200 минг сўмлик дунёдаги энг катта банкнота бўла олдими?
Сўмимизнинг энг катта номинал қиймати маълум. Хўш, 200 минг сўмлигимиз “ортидаги ноллари сони”, яъни номинал қиймати бўйича дунёда нечанчи ўринда?
Банкнотанинг инфляцияга таъсири бор ёки йўқлиги бўйича баҳслар ҳамон давом этмоқда. Соҳанинг етакчи мутахассислари фикрича, 200 минг сўмликнинг инфляцияга таъсири йўқ, аммо аҳоли орасидаги фикрлар бунинг аксини кўрсатади – мутлақ кўпчилик бундай катта қийматдаги банкнотанинг муомалага киритилиши ошиб бораётгани инфляциянинг яққол далили деган фикрда.
Қизиқ маълумот:
* Муомаладаги энг йирик номиналли валюта Вьетнамда. Бу мамлакатда 500 минг донг ҳамон ишлатилади;
* Энг йирик номиналли валюталар рейтингида 200 минг сўмликка жой йўқ. Бу борада мутлақ рекорд 1945-1946 йилларда чоп этиб, муомалага киритилган Венгрия пенгёси ҳисобланади. Энг йириги секстиллион (миллиард триллион) пенгё эди. Тасаввур қилиш учун 1 рақамидан сўнг 21та ноль (узун шкала ўлчовида 36та ноль) бўлади. Венгрия ҳукумати 100 секстиллион пенгё устида бош қотира бошлаганда деноминация ўтказилган ва янги валюта – форинт муомалага киритилган;
* Янги тарих рекордчиси Зимбабве доллари ҳисобланади. Бу давлатдаги гиперинфляция вақтида 100 триллион Зимбабве доллари муомалада бўлган ва бунча катта банкнотани ҳам кўпчилик бир долларга алмаштиришдан бош тортган. Аммо кейинчалик бу пуллар муомаладан чиқарилганда, сувенир сифатидаги баҳоси 100 АҚШ долларигача чиқиб кетган;
* МДҲ давлатлари орасида ҳам ўзига хос рекордчилар бор. Украинада 1991-1996 йилларда муомалада бўлган, гривнадан аввалги валюта – карбованецнинг 1 000 000(бир млн)лик банкнотаси амалда бўлган;
* Ҳозирги кунда амалда бўлган, харид қиймати энг юқори банкнота 10 000 (ўн минг) АҚШ долларидир. Кўпчилик бундай валюта ҳануз амалда эканлигини билмайди ҳам. Аммо АҚШ ҳудудида бу пулдан бемалол фойдаланиш мумкин, топа олинса бас;
Сўмимиз миллий валютамиз шаклланишида бир поғона бўлиб хизмат қилган сўм-купонни ҳам инфляция бўйича бир неча бор ортда қолдирдик.
Ўзбекистонда 1993 йил 15 ноябрда ҳақиқий сўм-купон амалга киритилди. Ундан аввал рублга боғлиқ сўм-купон карточкалари бўлган ва улар шу йилнинг 22 ноябрида бекор қилинди. Сўм-купонлар 1994 йилнинг 1 августига қадар амалда бўлди ва унинг энг йирик банкнотаси 10 000 (ўн минг) сўм-купон эди. Сўм-купон умрининг охирги ойларида биз одатда бутун бозорга баҳо беришда индикатор сифатида ишлатувчи гўштнинг қиймати 20-25 минг сўм-купон, пул деноминацияси эълон қилинганидан (яъни ҳозир амалда бўлган сўм чиқиши маълум бўлганидан) кейин 30-33 минг сўм-купонга чиққанди (қизиғи, деноминация 1000:1 қийматда ўтказилган бўлса-да, ундан сўнг гўштнинг баҳоси 25-35 сўм бўлмай, 12-15 сўмга тушганди). Шакарнинг баҳоси 3-4 минг сўм-купон атрофида эди. Лекин автомобиль, уй-жой, квартираларнинг баҳосини ҳозирги кун билан солиштириб бўлмайди. Чунки битта “Жигули” автомобилининг пулига вилоятлар марказидан икки-учта квартира харид қилиш мумкин эди.
Нархлар ҳам шу қадар турли-туман эдики, ҳар бир вилоятнинг ўзида асосий истеъмол маҳсулотлари турли бозорларда турлича сотиларди (одамлар ёппасига савдо билан шуғулланиб кетгани бежизга эмас).
Миллий валютамиз – сўмнинг қиймати дастлаб 1 сўмга 1 АҚШ доллари бўлиши режалаштирилган эса-да, амалда 1994 йилдаёқ 6-7 сўмдан камига доллар сотиб олиш имконсиз эди. Қизиғи, бир килограмм гўштнинг баҳоси ўша пайтларда 10-12 сўмдан бошланган. Ўша пайтда 2 долларга бир килограмм гўшт олиш мумкин бўлса, ҳозир гўшт баҳоси 11-12 долларгача (килограмми 140-150 минг сўм) ошди. Яъни бугунги кунга келиб гўштнинг баҳоси АҚШ долларига нисбатан анча тез ўсган.
Сўм-купон амалда бўлган пайтда йирик савдоларда қоплаб пул кўтариб юриларди. Сўмнинг номинали сўм-купондан анча ортиб кетган бўлса-да, банклараро ҳисоб-китоблар ривожланганлиги, пластик карталар ёрдамида харидлар ва нақд кўринишдаги йирик ҳисоб-китоблар асосан АҚШ долларида амалга оширилиши туфайли ўша даврдагидек машиналарда пул ташиб юриш кам кузатилади. Аммо ҳануз бор!
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0