Тошкент халқаро молия марказига конституциявий мақом берилди
Президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Таъкидланишича, мазкур ҳужжат 2026 йилнинг энг муҳим иқтисодий воқеаларидан бири бўлиб, сўнгги қарийб ўн йил давомида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Қонун билан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Янги марказ Англия ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган, алоҳида ҳуқуқий мақомга эга ҳудуд сифатида фаолият кўрсатади. Унда махсус тартибга солиш тизими, мустақил тижорат суди ҳамда халқаро илғор стандартларга мос ҳуқуқий муҳит шакллантирилади.
Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, айнан шундай шаффоф ва ишончли ҳуқуқий механизмлар халқаро инвесторлар, банклар, инвестиция фондлари ҳамда молия компаниялари учун муҳим аҳамиятга эга. Янги регуляторлик тизими мамлакатга халқаро капитал оқимини жалб этиш, замонавий молия хизматларини ривожлантириш ва йирик трансмиллий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Шунингдек, у ушбу қонунни «жаҳон бозорининг энг қимматли активи — ишончга киритилган инвестиция» деб баҳолади. Унинг фикрича, Тошкент инвесторлар учун аниқ ва тушунарли қоидалар ҳамда капиталнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш орқали жаҳон молия тизимининг муҳим бўғинига айланиши, шунингдек, бутун минтақа иқтисодий тараққиётининг асосий драйверларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида Тошкент халқаро молия маркази фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Конституциявий қонун қабул қилиниши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Президент ўша йиғилишда Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилганини эслатиб, мазкур Конституциявий қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлаган эди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0