+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Маҳрнинг нархи ошдими ёки қадри тушдими?!

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда маиший мавзулар асосига қурилган сўровномалар кенг тарқалмоқда. Айниса, маҳр мавзусидаги саволлар атрофида катта аудитория жамланган. Дастлаб оддий кўнгилочар контент сифатида пайдо бўлган бу каби сўровномалар бугунга келиб жамиятда жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган муҳокамали мавзуга айланди. Айрим видеоларда қизларнинг “Гелик олиб берса, турмушга чиқаман”, “Тоshkent cityдан тўрт хонали уй сўрайман” каби жавоблари атрофида юзлаб фикрлар айланмоқда.
Жамият
68 15:07 | 03.06.2026 15:07

Бу каби баланд истакларнинг сабаби сўралганда кўпчилик қизлар “Динимизда шундай” дея енгилгина жавоб қайтаришади. Аслида эса аксар жавоблар динда келтирилгани учун эмас, балки инсоннинг дунёқараши ва савиясидан келиб чиқиб айтилмоқда. Баъзи аёл-қизларимиз бераётган жавобларни кўриб, тўрт хотинликни “Исломда шундай” дея оқлаётган эркаклар ҳаёлимизга келади…


Аввало, Ислом динида “маҳр” никоҳнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. У аёлнинг шахсий мулки бўлиб, эр томонидан берилади ва аёлнинг ҳуқуқини эътироф этиш рамзи сифатида қаралади. Маҳр нафақат моддий қийматга эга совға, балки никоҳнинг масъулият ва ҳурматга асосланганлигини ифодаловчи маънавий тушунчадир.


Шариатимизда маҳрнинг энг юқори миқдори чекланмаган бўлса-да, унинг мақсади бойлик намойиши ёки иқтисодий мусобақа эмас. Ислом манбаларида ҳам никоҳнинг енгил ва баракали бўлиши тарғиб этилади. Шу сабабли маҳрнинг моҳияти ҳам томонларни қийнаш эмас, балки оиланинг мустаҳкам пойдеворини яратишга хизмат қилиши керак.


Бугунги баҳсларнинг марказида эса маҳрнинг асл мазмунидан кўра унинг миқдори ва қиймати ҳақида гапирилаётгани кузатилмоқда. Натижада маҳрнинг маънавий моҳияти иккинчи даражага тушиб, унинг моддий томони устувор кўриниш ола бошлаган. Бундай дунёқарашдаги ёшларнинг ортаётганлиги ижтимоий тармоқларнинг қадриятларга сезиларли таъсир кўрсатаётганлигини билдиради.


Табиийки, контент яратувчилар кўпроқ аудитория йиғиш учун эътибор тортадиган мавзулар ва кескин жавоблардан фойдаланади. Маҳр ҳақидаги видеолар ҳам кўпинча айнан шу мақсадга хизмат қилади. “Қиммат автоулов сўрайман”, “Бир неча миллиардлик уй бўлиши керак” каби жавоблар кўпинча жиддий талаб эмас, балки томошабин эътиборини тортишга қаратилган чиқишлар бўлиши мумкин.


Бироқ тармоқларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ерда айтилган ҳар бир фикр кенг аудитория томонидан ҳақиқат сифатида қабул қилиниши эҳтимоли юқори. Натижада йигитларда “Барча қизларнинг талаби шундай” деган нотўғри тасаввур шаклланса, айрим қизлар тренд таъсирида реал ҳаётга мос келмайдиган стандартларни ўзлаштира бошлайди. Бу эса жамиятда ўзаро ишончсизлик, стереотиплар ва қарама-қарши қарашларнинг кучайишига олиб келиши табиий.


Ҳар қандай талаб ҳам авваломбор иқтисодий шароитга боғлиқ. Бугунги кунда уй-жой нархлари, автомобиллар ва бошқа қимматбаҳо мулклар қиймати юқори бўлган бир пайтда айрим талаблар аксарият ёш оилалар имкониятидан ташқарида бўлиши мумкин. Умуман олганда, аёлнинг маҳр олиш ҳуқуқини инкор этиш ёки уни аҳамиятсиз деб ҳисоблаш ҳам нотўғри ёндашувдир. Аммо, ҳаддан ташқари баланд талаблар никоҳнинг кечикишига, оилавий муносабатларнинг бошланишидан олдин зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин.


Маҳр шунчаки моддий совға ёки бойлик мезони эмас балки аёлнинг ҳақи, эркакнинг масъулияти ва никоҳнинг қадриятлар асосида қурилганини ифодаловчи муҳим тушунчадир. Ижтимоий тармоқлардаги шов-шувли сўровномалар вақтинчалик бўлиши мумкин, бироқ улар ёшлар онгига динни бошқача талқин қилишга сабаб бўлиши мумкин.


Шу сабабли маҳр ҳақида гап кетганда ҳиссиётлар, стереотиплар ёки бошқаларнинг фикри эмас, балки диний билим, ҳаётий тажриба ва мантиқ устувор бўлиши керак. Чунки бахтли оила қиммат автомобиль, ҳашаматли уй ёки катта маблағ билан эмас, аввало ҳурмат, меҳр, ишонч ва масъулият билан қурилади.


Дилдора ДЎСМАТОВА


Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6594 16:57 | 05.08.2023