Шаҳар тоза бўлиши учун “Ватан” чиқиндихонага айланиши керакми? — янгийўлликлар

Таҳририятимизга Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Ватан” МФЙ аҳолисидан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, мазкур туманда жойлашган чиқинди полигонига қатновчи махсус машиналар айни пайтда белгиланган йўналишдан эмас, маҳалланинг ички йўлларидан ҳаракатланмоқда. Бунинг оқибатида йўллар таъмирталаб ҳолга келган, чиқиндиларнинг атрофга сочилиши сабабли ҳудуд ифлосланмоқда. Бундан ташқари, маҳаллада эгасиз итлар кўпайгани, шунингдек, авариявий ҳолатга келиб қолган кўприк ҳам аҳолини ташвишга солмоқда.

11:41 | 18.11.2026
•
119
Шаҳар тоза бўлиши учун “Ватан” чиқиндихонага айланиши керакми? — янгийўлликлар
Катталаштириш

Мурожаатда кўтарилган масалаларни ўрганиш мақсадида, ушбу маҳаллада бўлдик. Дарҳақиқат, ҳудуддаги йўлларнинг абгорлиги, чиқинди ташувчи машиналарнинг тинимсиз қатнови, айниқса, “Ватан” МФЙни “Ифтихор” МФЙ билан боғлаб турган кўприкнинг хавфли ҳолати эътиборимизни тортди.

— Шу йўлдан чиқинди ортилган машиналар кунига юз марталаб ўтиб-қайтади, — дейди “Ватан” МФЙ раиси Дилмурод Эрмирзаев. — Тинимсиз қатнов туфайли марказий йўллар таъмирталаб бўлиб қолган. Тошкент вилоятининг турли ҳудудлари, шунингдек, пойтахтнинг Учтепа, Олмазор, Чилонзор каби еттита туманидан ҳаракатланувчи бу машиналарга меъёридан ортиқ чиқинди юкланиши оқибатида йўл чеккаларига ахлатлар сочилиб кетади. Бир неча марта ҳайдовчиларни тўхтатиб, тўкилган ахлатни ўзларига йиғдирдик. Туман ИИБ ЙҲХБ вакиллари билан биргаликда мунтазам рейдлар ҳам ўтказяпмиз, аммо бунинг фойдаси бўлмаяпти.

Маълум бўлишича, чиқинди ташувчи машиналар полигонга бориши учун белгиланган йўл бор. Бироқ улар яқинроқ йўлдан юришни афзал билишади ва тахминан беш километр масофани тежаш мақсадида, “Ватан” МФЙ ҳудудидаги ички йўлларидан юришади. Бундан ташқари, айрим ҳайдовчилар чиқинди орасидаги пластмасса ва елим идишларни ажратиб олиб, аҳолига сотиш билан ҳам шуғулланади. Машиналарнинг маҳалла ичидан катта тезликда ҳаракатланиши ҳақида ҳам эътирозлар билдирилди. Ҳудудга умумий тезлик меъёрларига мувофиқ, юқори тезликни чекловчи махсус йўл белгилари ўрнатилмаган, марказдаги ягона кузатув камераси ҳам ишламайди.

“Ватан” МФЙ профилактика инспектори Бахтбек Қорабоевнинг айтишича, мунтазам рейдлар ўтказилиб, маҳаллага кириб келаётган чиқинди машиналари ортига қайтарилади, ҳайдовчиларга тушунтириш ишлари олиб борилади. Бироқ шунга қарамай, муаммонинг давом этаётгани назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу ўринда чиқинди ташувчи махсус машиналарнинг юкланиш меъёрига риоя этилиши масаласи ҳам эътиборга молик. Маълумки, ҳар бир транспорт воситасининг юк кўтариш қобилияти техник ҳужжатларида белгиланади. Машинага меъёрдан ортиқ юк ортиш мумкин эмас. Бу талабга амал қилиниши, чиқиндининг йўлга сочилмаслиги ва транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назорат қандай олиб борилаётгани ҳам алоҳида ўрганишни талаб қилади.

Шунингдек, МФЙ раисининг таъкидлашича, айрим машиналар тунги вақтда чиқиндиларни полигонгача олиб бормасдан, маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи “Бўзсув” канали қирғоқларига тўкиб кетмоқда. Ҳатто баъзан қутига солинган кучук болалари ҳам шу ерда қолдирилмоқда. У ерларга кузатув камералари ўрнатилмагани сабабли, қонунбузарликларга йўл қўяётган шахсларни аниқлаш имкони бўлмаяпти. Натижада ҳудудда эгасиз дайди итлар кўпайиб, аҳоли хавфсизлигига ҳам таҳдид юзага келмоқда.

Маҳалла раиси яқинда ана шундай дайди итлардан бири ёш болага ташлангани акс этган видеотасвирни кўрсатди. Маълум бўлишича, ит ҳужуми оқибатида бола танасининг уч жойидан жароҳат олган. Унга нафақат жисмоний, балки руҳий ёрдам олиши ҳам зарур бўлган.

— Маҳалламизда муаммолар эътиборсиз қолавергач, кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида “Инстаграм” ижтимоий тармоғида шахсий блог очдим, — дейди аҳоли вакили Шерали Арслонов. — Унда маҳалладаги камчиликларни кўрсатиб, тегишли идораларга аҳоли номидан мурожаат қилиб бораман. Оз бўлса-да, натижа бўляпти. Ижобий ҳал этилган масалалар бўйича аҳолининг миннатдорчилигини ҳам акс эттирамиз албатта.

Биз эгасиз итлар масаласида Янгийўл тумани Ободонлаштириш бошқармасининг инфратузилмалар бўлими мутахассиси Дилдора Гузарова билан боғландик. У жорий йилнинг 12 сентябрь куни маҳалладан бешта қаровсиз ит тутиб кетилгани, шундан сўнг аҳолидан бошқа мурожаат бўлмаганини билдирди.

Шунингдек, маҳалладаги яна бир жиддий муаммо — “Ватан” МФЙни “Ифтихор” МФЙ билан боғлаб турувчи кўприкнинг бугунги ҳолати маҳалла аҳлини ташвишга солмоқда. Тахминан қирқ йил аввал қурилган бу кўприкнинг устунлари эскириб, хавфли ҳолатга келиб қолганига ҳам деярли ўн йил бўлган.

Ўқувчилар шу ердан ўтиб мактабга қатнайди, шунингдек, чиқинди полигонига борадиган оғир юк машиналари ҳам ҳар куни шу ердан ўтиб-қайтади. Кўприкнинг икки четида ҳимоя тўсиқлари йўқлиги эса хавфни янада оширмоқда. Кўприкдан сувгача бўлган чуқурлик тахминан 10 метрни ташкил қилади. Аввал ҳам бир неча бор машиналар, ҳатто болалар сувга тушиб кетган ҳолатлар кузатилган.

Масалан, жорий йилнинг 29 апрель куни “Янгийўлликлар” телеграм каналида бир чиқинди ташувчи машинанинг кўприкдан қулагани акс этган видеотасвир жойланган. Унда “Янгийўл тумани, Ватан мфй ҳудудидаги кўприкдан катта машина қулаб тушган. Кўприк жуда носоз ҳолатда. Масъулларнинг эътибори керак” мазмунидаги пост қолдирилган. Яхшики, ҳайдовчига жиддий жароҳат етмаган.

Маҳалла аҳолиси ушбу муаммо юзасидан туман ҳокимлиги масъулларига бир неча марта мурожаат қилган. Бироқ, ҳозиргача кўприкни таъмирлаш ёки унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳеч бир амалий иш қилинмаяпти.

“Ватан” МФЙдаги вазиятга қараб, бу ерда бир-бири билан узвий боғлиқ бир нечта муаммо тўпланиб қолганини кўриш мумкин. Табиийки, бир қатор саволлар туғилади: чиқинди ташувчи машиналарнинг белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатланиши нега қатъий назорат қилинмаяпти? Нима учун маҳалланинг марказий йўлларида тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилмаган? Маҳаллада эгасиз итлар билан боғлиқ муаммо юзасидан мурожаат қилинганига қарамай, ит ҳужуми ҳолати ҳам қайд этилди. Шундай экан, нега масъуллар қарийб икки ойдан буён ҳудуддаги вазиятни қайта ўрганмаган? Кўприкнинг хавфсизлигини таъминлаш учун масъул ташкилотлар қачон амалий чора кўради?

Бир сўз билан айтганда, “Ватан” МФЙ аҳолиси ҳам мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида яшаётган фуқаролар каби тоза ва хавфсиз муҳитда яшашга ҳақли. Бир ҳудуднинг ободлиги бошқа бир ҳудуд аҳолисининг осойишталиги ва хавфсизлиги ҳисобига таъминланмаслиги керак. Ёки шаҳарни тоза сақлаш учун “Ватан” чиқиндихонага айланиши керакми?

Холида Эгамбердиева,

Ishonch

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади