Озарбайжонча шоҳ асар –"Аршин мал алан" ўзбек тилида саҳнага қўйилди

12:25 | 17.09.2026
26

«Аршин мал алан» — буюк озарбайжон бастакори Узейир Ҳажибеков томонидан 1913 йилда яратилган машҳур мусиқали комедия спектакли. У асосида 1965 йилда бадиий фильм ҳам ишланган ва 86 тилга таржима қилинган. Бугунгача Ўзбек миллий академик драма театри ва Ёш томошабинлар театри жамоалари ҳам асарни саҳнага олиб чиққан. Бироқ бугун театр яратилганидан 113 йил ўтиб, у Ўзбекистон санъат ва маданият институти ёш актёрлари талқинида яна бир бор ижро этилди.

Сабаби бу йил асар муаллифи ва композитори Узейир Ҳожибейли таваллудига 141 йил тўлди. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик фаоллари, юртимизда истиқомат қилаётган озарбайжон миллати вакиллари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди. Тадбирнинг энг ёрқин чиқиши юқорида айтганимиздек, “Аршин мал алан” асарининг ўзбек тилида саҳналаштирилгани бўлди. Қардош халқ драматургияси ва мусиқий театрининг ёрқин намунаси бўлган ушбу асар ёш ижодкорлар томонидан ўзбек томошабинига она тилимизда тақдим этилди. Талабаларнинг ролларни маҳорат билан ижро этиши, саҳнадаги ҳаракатлари, диалогларнинг табиийлиги ва мусиқий чиқишлар барчада илиқ таассурот қолдирди.

Озарбайжон маданиятининг ўзбек саҳнасида ва ўзбек тилида намойиш этилиши икки халқ ўртасидаги нафақат сиёсий ҳамкорлик, балки маданий -маърифий ҳамкорлик ҳам жадал ривожланаётганининг исботи бўлди. Айниқса, Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази бу борада кўплаб лойиҳаларга бош бўлаётгани қувонарли.

113 йиллик саҳна сири

Узейир Ҳожибейли “Аршин мал алан” мусиқий комедиясини 1913 йилда Санкт-Петербургда таълим олаётган пайтида яратган. Асарнинг сюжети Қорабоғнинг Шуша шаҳри ҳаётидан олинган. Қизиғи, асарнинг нафақат мусиқасини, балки либреттосини ҳам Ҳожибейлининг ўзи ёзган. Асарнинг илк намойиши 1913 йил 25 октябрда Бокудаги Тағиев театрида бўлиб ўтган. Уни саҳналаштиришда Ҳусайнқули Сарабский режиссёр сифатида иштирок этган. “Аршин мал алан”нинг ўзбек тилида ёш актёрлар томонидан саҳнага олиб чиқилиши эса асарнинг умрбоқийлигидан далолатдир. Бир асрдан кўпроқ вақт олдин яратилган қаҳрамонлар бугун ўзбек тилида, янги авлод ижросида яна томошабин билан учрашди.

22 ёшида тарих ёзган бастакор

Узейир Ҳожибейлининг ҳаёти ва ижодига назар ташласак, унинг нақадар серқирра ижодкор бўлганига гувоҳ бўламиз. У 1885 йил 18 сентябрда Озарбайжоннинг Ағжабади ҳудудида туғилган ва болалиги Шушанинг бой мусиқий муҳитида ўтган. Энг қизиқарли фактлардан бири шуки, Ҳожибейли атиги 22 ёшида “Лайли ва Мажнун” операсини яратган. Бу асар 1908 йилда Бокуда саҳналаштирилиб, Озарбайжонда, шунингдек, мусулмон Шарқида опера санъати тарихининг муҳим бошланиш нуқталаридан бирига айланди.

Яна бир ҳайратланарли жиҳат, бўлажак бастакор 13 ёшида Шушада намойиш этилган “Мажнуннинг Лайли қабри устида” спектаклида хор таркибида қатнашган. Кейинчалик айнан шу таассуротлар унинг “Лайли ва Мажнун” операсини яратишига кучли туртки бўлган.

Тадбир давомида Узейир Ҳожибейли томонидан яратилган қўшиқ ва куйларнинг ижро этилиши кечага янада ўзгача руҳ бағишлади.

Зебо Намозова,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

410 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади