«Яшил макон»: экилган кўчатларнинг учдан бири қуриб қолган

Президент Шавкат Мирзиёев умуммиллий «Яшил макон» лойиҳаси ижросини яна танқид қилди.

09:24 | 19.11.2026
•
51
«Яшил макон»: экилган кўчатларнинг учдан бири қуриб қолган
Катталаштириш

Маълум бўлишича, баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бири қуриб қолган, ҳисоботларда эса қўшиб ёзиш ҳолатлари такрорланган.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, кузги кўчат экиш мавсуми 8 ноябрда бошланган бўлса-да, Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ишлар белгиланган режадан ортда қолмоқда.

Давлат раҳбари кўкаламзорлаштиришда асосий мезон экилган кўчатлар сони эмас, балки уларнинг тутиб кетиши ва кейинги йилларда соғлом ўсиши бўлиши кераклигини таъкидлади.

Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос, қурғоқчилик ва иссиққа чидамли дарахт турларини танлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш ҳамда кўчатларни мунтазам парваришлаш зарурлиги қайд этилди.

Президент ҳар бир маҳаллада аҳоли жон бошига камида учтадан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва бу борада маҳалла раислари ҳамда ўрмон хўжалиги ходимлари масъулиятини ошириш вазифасини қўйди. Жорий йилда экилган кўчатларнинг камида 90–95 фоизи тутиб кетишини таъминлаш топширилди.

Йилига 200 миллион туп дарахт экишни мақсад қилган «Яшил макон» дастури 2021 йил ноябрда бошланган. Бироқ орадан кўп ўтмай, экиш ишлари бўйича ҳисоботларга қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.

2022 йилда Ҳисоб палатаси баҳорги мавсумда миллионлаб кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, айримлари суғориш имкони бўлмаган жойларга экилгани ва қуриб қолганини маълум қилган.

Кейинги йилларда ҳам бу муаммо бартараф этилмади. Хусусан, ўтган кузда баҳорда экилган 137 миллион туп дарахт ва бутанинг 27,5 миллиони ёки 20 фоизи нобуд бўлгани хабар қилинган. Бу ҳолатга эрта бошланган иссиқ ҳам сабаблардан бири сифатида кўрсатилган.

Демак, «Яшил макон»да энди экилган кўчатлар сонини эмас, уларнинг қанчаси кўкариб, яшаб қолаётганини назорат қилиш муҳим.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади