Жимгина сўзлаётган тарих
Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейига саёҳат
– Дилоро, наҳотки, бу сен бўлсанг.
– Менман, Муҳаммад ака, менман!
– Сен бу ғурбатхонада нима қилиб юрибсан?
– Мени ҳам ҳибсга олишди...
– Фарзандларимиз қаерда?
– Уларни НКВДчилар Болалар уйига топширишди. Онам қарайди, десам ҳам кўнишмади.
– Азизам, бу дунёга биз бевақт келган эканмиз, пешонамга сен билан бахтли яшаш ўрнига ҳаётингни қамоқда азоб билан ўтказиб, ўлиб кетиш ёзилган экан. Сенга бир нарсани айтиб қўяй. Мен ҳеч қачон халқ душмани бўлмаганман, ҳеч қачон ва ҳар қандай ҳолатда давлатни алдаганим йўқ. Ҳеч кимга хиёнат қилганим ҳам йўқ. Аммо бу ерда мени мажбурлаб, жиноятчига айлантиришди. Шундай бўлса-да, қалбим тоза. Мен бу ерга айбсиз келганман, бу дунёдан ҳам айбсиз ўтиб кетишим керак. Сен, Дилоро, Худодан бу зиндондан эсон-омон чиқиб кетишингни, жондан азиз фарзандларимизга бош бўлиб, узоқ ва бахтли яшаш сен ва болаларимизга насиб қилишини тилайман.
– Мен ҳам фарзандларимиз бахтига бу ердан эсон-омон чиқишингизни сўрайман.
Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейига кириб борар эканмиз, беихтиёр ўтмиш сари одимлаётганимизни ҳис этдик. Яъни бу ердаги муҳит шундан дарак берарди.
Танишувни қатағон қурбонларига бағишланган янги ташкил этилган экспозициядан бошладик. Экспонатлар кўз олдимизда шундайлигича тарихни акс эттириб турарди: ҳужжатлар, суратлар, “қора қарға”, ҳибс, узоқ ўлкаларга олиб кетаётган вагон, сургун, ҳуқуқшуносларнинг аянчли тақдирини акс эттирувчи “ГУЛАГ”даги меҳнат лагери, совуқ ва зах қамоқхона, сўроқлар, отилаётган инсон, ўқ товуши, девордаги қон излари, 1912 йилда барпо этилган, Жиззах қўзғолони иштирокчилари сақланган, Қизил армиячилар турмаси номи билан машҳур бўлган қамоқхонадан келтирилган тарихий эшик воситасида яратилган ҳибсхона, қатағон бўлганлар оиласи бошига солинган азоблар... Ҳамма-ҳаммасида ўша давр руҳи, овози, даҳшати кўз олдингизда аслича намоён.
Қатағон йиллари рамзи ҳисобланган “қора қарға” номи билан машҳур тарихий автомобиль музейнинг нодир экспонатларидан ҳисобланади. Унинг шарпасидан ҳам қўрқишган, кимнинг хонадони олдида тўхтаса, бу оила парокандаликка юз тутган, унда олиб кетилган киши қайтмаган. Жиззах қўзғолони эса аёвсиз бостирилган. Иштирокчиларининг аксари қамоқхонада отиб ташланиб, халқ кўриб қолмаслиги учун яширин туннел орқали олиб чиқилган ва “турма”дан узоқ бўлмаган жойга кўмиб ташланган.
Сургундаги турмуш ўртоғини излаган аёллар Қозоғистондаги АЛЖИР (Ватан хоини бўлган инсонлар аёллари сақланадиган лагер)га юборилиб, оғир синовларга дучор этилган. Болакайларнинг тош отишларидан жабр чекиб, оҳу нолалар қилишган. Бири отилган тошдан сут таъми келаётганини сезиб қолиб, “тошбўрон”нинг асл моҳиятини англашган. Оқибатда тўйимли овқат бўлган қурутни еб жон сақлашган. Ёрдам берса, ўз бошига ҳам кулфат тушишини билган маҳаллий халқ шу усулдан фойдаланган. Болаларини хавф остига қўйиб бўлса-да, бунга журъат этишган. Шундай оғир дамда ҳам инсонлар бир-бирини мардона қўллаб-қувватлашган.
Мақоламиз бошидаги гаплар ҳам ўзбек замонавий ҳуқуқшунослигининг асосчиси Муҳаммаджон Мўминов ва унинг рафиқаси, Ўзбекистондаги биринчи аёл ҳуқуқшунос, 1925 йили 24 ёшида Ўзбекистон Республикаси прокурори ёрдамчиси лавозимига тайинланган Дилоро Юсупованинг тергов жараёнидаги учрашувдаги диалогдан парчадир.
Ўша машъум кун, яъни 1937 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон Адлия комиссарлигининг аҳолига юридик ёрдам ва суд ҳимоя бўлими бошлиғи бўлган турмуш ўртоғини “қора қарға” олиб кетгач, Дилоро Юсупова эри юрт учун кўп иш қилганини, айбсиз эканлигини айтиб, “марказ”га хат ёзади. Шундан сўнг у ҳам лавозимидан олиниб, икки йил қамоққа ташланади. Терговда улар юқоридаги ҳолатда бир марта учрашишади.
Бу каби маълумотларни тинглаган, экспонатлар реал ҳаётда бўлаётгандек “сўзлаётгани”дан таъсирланиб, уларнинг ҳолатини ҳис этган барчанинг кўзида ёш милтиллайди.
Қатағон. Бу нафақат миллий озодлик ҳаракати учун курашган Қодирий, Чўлпон, Мунаввар Қори каби ижодкорлар, балки бошқа соҳаларда ишлаган инсонлар бошига ҳам кулфат ёғдирган даврнинг қора жумласи. Бу сафда прокуратура ходимлари ҳам бисёр бўлиб, улар ҳам қийноқларга дучор этилган, сургун қилинган, отилган. Изланишлар жараёнида 160 нафардан зиёд қатағон бўлган прокурор аниқланиб, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Тарихий хотира беқиёс” китобининг биринчи ва иккинчи жилдларига 80 нафар шахс киритилгани фикримизнинг далилидир. Бўлимларни кезар эканмиз, кейинги даврларда ҳам ҳуқуқ ҳимоячиларига осон бўлмаганини, “Пахта иши”, ковид балоси уларнинг кўпчилигини қора домига тортганини ҳам билиб оламиз.
– Ушбу музей Ўзбекистон прокуратурасининг 30 йиллиги олдидан ташкил этилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 31 августда “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 11 сентябрда Бош прокурорнинг тегишли фармойиши чиқди. Шу асосда олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида музейда Қатағон қурбони бўлган прокуратура ходимлари хотирасини абадийлаштиришга бағишланган янги экспозиция ўтган йили Конституция куни арафасида ўз фаолиятини бошлади, – дейди музей ходими Гулираъно Орифжонова. – Мазкур бўлимда Туркистон Мухторияти, Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси, Бухоро Халқ Совет Республикаси, Хоразм Халқ Совет Республикаси, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ҳамда унинг таркибидаги Қорақалпоғистон республикаси ва вилоятлар кесимида қатағонга учраган прокурорлар ва уларнинг ватан равнақига қўшган ҳиссаси намойиш этилган. Бундан ташқари, ўтган асрнинг 40-50, 60-70, 80-йилларидаги қатағон бўйича ҳам стендлар яратилган.
Шу кунларда қатағон қилинган ҳар бир ходим ҳақида алоҳида монография ва ҳужжатли фильм тайёрланмоқда. Ўзбекистон ССРнинг биринчи прокуратура биноси Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳри, Очилди Мирий кўчасида жойлашгани аниқланди. Бундан 120 йил олдин қурилган ушбу бино прокуратура аралашуви билан маданий мерос объекти рўйхатига олиниб, ҳозир унда реконструкция ишлари кетмоқда.
Музейнинг фойе қисмидаги деворий сурат прокурор қиёфасининг асрлар кесимида ўзгариб боришини акс эттиради. Келувчилар энг сўнгги технологиялар ёрдамида яратилган “Адолат – ҳамиша ғолиб” номли прокуратура соҳаси тарихига бағишланган маппинг шоу билан танишади. Музейнинг йирик ҳажмдаги кутубхонаси эса бой китоб фондига эга.
Музейнинг 2022 йилда ташкил этилган дастлабки бўлими Ўзбекистон прокуратурасининг энг қадимги даврдан то бугунги кунгача тарихи акс этган экспозиция Ўзбекистон давлатчилиги ва ҳуқуқи тарихи, Ўзбекистон прокуратура органлари тарихи (Туркистон AССР, Ўзбекистоннинг мустақилликкача бўлган даври ССР прокуратуралари тарихи), Ўзбекистонинг ҳар бир вилоят прокуратураси тарихи, “Хотира – муқаддас” (юксак матонат ва жасорат намунаси), Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, прокуратура органларининг халқаро ҳамкорлиги, Янги Ўзбекистон прокуратураси фаолияти каби етти бўлимдан иборат.
Шунингдек, бу ерда электрон музей ҳам ташкил этилган бўлиб, унда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ходимлар, байналмилалчи жангчилар ҳамда хизмат вазифаларини бажариш чоғида вафот этганлар ҳақида маълумотлар берилган. Олий даражали унвонга эга бўлганлар, давлат ва идора мукофотлари олган, қолаверса, илм-фан соҳасида ютуққа эришганлар ҳамда спорт мусобақалари ғолиблари бўлган истеъдод ва илм намояндалари тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар келтирилган.
Музей фондида 5 мингга яқин ҳужжатлар, 7 мингдан ортиқ фото ва видеоматериаллар, 2 мингга яқин экспонатлар жамланган.
Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир, деган эди улуғ адиб Абдулла Қодирий. Бизни ўтмиш қаърига улоқтирган, бугунги кун қиёфаси ҳам акс этган жараёнлар таъсирида вақт ўтганини ҳам сезмай қолибмиз. Олис-яқин ҳаётимизнинг айрим аччиқ томонларидан жимгина сўзлаётган тарих бизга кўп сабоқ берди. Ўзини, ўзлигини англаган инсон бу ҳолатдан тегишли хулоса чиқариши тайин. Ортга қайтар эканмиз, беихтиёр юртдошларимизга шундай дегимиз келди: музейга ўсмир ёшдаги фарзандларингиз билан келинг, улар ҳам кечаги кунни кўрсин, ҳис этсин, ўша кун билан яшаб кўрсин. Бу билан айтиб эмас, кўрсатган ҳолда улар тарбиясига таъсир этишингизга ишончимиз комил.
Сиз нима дейсиз, қадрдон?
Салим АБДУРАҲМОНОВ
“ISHONCH”
Эъзоза Умр (фото)
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0