+31C

+31C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ваъдалар – миллион, натижа – қарз ёхуд «инфолўлилар» қандай бойийди?

Бугун ижтимоий тармоқларни очишингиз билан тез фурсатда бойитиб юборишни ваъда қилаётган «муваффақиятли ёшлар»нинг жозибадор видеоларига дуч келасиз. Ҳали йигирмага ҳам тўлмаган йигит-қизлар қимматбаҳо хорижий автомобиллар, Дубайнинг осмонўпар бинолари, замонавий офислар ва даста-даста пуллар фонида туриб лавҳа олишади.
Жамият
89 16:55 | 30.07.2026 16:55

«Ҳаётингни ўзгартир», «Мен билан бойиб кет», «Атиги битта курс сени орзуларингга етказади», дея даъват қилаётган бундай инфлюенсерлар халқ орасида «инфолўлилар» номи билан танилди. Бунинг ортида эса одамзоднинг энг нозик нуқтаси – тез ва осон бойиш, муҳтожликдан бир зумда қутулиш истаги устига қурилган йирик ва тизимли молиявий манипуляция турибди.


Ушбу сохта ваъдалар содда кўринса-да, психологик жиҳатдан пухта ишланган – инсонда мўъжиза кутиш, меҳнат қилмай бойликка эришиш ҳиссини уйғотади. «Трейдингни уч кунда ўргатаман», «Криптовалютадан кунига 100 доллар топишни бошланг», «Уйдан чиқмай бойиб кетинг» каби шиорлар ортида эса кучли ижтимоий босим ётади.


Томошабин онгига «Агар ҳали ҳам ойликдан ойликкача яшаётган бўлсанг, демак, замондан ортда қолгансан, фикрлашинг эски», деган қараш сингдирилади. Инсон ўзини омадсиз, журъатсиз, имкониятлардан фойдалана олмаётган одамдек ҳис қила бошлайди. Айнан айбдорлик ва шошилинч қарор қабул қилиш ҳисси йигит-қизларни, ҳатто уларнинг ота-оналарини ҳам тузоқ сари етаклайди.


Сохта «бойиш курслари»нинг қимматлигини айтмайсизми? Катта даромад илинжидаги ёшларда бундай маблағ бўлмаслиги тайин. Шунда фарзанд ота-онасини пул топишга мажбурлайди, оиланинг сўнгги жамғармалари сарфланади, уйдаги қимматбаҳо буюмлар ломбардга қўйилади ёки юқори фоизли микроқарз расмийлаштирилади.


Масалага чуқурроқ қаралса, бу – оддий интернет фирибгарлигидан кўра хавфлироқ ҳодиса. Бундай тизим турмушини яхшилашга интилаётган, аммо молиявий билими ва барқарор даромади етарли бўлмаган инсонларни нишонга олади. Оқибатда муҳтожликдан қутулиш илинжидаги одам янада оғирроқ қарз ва қашшоқлик гирдобига тушади.


Ижтимоий тармоқларга қарасангиз, мижозларнинг аксарияти алданганидан шикоят қилишади. Чунки «ёпиқ», «махфий» ва «эксклюзив» деб тақдим этилаётган курсларда кўпинча профессионал билимдан асар ҳам бўлмайди. Уларнинг асоси YouTube ва бошқа очиқ платформаларда йиллар давомида бепул турган бошланғич видеодарслардан йиғилади. Кейин бу маълумотлар чиройли дизайн, баландпарвоз тақдимот ва сунъий сирлилик пардаси остида қиммат нархга сотилади.


Харидор эса амалий кўмак, иш ўрни ёки ваъда қилинган даромадни ололмайди. Курснинг ҳақиқий қиймати аён бўлиб, мижоз пулини қайтаришни талаб қилса, айрим «миллионер устозлар» уни қора рўйхатга киритиб, алоқани узади.


Муаммонинг яна бир нозик жиҳати шартномаларда яширинган. Харидорлар кўпинча «индивидуал консалтинг», «ахборот хизмати» ёки «муаллифлик дастури» деб номланган ҳужжатларга имзо қўяди. Хизматнинг аниқ натижаси, сифати ва ижрочининг масъулияти ноаниқ ифодалангани боис курс сотувчилари «биз маълумот бердик, натижа сизнинг тиришқоқлигингизга боғлиқ», деган баҳона билан жавобгарликни мижознинг ўзига юклайди.


Албатта, ҳар бир самарасиз курсни фирибгарлик, дея баҳолаб бўлмайди. Аммо рекламада кафолатланган даромад ваъда қилиниб, амалда оддий ва очиқ маълумот сотилса, бу жиддий ҳуқуқий ва ахлоқий мезонларни талаб қилади. Таълим ёки консалтинг номи остида фаолият юритаётган шахслар устидан қонуний назоратни кучайтириш, рекламадаги даромад ва кафолатларга доир даъволарни текшириш, шартномаларда хизмат мазмуни ва пулни қайтариш тартибини аниқ белгилаш зарур.


Реклама агентликлари, блогерлар ва машҳур шахслар ҳам масъулиятни ҳис қилиши керак. Улар ҳақ эвазига тавсия қилаётган ҳар қандай курс ортида минглаб инсонлар ишончи, маблағи, келажаги турганини унутмаслиги лозим. Кўп миллионлик аудиторияга эга одамнинг «мен фақат реклама қилдим» деган баҳонаси маънавий жавобгарликни бекор қилмайди.


Бироқ энг самарали ҳимоя аҳолининг, айниқса, ёшларнинг медиа ва молиявий саводхонлигини оширишдир. Қолаверса, пул, бойлик ўз-ўзидан келиб қолмайди. Унга билим, меҳнат, ҳунар билан эришилади. Сохта ваъдаларга алданиб, келажагингизни қарзлар гирдобига ташламанг!


Дилдора Амруллоева


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 7342 16:57 | 05.08.2023