Уй-жой харидида «рассрочка» бекор қилинмайди — Адлия вазирлиги
Ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда 2027 йилдан бошлаб уй-жойларни «рассрочка»га олиб бўлмаслиги ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Адлия вазирлиги ушбу хабарларга ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2026 йил 14 августдаги ПҚ–294-сон қарори билан 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизматлари операторлари фаолияти тартибга солинади.
Қарорга кўра, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи операторлар орқали кўчмас мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўла олмайди. Яъни воситачи оператор уй-жойни харидорга «рассрочка» асосида олиб бериши мумкин эмас.
Бироқ бу қурувчи ўз уй-жойини харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сота олмайди, дегани эмас.
Қарорнинг тегишли бандида сотувчи томонидан истеъмолчига тўғридан-тўғри амалга ошириладиган савдо ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган.
Шунинг учун харидорлар қурувчининг ўзидан уй-жойни бевосита «рассрочка» асосида сотиб олишлари мумкин.
Янги тартиб асосан муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи операторлар фаолиятига тааллуқли. Улар махсус реестрга киритилади ва Марказий банк назорати остида ишлайди. Шунингдек, операторлар шартномалари, устама ва комиссияларига нисбатан аниқ талаблар белгиланади.
Демак, 2027 йилдан уй-жойларни «рассрочка»га олиш бутунлай бекор қилинмайди. Янги тартиб воситачи операторлар орқали амалга ошириладиган муддатли тўлов хизматларига нисбатан қўлланади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0