Нега ҳалигача долларфурушлар йўқолмаяпти?
Эсимда, бир танишим йиғиб қўйган пулларини АҚШ долларига айирбошлаб, валюта курси ошганида уларни сотиш мақсадида сақлаб қўймоқчи бўлганди. Ўзи чеккароқ ҳудудда яшагани учун, туман марказига бориб, банкда навбат кутиб, ярим кун вақтини сарфлашни истамади. Шунинг учун валюта савдоси билан шуғулланадиган одам топиб, маблағини 700 АҚШ долларига айирбошлади. Вақт ўтиб курс нархи ошди. Асраб қўйганини сотмоқчи бўлганида эса ўша 700 АҚШ долларининг фақат 300 долларигина ҳақиқий, қолгани сохта бўлиб чиқди. Кейинчалик қанча изламасин, ўша сўмини валютага алиштирган одамни тополмади. Хуллас, овора бўлмаслик йўлини танлагани танишимга анча қимматга тушганди.
Сиз ҳам бозорлар ва гавжум жойларда “Доллар оламиз”, “Доллар сотамиз” деб турган одамларни кўрганингизда, бу иш ноқонуний бўла туриб, ўша одамларнинг қандай бемалол фаолият юритаётганидан ҳайратланганмисиз?
Чунки Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, валюта операцияларини амалга ошириш фақат Марказий банк томонидан лицензия берилган ваколатли банклар ва расмий айирбошлаш шохобчаларигагина рухсат этилган. Кўча ёки бозорда “Доллар оламиз-сотамиз” деб турган шахсларнинг фаолияти тўлиқ ноқонуний ҳисобланади. Бундай шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддалари асосида маъмурий, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 176-моддаси “Ноқонуний тадбиркорлик” ҳамда 186-моддаси “Пул белгиларини қалбакилаштириш” бўйича эса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Айниқса, сохта валюта тарқатиш алоҳида оғир жиноят бўлиб, уни содир этган шахсларга озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар қўлланилади.
Эътиборимни тортган жиҳат, Чорсу метро бекатидан бозор томонга юраверишда 3 нафар долларфуруш шундоқ камеранинг тагида валюталарни айирбошлаётгани бўлди. Агар бу фаолият ноқонуний бўлса, нега улар очиқчасига ишлашда давом этмоқда? Бу назорат сустлигиданми ёки муаммодан кўз юмилмоқдами? Албатта ҳолатнинг бир неча сабаби бор. Биринчидан, назорат органлари томонидан мунтазам текширувлар етарли даражада олиб борилмайди. Иккинчидан, кўпчилик аҳоли бундай операцияларнинг ноқонуний эканлиги ҳақида хабардор эмас. Учинчидан, банк хизматларидан фойдаланиш, айниқса, чекка ҳудудларда, ҳали ҳам қийин ва вақт талаб қиладиган жараён бўлиб қолмоқда. Ана шу бўшлиқдан эса долларфурушлар моҳирона фойдаланмоқда. Аҳоли эса қулайликни афзал кўради. Банкка бориш, навбат кутиш ўрнига яқин атрофдаги “таниш” одамга мурожаат қилиш осонроқ туюлади. Лекин айнан мана шу “қулайлик” кўпинча юқоридаги мисолимиздаги каби катта йўқотишларга олиб келади. Мавзуни чуқурроқ ўрганиш мақсадида валюта айирбошлаётган фуқаролар билан суҳбатлашдим. Улардан бири Тожикистондан келган жуфтлик эди. Нега банк эмас, ноқонуний айирбошловчиларга мурожаат қилганини сўраганимда:
– Бугун шанба, банклар ишламайди. Биз эртага Тожикистонга қайтиб кетишимиз керак, – дея жавоб берди. Кейинги фуқаро эса:
– Банкка бориб навбат кутишни истамайман. Менинг навбатим келгунча ёпилиб қолса-чи? Яхшиси, яқин жойдан олишни маъқул кўрдим, – деди.
Учинчи харидор эса “Банкдан фойдаланишни маъқул кўраман. Аввал ҳам долларни кўчадаги олибсотарларга сотганимда пулнинг миқдори кам чиққанди. Буни уйга бориб билганман, андиша қилиб индамаганман. Аммо бугун сўм жуда зарур бўлиб қолди. Уйимга яқин атрофда валюта айирбошлаш шахобчаси йўқлиги учун бу ерга келишга мажбур бўлдим, – деди. Суҳбатлардан ҳам кўриниб турибдики, валюта савдосида кўчадаги олибсотарларга алданиш хавфи юқори. Аммо банкоматлар узоқда жойлашгани ёки банклар ишламаётгани боис юртдошларимиз ана шу хавфли йўлни танлашга мажбур бўлишмоқда. Нега ҳамма жойда ҳам валюта айрибошлаш ускуналари мавжуд эмас? Бу нималар билан боғлиқ? Ушбу савол билан мутахассисга мурожаат қилдик.
– Долларфурушлар кам, йўқолиб кетаяпти. Лекин бозор ва шунга ўхшаш жойларда ҳалигача бор, – дейди ХАТБ “Давр банк” ички назорат департаменти бош мутахассиси Достон Нуруллаев. – Ҳозир бутун республикамизда банк тизими яхшиланган. Илгари бундай эмасди. Фуқаролар хоҳласа долларни банкоматлар орқали, хоҳласа банкка бориб сотиб олиши ёки сотиши мумкин. Босқичма-босқич валюта айирбошлаш шахобчалари сони ошириб борилмоқда. Аммо афсуски, туман марказидан олисдаги қишлоқ ва ҳудудларда улар етарли эмас. Ҳаттоки, вилоятлардаги марказий шаҳарларда ҳам ҳаммаси аъло даражада деб айта олмаймиз. Чунки бу ўша ҳудудаги инфратузилма билан ҳам боғлиқ. Аппаратлар жуда қимматга хориждан келтирилади. Уларни сақлаб туриш учун ҳам шароит, мунтазам интернет ишлаб турадиган муҳит керак. Қолаверса, ёғин-сочинли кунларда унга зарар етмаслиги таъминланган бўлиши лозим. Ана шу каби сабаблар туфайли валюта айирбошловчи техникаларнинг қишлоқларга етиб бориши қийин бўляпти. Бироқ вазият олдингидан анча яхши. Буни юртдошларимиз англашлари ва ноқонуний хизматлардан фойдаланмасликлари керак. Ҳозир барча банкларнинг иловаларида ҳам картадаги сўмни чет эл валютасига ёки чет эл пулини сўмга алмаштириш имконияти бор. Шундай бўлса-да, айрим фуқароларимиз бу қулайликлардан фойдаланмасдан, ўзлари олдиндан ўрганган ишончсиз усулларни танлашмоқда.
Мавзуни ўрганганимизда бу каби муаммони енгган давлатлар тажрибаси билан ҳам танишдик. Масалан, Япония ноқонуний айирбошловчиларга қарши кескин курашиш ўрнига, аҳолига қулай ва ишончли муқобил тизим яратган. Anhor.uzнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда инфокиосклар ва банкоматларнинг умумий сони 2025 йилда 33 минг 650 тани ташкил этган. Бироқ уларнинг ҳаммаси валюта алмаштира олмайди. Валюта алмаштирувчи банкоматлар асосан туристик шаҳарларда, халқаро аэропортларда, йирик савдо марказларида, марказий банкларнинг асосий филиалларида, 5 юлдузли меҳмонхоналарда жойлашган. Туристлар камроқ келувчи ҳудудлар ва чекка жойларда бундай банкоматлар деярли йўқ.
Демак, хулоса қилиш мумкинки, қора бозордаги валюта савдосига қарши фақат тақиқлар билан курашиш етарли эмас. Одамлар учун қулай, тезкор ва хавфсиз тизим яратилмагунча, “доллар оламиз-сотамиз” деган чақириқлар яна ва яна янграйверади. Аниқроғи, валютафурушлар турадиган жойларда ва чекка ҳудудларда ҳам банкоматларни кўпайтирсаккина, уларнинг ноқонуний фаолияти ўз-ўзидан барҳам топади. Хўш, сиз бунга нима дейсиз?
Гулҳаё ПРИМОВА,
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0