Ногиронлиги бор ёшлар робототехникадан қандолатчиликкача беллашди
Жорий йилнинг 12-13 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да “Инсон учун 2026” III фестивали ўтказилди. Тадбир илк бор 2024 йилда кўргазма сифатида ташкил қилиниб, 2026 йилга келиб кенг кўламли фестивал даражасига етди. Унинг доирасида ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда инклюзив меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича илғор тажрибалар кенг тақдим қилинди. Шу билан бирга, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, талабалар ва ёшлар учун яратилган имкониятлар, хизматлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари намойиш этилди.
Кўргазмада фаолияти бошқаларга ўрнак бўлган ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди. Шундайлардан бири “Нурли Қалблар” МЧЖ бўлиб, корхонада 6 нафар имконияти чекланган юртдошимиз иш билан таъминланган.
— Нашриётимизда турли хил китоблар ишлаб чиқарилади. Бу жараёнда махсус эҳтиёжи бор инсонлар ҳам фаол қатнашади. Улар китоб йиғиш, стикер қўйиш, степлер қилиш, муқовалаш ишларини бирма-бир қўлдан ўтказишади. Бу тизимда уларнинг хизмати жуда катта. Биз имкон қадар соғлом инсонлар қаторида имконияти чекланган юртдошларимизни ҳам қўллаб-қувватлашни бурчимиз деб биламиз, — дейди биз билан суҳбатда бўлган …
Кўргазмада ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси, касбий кўникмалар танлови ҳамда 100 га яқин ижтимоий лойиҳалар намойиш этилди. Бу эса фестивальнинг нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ва амалий аҳамиятини ҳам оширди. Бунга мисол қилиб Тошкент шаҳридаги “Меҳрли Қўллар” имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказини айтишимиз мумкин. Марказ вакили Муяссар Зикриллаева ўзи фаолият юритаётган маскан ҳақида шундай дейди:
— Ташкилотимизда болалар беш хил йўналишда ҳунар ўрганиб келишмоқда. Булар совунли букетли гуллар ясаш, оддий металлардан тақинчоқлар ясаш, ҳушбўй шамлар қилиш, гипсдан декоратив буюмлар ясаш. Ҳозирги кунда уларга қўшилиб оналари ҳам шу ҳунарни биргаликда ўрганишмоқда. Улар кейинчалик ҳунар ортидан уйда ўтириб даромад топиши мумкин. Шунингдек, ҳар бир болага маълум бир ташхис қўйилган. Биз ана шу ташхисларни эътиборга олган ҳолда уларни ижтимоий ҳаётга тайёрловчи маҳорат дарслари ҳам ўтамиз.
Кўргазмада бундай марказлар ва у ердаги имкониятлар билан меҳмонлар яқиндан таништирилди.
Фестивал Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Илм-фан ва таълим тарбияни ривожлантириш жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган. Тадбирнинг аҳамияти ҳақида Илм-фан ва таълим тарбияни ривожлантириш жамғармаси директор маслаҳатчиси Сирожиддин Бозоров қуйидагиларни айтди:
— “Энг катта лойиҳамиз— «Имкониятлар олимпиадаси» бўлди. Унда республика бўйича саралаб олинган 180 нафар иқтидорли ёш 13 та йўналишда, жумладан, робототехника, АКТ, қандолатчилик ва ғишт териш бўйича беллашдилар. Бизнинг асосий ғоямиз — жамиятга ногиронлиги бор шахсларнинг имкониятлари чекланмаганини, аксинча, улар биздан-да кенгроқ салоҳиятга эга эканини кўрсатиш эди. Саралаш жараёнлари очиқ ва шаффоф ўтди. Ҳакамлар ҳайъати сифатида ўз соҳасининг етакчилари — “София” қандолатчилик уйи, “NRG BI” қурилиш компанияси, “Тошкент гуллари” каби брендларринг етук мутахассислари жалб этилди. Энг муносиб деб топилган ёшлар ноутбук, планшет ва замонавий смартфонлар билан тақдирландилар. Энг муҳими, жорий йилги ғолиблар келаси йили Финляндияда бўлиб ўтадиган халқаро “АBILIMPKS” олимпиадасида Ўзбекистон шарафини жаҳон миқёсида ҳимоя қилишади.
Хулоса қилиб айтганда, 2024 йилда оддий кўргазма сифатида бошланган лойиҳа бугун улкан фестивалга айлангани мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанини кўрсатади.
Рушана Зарпуллаева,
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0