«Парчаланаётган» инсон унинг руҳиятини қандай асраб қолиш мумкин?

Илм-фан ва технологиялар ривожлангани сари инсон имкониятлари кенгаймоқда, аммо ички барқарорлик ва руҳий яхлитлик билан боғлиқ муаммолар кучаймоқда. Улардан бири замонавий психологияда «яхлитлик танқислиги» деб аталувчи ҳолатдир

13:42 | 06.10.2026
•
88
«Парчаланаётган» инсон  унинг руҳиятини қандай асраб қолиш мумкин?
Катталаштириш

. Бу атама илмий адабиётларда турлича ифодаланса-да, мазмунан бир нуқтага, яъни инсоннинг ички дунёси, қадриятлари, ҳис-туйғулари ва ташқи ҳаёти ўртасидаги уйғунликнинг бузилишига бориб тақалади. Оддий қилиб айтганда, инсон бир нарсани ўйлаб, бошқача гапирганда ва бошқача ҳаёт кечирганда, ички «мен»и парчаланади. Оқибатда у ўзини турли ролларни ижро этувчи актёр сифатида ҳис қилади.

Замонавий талаба нега Бу ҳолатга тушиб қолмоқда?

Ҳозирги талабаларнинг ҳаёти аввалгиларникидан мутлақо фарқ қилади. Илгари инсоннинг шахсияти асосан оила, китоб ва атроф-муҳит таъсирида шаклланган бўлса, бугун у бир вақтнинг ўзида ўнлаб ахборот манбалари ичида яшамоқда. Ижтимоий тармоқлар, сунъий интеллект, онлайн муҳит ва доимий таққослаш психологияси ёшлар онгига кучли босим ўтказмоқда.

Талаба аудиторияда бир образда, ижтимоий тармоқда иккинчи тимсолда, оила даврасида эса мутлақо бошқа қиё­фада намоён бўлиши мумкин. Бу ҳолат аста-секин ички зиддиятларни келтириб чиқаради. Оқибатда инсон ўзининг ҳақиқий «мен»ини йўқота бошлайди. Энг хавфлиси, кўпчилик буни муаммо сифатида англамайди. Масалан, баъзи талабалар интернетда муваффақиятли ва серғайрат кўринади. Аслида эса улар ички тушкунлик, хавотир ёки ўзидан қониқмаслик билан курашаётган бўлади. Бу вақт ўтиши билан эмоционал чарчоқ, маънавий бўшлиқ ва ҳатто депрессияга олиб келиши мумкин.

«Мен кимман?» деган савол кучаймоқда

Инсон ҳаётидаги энг муҳим эҳтиёжлардан бири ўзликни англашдир. Яъни, инсон ўзининг кимлиги, ҳаётдаги мақсади ва қадриятларини англаши керак. Аммо ҳозирги тезкор муҳитда ёшларнинг аксарияти тайёр «идеал образлар» таъсирида яшашни афзал кўрмоқда. Кимдир бойликни, кимдир машҳурликни, яна кимдир ташқи кўринишни ҳаётнинг асосий мезони сифатида қабул қилмоқда. Натижада ўз ички эҳтиёжларига эмас, балки жамиятдаги сунъий стандартларга мослашишга ҳаракат қиляпти. Бу эса ички зиддиятларни кучайтиради.

Ижтимоий тармоқлар илҳом манбаими ёки психологик босим?

Ижтимоий тармоқларни бутунлай қоралаш тўғри эмас. Улар билим олиш, мулоқот ва имкониятларни кенгайтириш воситаси ҳам. Шу билан бирга, улардан нотўғри фойдаланиш инсон психологиясига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Айниқса, доимий таққослаш хавфли. Талаба ўз ҳаётини бошқаларники билан солиштириб кўрса, кимдир хорижда ўқияпти, кимдир бизнес қиляпти, бошқа биров машҳур бўлиб кетмоқда. Бу ҳолатлар унда «Мен ортда қоляпман» деган ­фикрни пайдо қилади. Ваҳоланки, ижтимоий тармоқлардаги ҳаёт кўп ҳолларда ҳақиқатнинг безатилган қисми холос. Аммо инсон онги буни вақтида англайвермагани боис ўзидан норозилик, хавотир ва руҳий босим кучайиб боради.

Дунёда бу муаммога қарши қандай курашилмоқда?

Финляндия таълим тизимида ўқувчини ўзини англайдиган шахс сифатида тарбиялаш концепциясига ўтилди. Мактаб ва университетларда жамоавий муҳокамалар, эмоционал интеллект, шахсий фикрни ифодалаш, рақамли маданият, ҳаёт маъноси ҳақида мулоҳаза каби йўналишлар таълимга киритилди. Натижада психологлар талабаларда стресс пасайганини, ижтимоий ишонч ошганини қайд этдилар.

Тажрибалар шуни кўрсатдики, инсонни фақат билим билан эмас, балки ички барқарорлик ва шахсий англаш асосида тарбиялаш маънавий парчаланишнинг олдини олади.

Жанубий Корея – дунёда интернет ва ижтимоий тармоқларга энг кўп боғланган давлатлардан бири. Ёшлар ўртасида депрессия, ёлғизлик, ўзликни анг­лаш инқирози кучайганидан сўнг давлат махсус лойиҳаларни йўлга қўйди. Смартфондан вақтинча узилиш масканлари, психологик реабилитация марказлари ва табиат терапияси шулар жумласидандир. Бундай лойиҳалардан кейин талабаларда хавотир камайиб, жонли мулоқот ва эмоционал барқарорлик ортган.

Юртимиздаги ислоҳотлар

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати ва «Ёшлар дафтари» тизими ёлғизланиб қолишнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Давлат томонидан ишсиз йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлашга, психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу уларда «Мен жамиятга керакман» деган ишонч ва қадр ҳиссини шакллантириб, маънавий бўшлиқ ва ички парчаланишни камайтиради.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида психологлар фаолияти кенгайтирилиб, талабалар билан индивидуал ишлаш, стресс ва депрессия профилактикаси, психологик маслаҳатлар ҳамда тренингларга эътибор кучайди. Бундай ёндашувлар талабаларнинг эмоционал барқарорлигини мустаҳкамлаш, ташқи босимларга чидамлилигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Китоб инсонда фикрлаш, таҳлил қилиш, мулоҳаза юритиш ва эмоционал барқарорлик каби фазилатларни ривож­лантиради. Шу боис юртимизда ташкил этилаётган китобхонлик танловлари ахборот оқими ва рақамли муҳит таъсирида «парчаланган тафаккур»нинг салбий оқибатларини юмшатишга ёрдам беради.

Яхлитликни қандай сақлаб қолиш мумкин?

Аввало, инсон ўзини эшитишни ўрганиши керак. Замонавий дунёда ҳамма гапиряпти, аммо озчилик ўз ички овозини тинглаяпти. Бу синдром тузоғига тушиб қолмаслик учун талаба ўзига доимий равишда «Мен ким учун яшаяпман?», «Нимани истайман?», «Қадриятларим нималардан иборат?», «Ҳаётимдаги асосий мақсад нима?» каби саволларни бериб туриши керак. Бу таҳлил инсонни ички англаш сари етаклайди. Шунингдек, рақамли муҳит билан реал ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлаш жоиз. Китоб ўқиш, жонли мулоқот, спорт ва ижод билан шуғулланиш, табиат қўйнида вақт ўтказиш инсон руҳиятини тиклашга ёрдам беради.

Энг муҳими, инсон ўзини бошқалар билан эмас, кечаги ўзи билан таққослашни ўрганиши лозим. Чунки ҳақиқий муваффақият фақат диплом, мансаб ёки машҳурлик эмас, инсоннинг ўзини сақлаб қолиши, ички хотиржамлиги ва маънавий яхлитликка эриша олишидадир.

Камолиддин ЖАББАРОВ,

Ўзбекистон Миллий университети доценти, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади