Интернетда сотилаётган болалик

уларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади? Хўш, бугун интернетда машҳур бўлаётган ўғил-қизларнинг эртанги тақдири нима бўлади? Бу ҳақда кимдир ўйлаб кўрганмикан? Вақт-соати етиб, «Нима учун менинг ҳаётим бегоналарнинг кулгиси ва трендига айлантирилган?» деган савол уларни қийнамасмикан?

13:36 | 06.10.2026
•
84
Интернетда сотилаётган болалик
Катталаштириш

Дунё тажрибасидан маълум бўлишича, ота-она фарзандининг розилигисиз унинг сурати ва видеоларини тармоққа жойлаши оқибатида келиб чиқаётган низолар аллақачон ҳуқуқий майдонга кўчган. Мисол учун, Австрияда 18 ёшга тўлган қиз ўз ота-онасини судга берган. Сабаби, болалигидан бери ота-онаси унинг 500 дан ортиқ шахсий ва ноқулай аҳволдаги суратларини Facebook тармоғига жойлаштириб келган. У суратларни ўчиришни қайта-қайта сўраса-да, отаси «Буни ўзим олганман, хоҳлаганимча фойдаланаман», деб рад этган. Натижада суд қизнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги ва шаънини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олиб, ота-она зиммасига сурат ва видеоларни ўчириш мажбуриятини юклаган.

Худди шундай иш Италиянинг Рим фуқаролик судида ҳам кўриб чиқилган. 16 ёшли ўсмир онаси ижтимоий тармоқларда унинг расмларини тез-тез жойлаштириши ва шахсий ҳаётига аралашиши ҳақида судга арз қилган. Суд онага ўғлининг суратларини ўчириб ташлаш ва қайта эълон қилмаслик мажбуриятини юклаган.

Францияда эса 2024 йили махсус қонун қабул қилиниб, ота-она бола тасвирини тармоққа жойлашидан олдин унинг фикрини инобатга олиши зарурлиги шарт қилиб қўйилди ва суиистеъмолчилик бўлган тақдирда судга тасвир тарқатиш ваколатини ота-онадан тортиб олиш ҳуқуқи берилди.

Бундай суд амалиёти ва қонунчилик бежиз пайдо бўлаётгани йўқ. Улар халқаро ҳуқуқ нормаларига таянади. Жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 16-моддасида шундай дейилади: «Ҳеч бир бола шахсий, оилавий ҳаётининг дахлсизлиги, уй-жойининг ёки ёзишмаларининг сир сақланиши ҳуқуқини амалга оширишда ўзбошимчаликка, ноқонуний аралашувга, шунинг­дек, унинг шаъни ва обрўсига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмас». Шунингдек, ушбу Конвенциянинг 12-моддасида боланинг ўзига тааллуқли ҳар қандай масалада шахсий фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқи кафолатланган.

Миллий қонунчилигимизда ҳам бу борада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор мавжуд. Хусусан, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида боланинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилинишига, шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. 10-модда болани ота-она томонидан содир этиладиган руҳий зўравонлик ва унинг шаънига нисбатан бўладиган тажовузлардан ҳимоя қилади. Оила кодексининг 67-моддасида эса «Бола ота-онаси (уларнинг бири) томонидан ҳуқуқлари суиистеъмол қилинганда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органларига, 14 ёшга тўлгач эса мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга» деб қайд этилган. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 99-моддаси фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқларини, жумладан, шахсий ҳаёти сири қонун билан қўриқланишини кафолатлайди.

Демак, ота-онанинг ўз фарзанди тас­вирларидан унинг розилигисиз ёки ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда фойдаланиши қонунчилик талабларига зид. Зеро, ўғил-қизлар ота-онанинг ёки блогерларнинг медиа ва молиявий мақсадларини ҳал қилувчи манба эмас. Уларнинг болалигини дахлсиз ўтказиш ҳуқуқи ҳар қандай гонорар ҳамда «лайк»лардан устун туриши шарт!

Шу боис Болалар омбудсмани ҳамда мутасадди ташкилотлар мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг рақамли оламдаги дахлсизлигини таъминлаш масаласига жиддий ­эътибор қаратсалар айни муддоа бўлар эди. Ижтимоий тармоқларда болаларнинг шахсий ҳаётидан тижорий ёки медиа мақсадларда фойдаланишга чек қўядиган, шунингдек, блогерлар ва ота-оналарнинг рақамли майдондаги масъулиятини белгилайдиган ҳуқуқий ҳамда ахлоқий меъёрларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш вақти аллақачон етди. Бу нафақат бугунги болаларнинг, балки келажак авлоднинг хавфсизлиги учун ҳам муҳим ҳуқуқий кафолатдир.

Дилдора ИБРОҲИМОВА

«ISHONCH»

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади