Ётиб еганга тоғ чидамас
Гулистон туманга янги ҳоким тайинлаганини эшитиб қабулига шошилди. Қаҳратон совуқда эгнига эски жемферини кийиб олди, қўлига кўмир суришни ҳам ёддан чиқармади. Нақ ўн дақиқа кўз ёши тўкди, “Ёлғиз аёлман, бормаган эшигим қолмади, ҳеч ким мени тинглашни истамаяпти” деб дий-диё қилди.
Туман ҳокими маҳалла раисини, ҳоким ёрдамчисини чақириб, изоҳ сўради. Маълум бўлишича, Гулистон “Аёллар дафтари” рўйхатига бир неча бор киритилган, турли босқичлар доирасида давлат ва жамоатчилик томонидан мунтазам ёрдам олиб келган. Жумладан, 2023–2025 йиллар давомида уй-жой таъмирланган, бир неча бор моддий кўмак берилган, озиқ-овқат, кийим-кечак, хомийлик қурилиш ишлари ҳамда бир марталик пул маблағлари кўринишида ўн миллионлаб сўм ёрдам ажратилган.
Бир нафар вояга етмаган фарзанди учун давлат томонидан белгиланган бола пули ҳам олади. Маълум бўлишича, Гулистон давлат ва жамоатчилик эътиборидан четда қолмаган, аксинча, тизимли равишда қўллаб-қувватланган.
Ҳоким бува Гулистонга иш таклиф қилди:
-Вой менинг грижам бор,-деди аёл кўзларини пирпиратиб.
-Буни текширтирамиз, шунга мос иш топиб берамиз, ҳозир элнинг ярми “ грижа”, қўрқманг, сизга қоп кўтартирмаймиз.
Гулистон минғир-минғир қилиб уйига қайтди. Унга таклиф қилишган ишлар унчалик маъқул келмади. Маъқул келганларига эса хат-саводи етмайди. Дарҳақиқат, бир марталик ёрдам инсон ҳаётини тўлиқ ўзгартириб юбормайди. Давлат қўллаб-қувватлови инсонни доимий боқимандалик кайфиятига ўргатиш учун эмас, балки уни ўз оёғига туришига замин яратиш учун мўлжалланган.
“Ётиб еганга тоғ чидамас”, “Қўлда берганга қуш тўймас”, деган халқ мақоллари айнан шундай ҳолатларга нисбатан айтилгандек. Агар ҳар бир кўрсатилган ёрдам янги талаб ва навбатдаги шикоят учун асос бўлаверса, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг мазмун-моҳияти йўқолиши мумкин.
Шу боис, ёрдам олувчилар ҳам муайян масъулиятни ҳис этиши, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишга интилиши лозим. Иш билан таъминлаш, касбга йўналтириш, ўзини-ўзи банд қилиш имкониятлари мавжуд бир пайтда, фақат моддий кўмакка суяниш ижтимоий адолат тамойилларига ҳам мос келмайди.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
“Ishonch”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0