+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Зиданнинг “калла қўйиши”, “Аср голи”, Марадонанинг қўли: жаҳон чемпионатидаги тарихий вазиятлар

Шимолий Америка яшил майдонларида ўтувчи футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳам етиб келди. Бу мундиал ўзбекистонликлар учун алоҳида аҳамиятга эга. Унда терма жамоамиз ўз тарихида илк бор иштирок этади. Умуман олганда, жаҳон чемпионатлари мусобақалар ичида энг қизғин ва курашларга бой бўлиши билан ажралиб туради. Масалан, франциялик футбочи Зениден Зиданнинг италиялик рақибини бош билан уриб йиқитгани атрофида ҳануз баҳслар бўлиб туради. 1930 йилдан буён
Спорт
68 15:25 | 12.06.2026 15:25

давом этаётган турнирда турли шов-шувли воқеалар кузатилган. Улардан айримлари билан қуйида танишиб ўтамиз.


Марадонанинг айёрлиги


1986 йилги жаҳон чемпионати машҳур юлдуз Диего Марадонанинг айёрлиги билан ёдда қолди. Унинг чорак финалда инглизлар билан ўйинда қўл билан киритган голи баҳсга катта таъсир кўрсатди. Бу пайтда Фолькленд ороллари туфайли содир бўлган урушга бор-йўғи 4 йил бўлганди.


Ушбу ўйинда Марадонанинг дубли Англияни мағлуб этишга ёрдам берди. Тўрт дақиқа ичида Диего жаҳон чемпионати тарихидаги энг ажойиб устомонликни амалга оширди ва ортидан XX асрнинг энг яхши индивидуал голини урди. Биринчи бўлимда ҳеч қандай муҳим воқеа содир бўлмади. Футбол зерикарли, темп суст эди. Бунга асосан шафқатсиз ёнаётган қуёш сабаб бўлди. 51-дақиқада Марадона майдон марказидан ҳаракатлана бошлади, Гленн Ходдлнинг ёнидан ўтиб, Хорхе Валданога узатма берди ва кейин жавоб узатмасини кутиб олдинга югурди. Англиялик ярим ҳимоячи Стив Ходж тўпни жарима майдончасидан узоқлаштиришга уринди, аммо тўп осмонга кўтарилди. Марадона эса Мехикодаги Ацтека стадионида барча 114 000 киши гувоҳ бўлган, майдондаги 22 футболчи ҳам тушунган, аммо тунислик ҳакам Али Бин Нассер ва болгариялик чизиқ ҳаками Богдан Дочев кўрмай қолган вазиятда қўли билан тўпни дарвозага киритиб юборди.


Маълумотларга кўра, Марадона ҳакамлар шубҳага тушиб қолмаслиги учун голни астойдил нишонлаган. Тўрт дақиқадан сўнг у аср голи номини олган тўпни киритди. У кучли дриблингни амалга оширди ва нақ беш рақиб футболчисини алдаб ўтди. Голнинг ажойиблигини ҳатто рақиблар, жумладан, Гарри Линекер ва Питер Шилтон ҳам эътироф этди. “Бироқ, биринчи ғирром гол бўлмаганда, балки бу ажойиб гол ҳам бўлмасди. Бизнинг жамоа тўрт дақиқа аввал содир бўлган воқеадан ҳайратда қолганди”, дея вазиятни изоҳлаганди Англия терма жамоаси дарвозабони Питер Шилтон.


Ушбу воқеадан кейин ФИФА қўл ёрдамида киритилган голни ҳисоблаган тунисликни ҳакамни умрбод футболдан четлатди. Болгариялик қанот ҳақами Дочев ҳам футболдан кетди. Аммо Аргентина ушбу жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди ва натижалар ўзгармай қолди.


Баджонинг хатоси


АҚШда ўтган 1994 йилги Жаҳон чемпионати италиялик футболчи Роберто Баджонинг машҳур пеналтиси билан эсланади. Ушбу чемпионат финалгача Баджонинг бенефисига айланди. Италия терма жамоаси турнирни жуда ёмон бошлади, аммо плей-офф босқичида Баджо жамоани бир ўзи финалгача судраб борди: нимчорак финалда Нигерияга қарши қаҳрамонлик кўрсатди (88-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, қўшимча вақтда ғалаба голини урди). Чорак финалда Испанияга қарши 88-дақиқада ғалаба голини киритди. Ярим финалда эса Болгарияга қарши дубл қайд этди. Италия Баджонинг сеҳрли ўйини эвазига финалга чиқди. Аммо финалдан олдин у яна жароҳат олди. Шу бўлса-да, у Бразилияга қарши ўйинга оғриқ қолдирувчи уколлар билан майдонга тушди.


Афсуски, ҳал қилувчи пеналтилар сериясида бутун турнир давомида порлаган футболчи даҳшатли хатога йўл қўйди. У тепган тўп мутлақо ноаниқ эди. Натижада, Бразилия жаҳон чемпионига айланди. Қизиқ томони, яқинда ОАВга интервю берган Баджо 32 йилдан сўнг ҳам ҳалиям ўша вазиятни унутмаганини ва ўзини кечира олмаётганини тан олди.


Зидан – бу Зидан!


2006 йил Германиядаги ЖЧ финалида Италия ва Франция ўзаро тўқнаш келди. Французлар етакчиси Зидан ўз фаолиятини якунлаши аниқ эди ва бу жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш унинг учун жуда муҳим эди. Ҳал қилувчи вазиятлар яқинлашганда италянларнинг айёрлиги ва провокацияси ўз мевасини берди. Қўшимча вақтларда Зидан Марко Матераццига боши билан зарба берди, футболчи ерга қулади, ҳакам эса францияликка қизил карточка кўрсатди. Бу вазиятни сўз устаси Ҳожибой Тожибоев жуда зўр тасвирлаган – бутун дунё “вууув” деб юборди. Финалдаги ўйинда руҳий устунлик Италия тарафига ўтди, пеналтилар сериясида Франция имкониятни бой берди.


Зинедин Зидан кейинчалик Франциянинг Canal Plus каналига берган интервьюсида Жаҳон чемпионати финалида Марко Матерацци билан бўлган можаросининг тафсилотларини ошкор қилди. Франция терма жамоаси сардори италиялик ҳимоячи унинг онаси ва синглисини ҳақорат қилганини даъво қилди. Зидан мухлислардан ўз хатти-ҳаракати учун узр сўради, аммо қилмишларидан афсусланмаслигини айтди. “У онам ва синглимга нисбатан қўпол сўзлар айтди. Мен унинг гапларини эътиборсиз қолдиришга ҳаракат қилдим, аммо у яна ҳақоратни такрорлади”, деди Зидан.



Луис Суарес дарвозабон ўрнида



2010 йил ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Уругвай терма жамоаси ёрқин ўйин кўрсатди. Айниқса, чорак финалда Гана билан кечган ўйин драматик кўриниш олди. Учрашув 1:1 ҳисобида кечаётганда ганалик футболчилардан бири Уругвай дарвозасини аниқ нишонга олди. Ҳамма гол бўлишини кутаётган эди, аммо ҳужумчи Луис Суарес охирги ҳимоячи ролини бажарди ва тўпни қўллари билан қайтариб юборди. Ҳакам стандарт қарор чиқарди: Суарес майдондан четлатилди ва Уругвай дарвозаси томон пеналти белгиланди. Аммо шу онда кутил(ма)ган ҳолат рўй берди. Ганалик футболчи пеналтини ижро эта олмади. Бу пайтда Суарес энди майдондан чиқиб кетаётган эди. Унинг бу вазиятни қувонч билан нишонлагани экранларга муҳрланди. Энг асосийси, руҳий устунлик эвазига Уругвай пеналтилар серияси Ганани енгди ва Суареснинг ҳаракати тўлиқ ўзини оқлади. Жанубий Америка жамоаси ярим финалга чиқди ва Нидерландияга мағлуб бўлса-да, қаттиқ қаршилик кўрсатди.



Бразилиянинг шармандалиги



2014 йилги жаҳон чемпионатида энг кутилмаган ва ҳайратланарли воқеа Бразилия ва Германия термалари ўртасидаги ўйинда кечди. Жаҳоннинг энг кучли термаларидан бири бўлган бразилияликлар ўз тарихида унутиб бўлмайдиган даражада даҳшатли мағлубиятга учради. Бу мағлубият ўз майдонида содир бўлгани, унинг салмоғини баттар оширди. Бразилия ўз майдонидаги турнирда фақат чемпионликни мақсад қилган эди. Аммо ярим финал олдидан жамоа иккита улкан йўқотишга учради: терманинг асосий юлдузи Неймар чорак финалда Колумбияга қарши ўйинда умурткасидан оғир жароҳат олиб, сафдан чиқди. Бунинг устига жамоа сардори ва ҳимоя етакчиси Тиаго Силва сариқ карточкалари кўпайиб кетгани учун ўйинни ўтказиб юбориши маълум бўлди. Шундай бўлса-да, стадионга йиғилган 58 000 мухлис ва бутун мамлакат Бразилиянинг ғалабасига ишонаётган эди. Ўйин бошланди ва немисларнинг “машинаси” ишга тушди. Томас Мюллер 11-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Аммо ҳақиқий даҳшат 23-дақиқадан бошланди. Германия атиги 6 дақиқа ичида Бразилия дарвозасига 4 та гол урди. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисоб 0:5 кўринишига келди. Бразилиялик ҳимоячилар (айниқса Давид Луиз ва Данте) нима қилаётганларини тушунишмас, майдонда саросима ҳукм сурарди.



Стадиондаги минглаб, экран қаршисидаги миллионлаб бразилияликлар йиғлашарди. Бразилия кўчаларида тартибсизликлар бошланди, одамлар байроқларни ёқишди. Бу 1950 йилги “Маракана” (Уругвайдан учраган мағлубият)дан ҳам оғирроқ зарба эди. Йоахим Лёв шогирдлари шу қадар кучли эдики, улар голларни деярли нишонлашмади ҳам — рақибга нисбатан ҳурмат сақлашди. Сўнгра Германия кейинчалик финалда Аргентинани мағлуб этиб, чемпион бўлди. Бразилия эса ўша ўйиндан сўнг на 2018 йилда, на 2022 йилда ўзини кўрсата олмади. Бу сафар нима бўларкин, вақт кўрсатади?




Аброр Зоҳидов,


Ishonch.uz











Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Спорт
Кайфият фасли
0 2717 11:23 | 02.10.2023