Пенсия жамғармаси харажатлари даромадларидан 21,1 триллион сўмга ошган

Пенсия тайинлаш ва ҳисоблаш тизимида бир қатор ўзгаришлар таклиф этилмоқда. Хусусан, пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган иш ҳақи даврини босқичма-босқич 20 йилга етказиш, пенсия учун талаб этиладиган минимал иш стажини 15 йилгача ошириш режалаштирилмоқда.

18:48 | 25.09.2026
•
57
Пенсия жамғармаси харажатлари даромадларидан 21,1 триллион сўмга ошган
Катталаштириш

Бу ҳақда ОАВ вакиллари билан ўтказилган матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов маълум қилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Пенсия жамғармасининг даромадлари 56,1 триллион сўм, харажатлари эса 77,2 триллион сўмни ташкил этган. Даромад ва харажатлар ўртасидаги 21,1 триллион сўмлик тафовут Давлат бюджетидан трансфертлар ҳисобига қопланган.

Мавжуд тенденциялар сақланиб қолса, 2040 йилга бориб бюджет трансфертларига бўлган эҳтиёж 91 триллион сўмгача етиши мумкин. Шу боис пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида янги механизмлар таклиф этилмоқда.

Хусусан, 2027 йил 1 январдан пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган 5 йиллик иш ҳақи даври ҳар йили бир йилдан узайтирилиб, босқичма-босқич 20 йилга етказилиши кўзда тутилмоқда. Бунда фуқаронинг энг паст даромад олган даврининг 10 фоизини ҳисобдан чиқариш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган минимал иш стажини ҳозирги 7 йилдан ҳар йили бир йилга ошириб бориш ва 2034 йилда 15 йилга етказиш режалаштирилган. Масалан, 2027 йилда 8 йил, 2028 йилда 9 йил, 2030 йилда 11 йиллик иш стажи талаб этилиши мумкин.

Яна бир муҳим таклиф — узоқ йил меҳнат қилган фуқароларни рағбатлантириш. 2028 йил 1 апрелдан пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараварига ошириш кўзда тутилмоқда. Агар фуқаро пенсияга чиқишни 6 ойга кечиктирса, ушбу чегара 14 бараварга, 12 ойга кечиктирса — 15 бараварга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга, жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш бўйича ҳам таклифлар бор. Хусусан, 2027 йилдан 7,6 миллион сўмгача иш ҳақи оладиган фуқаролар ўз хоҳишига кўра иш ҳақининг 5 фоизини шахсий пенсия ҳисобварағига ўтказса, давлат томонидан ушбу маблағнинг 50 фоизигача миқдорида қўшимча маблағ ажратилиши таклиф этилмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар пенсия тайинлашда фуқароларнинг узоқ йиллик меҳнат фаолиятини кенгроқ инобатга олиш, шахсий пенсия жамғармаларини шакллантириш ҳамда тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Феруза Раҳимова,
Ishonch. uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади