+18C

+18C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Миллат юзини ёритган 1381 оқлов

2021 йил 25 августда совет даврида қатағон қилинган 115 нафар, 2022 йил 6 январда 120 нафар, 2022 йил 19 декабрда 173 нафар, 2023 йил 19 апрелда 208 нафар, 2023 йил 24 августда 240 нафар, 2024 йилда 205 нафар, 2026 йилда 161 нафар, жами 1381 нафар шахс оқланди.
Жамият
93 09:24 | 29.08.2026 09:24


Ҳа, ўтган асрнинг 30-йилларида мустабид тузум қатағон қилган ватандошларимизнинг номини тиклаш, уларнинг меросини ўрганиш ва тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.


Бу жараёнда, айниқса, 2020 йил алоҳида ўрин тутди. 8 октябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Ҳужжатда қатағон даври тарихини чуқур ўрганиш, архив материалларини тадқиқ этиш, қурбонларнинг номларини аниқлаш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни тўплаш, оқланмаган шахсларни аниқлаш ва оқлаш масалаларини ўрганиш каби муҳим вазифалар белгиланди.


– Қатағон қурбонларини оқлаш масаласи аввалдан бор эди, – дейди Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаев. – Аммо бу ишлар бугунги кундагидек кенг кўламда амалга оширилмаган. Масалан, шу вақтгача баъзи оқловлар бўлган бўлса ҳам, жуда тор доирада, яъни қариндошлари даражасида оқланган. Бунинг ҳам субъектив, ҳам объектив сабаблари бор, албатта. Давлатимиз раҳбарининг фармойиши эса мамлакатимиз, миллатимиз ифтихори ҳисобланган Носирхон Тўра Камолхон Тўра ўғли ёки Иброҳимбек Лақай, муфтий Садриддинхон, биринчи ўзбек Олий суди раиси Саъдулла Қосимов, ёинки истиқлолчилик ҳаракатига аралашган зоминлик Туроббек Тўрабек ўғли ва бошқаларнинг пок номини тиклаш, уларни оқлаш имконини берди. Ҳужжат асосида Олий судда намунавий оқлов жараёни ўтказилиб, унда Олий суд раҳбарияти, Бош прокуратура вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Қатағон қурбонларининг авлодлари ҳам бу жараёнга таклиф қилинди. Бу эса оқловни оддий ҳуқуқий жараён эмас, балки тарихий адолатни тиклашга қаратилган умуммиллий иш сифатида намоён этди. Бу ташаббусни қатағон қурбонларининг нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда – Саудия Арабистони, Афғонистон, Америка ва бошқа давлатларда яшаётган авлодлари ҳам катта кўтаринкилик билан қарши олди. Зеро, бу жараённинг аҳамияти фақат бир инсоннинг номини оқлаш билан белгиланмайди. У тарихий адолатни тиклаш, аждодлар хотирасини қадрлаш ва уларнинг номини келажак авлодларга пок ҳолда етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.


Аслида қатағон қурбонларини хотирлаш билан уларни оқлаш орасида катта фарқ бор. Хотира бу – ўтмишни эслаш. Оқлаш эса ўтмишда қилинган адолатсизликларга ҳуқуқий баҳо беришдир. Шу маънода айтганда, 2020 йилда бошланган жараёнларни шунчаки хотира тадбирлари доирасида баҳолаб бўлмайди. Аксинча тарихчи олимлар, архив ходимлари ва бошқа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, мамлакат бўйлаб изланишлар бошланди. Қатағон қурбонларининг номлари, ҳаёти ва фаолиятига оид ҳужжатлар ўрганилди, маълумотлар тўпланди. Турли идоралар архивлари билан бир қаторда, хорижий архив, музей, кутубхона ва фондлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.


Бу ишларнинг аҳамиятини бир рақам билан ифодалаш қийин. Чунки гап ўтган асрда содир бўлган мудҳиш воқеалар ҳақида кетаётган бўлса-да, унинг таъсири бугунги кунимизга ҳам дахлдор. Қатағон қилинган инсонларнинг оиласи ва авлодлари тақдири ҳам ўзгарган. Кимдир отасиз қолган, кимдир бобосининг исмини йиллар давомида айтишга қўрққан, яна биров ўз аждодининг аслида ким бўлганини билиш учун ўн йиллаб сабр қилган. Айнан шунинг учун ҳам архивдан топилган ҳар бир ҳужжатнинг аҳамияти жуда катта.


Тўғри, қарийб бир аср олдинги воқеаларни бугун ўрганиш осон эмас. Йиллар мобайнида ҳужжатлар йўқолади, исмлар унутилади, хотиралар сўнади. Аммо архивларда сақланаётган материаллар ўша давр манзарасини қайта тиклаш имконини беради. Бугун «Кимга қандай айблов қўйилган? Қанақа далиллар келтирилган? Тергов қандай ўтказилган? Ҳукмни ким чиқарган? Гумондорга ўзини ҳимоя қилиш имкони берилганми?» каби саволларга жавоб изланяпти. Натижада қатағон даврида минглаб инсонлар «халқ душмани», «аксилинқилобчи», «ватан хоини» каби оғир тамғалар билан жазога тортилгани исботланяпти. Уларнинг кўпчилигига нисбатан тергов ва суд жараёнлари бирёқлама кечган, айбловлар эса сиёсий тус олгани аён бўляпти. Бу ҳукмлар нафақат бир инсон ҳаётини, балки оиласи ва авлодлари тақдирини ҳам ўзгартирган. Демак, бугунги оқлов ҳукмлари ўша даврга берилган холис баҳодир. Бу тарихни бугунги кун нуқтаи назаридан келиб чиқиб қайта ёзиш эмас, бир вақтлар сиёсий босим, сохта айблов ва адолатсиз қарорлар билан бузиб кўрсатилган тақдирларни илмий ва ҳуқуқий жиҳатдан қайта кўриб чиқишдир.


2026 йил 6 май куни бу жараён яна давом этди. Бу сафар 8 та жиноят иши бўйича 161 нафар шахс оқланди. Улар асосан 1920-1934 йилларда Туркфронтнинг Фарғона махсус бўлими ҳамда «Учлик» қарорлари асосида судланган кишилар эди. Айримлари босмачилик ҳаракатига ёрдам бериш, қуролли гуруҳ тузиш, совет ҳокимиятига қарши қўзғолон ва аксилинқилобий фаолият каби айбловлар билан жазоланган.


Архив ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш натижасида ўша айбловларнинг кўпчилиги замонавий ҳуқуқий мезонлар нуқтаи назаридан асоссиз экани аниқланди. Оқланганлар орасида маҳалладош ва қишлоқдошларини озиқ-овқат билан таъминлаган бойлар ва мулкдорлар ҳам бор. Уларнинг айримлари миллий озодлик ҳаракати раҳбарлари – қўрбошилар билан алоқада бўлгани ёки уларга моддий ёрдам бергани учун жазоланган.


Бугун эса бир коса овқат улашгани, отига тақа қоқиб бергани ёки ўз мол-мулкини ҳимоя қилгани учун одамни «давлат душмани», деб аташ қанчалик асоссиз бўлганини архив ҳужжатлари кўрсатиб бермоқда.


Қатағон қурбонлари статистикаси ҳақида гапирганда, ҳар бир рақамнинг ортида алоҳида тақдир турганини унутмаслик керак. Кимдир отувга ҳукм қилинган. Кимдир 3, 5 ёки 10 йилга концлагерга юборилган. Кимдир мол-мулкидан айрилган. Кимдир сургун қилинган. «Халқ душмани» деган тамға эса уларнинг фарзандлари ва авлодларига ҳам кўп йиллар давомида таъсир қилган.


Балки кимдир «Орадан қарийб бир аср ўтди. Энди бунинг қандай аҳамияти бор?» дейиши мумкин. Бунинг жавоби оддий: асрлар ўтса-да, замонлар ўзгарса-да, адолат тикланиши, ҳақиқат қарор топиши керак.


Албатта, оқлов ҳукми ўша инсонларнинг йўқотилган умрини қайтармайди. Оиласи кўрган азоб-уқубатларни ҳам енгиллатолмайди. Аммо энди уларнинг юзи ёруғ – аждодлари жиноятчи эмас.


…1381 нафар оқланган шахс ҳақида гап кетганда 1381 та тақдирни кўз олдимизга келтириш керак. Уларнинг ҳар бири ортида бузилган бир ҳаёт, жим қолган оила, айтилмай келган ҳақиқат бор. Бугун эса ўша сукут ўрнини ҳужжатлар, исмлар ва ҳақиқат эгалламоқда.


Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 7555 16:57 | 05.08.2023