоаси бош бўлиб турди ва марҳумни сўнгги йўлга кузатиш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилди. Оиласига моддий ёрдам кўрсатилди. Эндиликда касаба уюшмаси томонидан ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда моддий ёрдам бериш ҳаракатидамиз.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0