Қаршида халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий сув спорти саройи барпо этилмоқда
«Uzbekistan Aquatics» федерацияси раҳбарияти қурилиши якунига етиб бораётган Қарши шаҳридаги Сув спорти саройини кўздан кечирди.
Федерация раиси, шунингдек Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Қудратилла Рафиков вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий спорт мажмуаси қурилиши жараёни билан танишди.
Ташриф давомида пудратчи ташкилотлар ва муҳандис-техник ходимлар ҳар бир объект бўйича бажарилаётган ишлар ҳолати юзасидан батафсил ахборот берди. Айниқса, қурилиш сифати ва белгиланган стандартларга қатъий риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳа қиймати 103 млрд сўмни ташкил этади. Мажмуа таркибида 50 метрли (50×21 м) сузиш ҳавзаси, сувга сакраш учун мўлжалланган ҳавза (16×16 м), шунингдек 6×12 метр ўлчамдаги иккита болалар бассейни барпо этилмоқда. Бундан ташқари, маъмурий бинолар, ёрдамчи ва медиа ҳудудлар, фитнес зали ҳамда йиғилишлар ўтказиш учун зал ҳам назарда тутилган.
Инфратузилма доирасида 500 ўринли томошабинлар трибунаси, кенг кириш ҳоли, 40 нафарга мўлжалланган душ ва кийим алмаштириш хоналари, иккита сауна ҳамда дам олиш ҳудудлари ташкил этилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0