Ўзбекистонда эрта никоҳлар кескин камайди: 2018 йилдаги 4 786 та ҳолат 2025 йилда 19 тага тушди
Stat.uz маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда жами 19 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган.

Бу борада энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятида (4 та) кузатилган. Бугунги кунда қатъий жазо чораларининг кўрилиши ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларининг олиб борилиши натижасида бундай салбий кўрсаткичлар кескин камайгани кўзга ташланмоқда.
Таққослаш учун, ортга назар ташласак, 2018 йилда юртимизда жами эрта никоҳлар сони 4 786 тани ташкил этган эди. Ўша даврда ҳудудлар кесимида энг юқори рақамлар Самарқанд вилоятида (1 742 та), Қашқадарёда (642 та) ҳамда Андижонда (420 та) қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонunчилигида эрта никоҳ (никоҳ ёшига етмаган шахс билан оилавий муносабатларга киришиш) учун қатъий маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан:
Маъмурий жавобгарлик (МЖтКнинг 47-3-моддаси): Вояга етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришганларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, фарзандини турмушга берган ёки уйлантирган ота-оналарга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача, шунингдек, ЗАГСдан ўтмасдан диний никоҳ маросимини ўтказганларга эса БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача жарима солинади.
Жиноий жавобгарлик (Жиноят кодексининг 125-1-моддаси): Агар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида бундай ҳуқуқбузарлик яна такрорланса, шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 150 бараваригача жарима, 400 соатгача жамоат ишлари ёки 2–3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилади.







