Қўшимча дам олиш кунлари ҳисобидан ойлик камаядими?
2026 йилги Қурбон ҳайити муносабати билан берилган қўшимча дам олиш кунлари ортидан кўпчиликда “ойлик маош камайиб қолмайдими?” деган савол пайдо бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги ПФ-257-сонли “2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, ходимлар Қурбон ҳайити муносабати билан кетма-кет 5 кун дам олишлари мумкин. 1 июнь, душанба кунидан эса барча ходимлар учун иш куни бошланади.
Хўш, бу қўшимча дам олиш кунлари иш ҳақига таъсир қиладими?
Меҳнат кодексининг 249-моддаси 4-қисмига кўра, ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш вақтбай, ишбай ёки бошқа белгиланган тизимлар асосида амалга оширилади.
Агар ходим меҳнатига вақтбай тизимда ҳақ тўланса, қўшимча дам олиш кунлари сабаб ойлик маош камаймайди. Масалан, шифокор ёки ўқитувчи бир ойда 22 иш куни ёки 20 иш куни ишлаганидан қатъи назар, белгиланган ойлик маошини тўлиқ олади.
Бироқ ишбай тизимда ишлайдиган ходимларда вазият бошқача бўлиши мумкин. Чунки бу тизимда иш ҳақи бажарилган иш ҳажми, ишлаб чиқарилган маҳсулот сони ёки кўрсатилган хизмат миқдорига қараб ҳисобланади. Шу сабабли қўшимча дам олиш кунлари иш ҳажмига таъсир қилса, ойлик даромад ҳам камайиши эҳтимоли бор.
Меҳнат кодексининг 277-моддасига кўра, ишбай ҳақ тўлаш тизимида нархлар тариф ставкалари, иш разряди ҳамда ишлаб бериш нормалари асосида белгиланади.
Бунда: — иш ҳақи ишлаб чиқарилган маҳсулот сонига; — бажарилган иш ҳажмига; — хизмат кўрсатилган мижозлар сонига; — маҳсулот сифатига қараб тўланади.
Масалан, савдо соҳасида сотувчиларнинг даромади савдо ҳажмига боғлиқ бўлади. Шунингдек, журналист, муҳаррир, ёзувчи каби ижодий касб эгаларида ҳам иш ҳақи яратилган маҳсулот ёки материал миқдорига қараб ҳисобланиши мумкин.
Демак, қўшимча дам олиш кунлари вақтбай ишлайдиганлар учун ойликка таъсир қилмайди, ишбай тизимда ишлайдиганларда эса иш ҳажмига қараб маош ўзгариши мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0