Қонунчиликда интизомий жазолар: амалиёт ва тартиблар
Меҳнат муносабатларида интизом масаласи ҳар доим долзарб. Айниқса, ходимга нисбатан интизомий жазо қачон ва қандай тартибда қўлланилиши, унинг ҳуқуқий асослари жамоатчиликни қизиқтиради. Шу масалалар юзасидан “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Лобар Розимова билан суҳбат уюштирдик.
— Лобар, аввало, айтиб ўтинг, интизомий жазо деганда нима тушунилади?
— Интизомий жазо — бу ходим меҳнат интизомини бузган тақдирда иш берувчи томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир. Ушбу жазо ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахс ёки орган томонидан қўлланилади.
— Қонунчиликка кўра, интизомий жазонинг қандай турлари мавжуд?
— Меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
- биринчидан, ҳайфсан;
- иккинчидан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Айрим ҳолларда ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ жарима миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизигача белгиланиши мумкин;
- учинчидан эса, меҳнат шартномасини бекор қилиш.
— Интизомий жазо қандай тартибда қўлланилади?
— Қонунчиликка кўра, иш берувчи интизомий жазо қўллашдан олдин ходимдан ёзма тушунтириш талаб қилиши шарт. Агар ходим ёзма тушунтириш беришдан бош тортса, бу ҳолат гувоҳлар иштирокида далолатнома билан расмийлаштирилади ва жазо қўллашга тўсқинлик қилмайди.
Муҳим жиҳати шундаки, ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин.
— Жазо чорасини танлашда иш берувчи нимага эътибор қаратади?
— Бу ерда бир нечта омиллар инобатга олинади: қилмишнинг оғир ёки енгиллиги, унинг содир этилиш ҳолатлари, шунингдек ходимнинг аввалги иш фаолияти ва хулқ-атвори.
— Интизомий жазо қандай расмийлаштирилади?
— Интизомий жазо иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ушбу буйруқ қабул қилинганидан сўнг, уч иш куни ичида ходимга имзо қўйдириб эълон қилинади. Агар ходим буйруқ билан таништирилмаган бўлса, у интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.
— Интизомий жазони қўллаш муддатлари қандай?
— Меҳнат кодексининг 314-моддасига мувофиқ, интизомий жазо қилмиш аниқланганидан сўнг дарҳол, бироқ бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши керак. Шу билан бирга, қилмиш содир этилган кундан эътиборан олти ойдан, айрим ҳолларда эса икки йилдан кечиктирмай жазо қўлланилиши мумкин.
— Интизомий жазо амал қилиб турган даврда ходимга мукофот тўланадими?
— Йўқ. Меҳнат кодексининг 299-моддасига асосан, интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, жумладан меҳнат натижасига боғлиқ бўлмаган мукофотлар берилмайди. Бу кўпинча “премия” масаласида учрайди.
— Мукофот тўлаш учун интизомий жазони олдинроқ олиб ташлаш мумкинми?
— Ҳа, мумкин. Меҳнат кодексининг 315-моддасига мувофиқ, иш берувчи ўз ташаббуси ёки ходим, унинг раҳбари ёки касаба уюшмаси қўмитасининг илтимосига кўра интизомий жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам бекор қилиши мумкин. Бу албатта буйруқ билан расмийлаштирилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0