ОАВ ҳамда сенатор танқидидан сўнг: Яккабоғдаги муаммо депутат кўмагида ҳал этилди
Бир муддат аввал "Ishonch.uz" Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Шар-шар боғот” маҳалласи аҳолисининг тошни қайта ишлаш корхонасига қатновчи оғир юк машиналаридан норози бўлиб йўллаган мурожаатини эълон қилган эди.
Унда, жумладан, маҳаллий аҳоли машиналарнинг ички кўчалар орқали ҳаракатланиши натижасида хавфли вазиятлар, чанг ва шовқиндан шикоят қилинади.
Аҳолини қийнаб келган масалага сенатор Ҳусан Эрматов ҳам эътибор қаратиб, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовга сўров юборган. Унда корхона фаолиятининг экологик ва жамоат хавфсизлиги жиҳатидан ўрганилгани, оғир юк машиналари етказган зарарлар ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича режалаштирилган чоралар ҳақида тушунтириш сўрагани айтилади.
Шундан сўнг Яккабоғ тумани ҳокими, масъул идоралар вакиллари, депутат, маҳалла аҳолиси ҳамда тадбиркор иштирокида ҳудудда учрашув ўтказилди.
Натижада заводга қатновчи оғир юк машиналари учун аҳоли яшаш ҳудудидан ташқарида алоҳида йўл қуришга келишиб олинди. Бунда туман ҳокимлиги зарур рухсатларни берадиган, йўлни эса тадбиркор ўз маблағлари ҳисобидан қурадиган бўлди.
Янги йўл ишга тушгач, маҳалла аҳолисига ноқулайлик туғдираётган чанг, шовқин ва ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши кутилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0