Тадбиркорлар учун “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимини жорий этилади
Адлия вазирлиги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм ҳамда оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимини жорий этиш тартибини белгиловчи низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
Мазкур низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик талаблари бузилиши эҳтимолини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш механизми йўлга қўйилади. Хавф даражаси давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлар асосида аниқланади. Бу жараёнда тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки ахборот талаб қилинишига йўл қўйилмайди. Низомга кўра, баҳолаш ички назорат тизими ҳамда жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш йўналишлари бўйича белгиланган алоҳида мезонлар асосида амалга оширилади.
Таҳлил натижаларига кўра, тадбиркорлик субъектлари юқори, ўрта ва паст хавф тоифаларига ажратилади.
Юқори ва ўрта хавф гуруҳига кирган субъектларда қонунчиликка мувофиқ профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар ўтказилади. Паст хавф тоифасидаги тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.
Шу билан бирга, электрон тизим орқали аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чораларини қўллаш учун ҳуқуқий асос ҳисобланмаслиги белгиланган.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0