+15C

+15C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

КОНТРАКТ НАРХИ ОШДИ бу таълим сифатига таъсир қиладими?

Олий таълим нархи яна кун тартибида. Янги ўқув йили арафасида абитуриент ва талабалар аудитория, ётоқхона, дарс жадвали билан бир қаторда контракт миқдорига ҳам жиддий эътибор қаратмоқда.
Жамият
120 15:06 | 02.09.2026 15:06

Бунга сабаб бор. 2026/2027 ўқув йили учун Тошкент давлат юридик университетида контракт айрим таълим шаклларида 46 фоизгача оширилди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида эса бакалавриатнинг 1–3-курслари учун йиллик тўлов 33 миллион 750 минг сўм этиб белгиланди.



Тошкент давлат юридик университетида кундузги бакалавриат контракти 16 миллион 695 минг сўмдан 22 миллион 496,7 минг сўмга кўтарилди. Демак, талаба бир йилда аввалгидан 5,8 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлайди. Сиртқи таълимда йиллик тўлов 14 миллион 868 минг сўмдан 21 миллион 352,8 минг сўмга, масофавий таълимда 13 миллион 860 минг сўмдан 20 миллион 208,9 минг сўмга етди. Кундузги магистратура контракти эса 18 миллион 585 минг сўмдан 24 миллион 403,2 минг сўмга ошди.



Бу рақамлар ортида эса ҳар бир оила учун алоҳида ҳисоб-китоб бор. Чунки университет учун контракт — молиялаштириш манбаи бўлса, ота-она учун бу оила бюджетидан ажратиладиган катта маблағ.



Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги контракт миқдори бу саволни янада долзарб қилади. Бу ерда бакалавриатнинг 1–3-курслари учун йиллик тўлов 33 миллион 750 минг сўм. Магистратурада эса 37 миллион 120 минг сўм. Кундузги бакалавриатни Тошкент давлат юридик университети билан солиштирсак, фарқ 11,25 миллион сўмни ташкил этади.



Албатта, олий таълим муассасаларининг имконияти, ўқитувчилар таркиби, таълим дастурлари, моддий-техник базаси ва бошқа харажатлари бир хил эмас. Шу боис контрактлар ўртасида фарқ бўлиши табиий.



Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: қимматроқ контракт талабага нимани кўпроқ беради? Сифатли дарсми? Кўпроқ амалий машғулотми? Замонавий электрон ресурсларми? Хорижий тилларни чуқурроқ ўрганиш имконияти ёки халқаро дастурларда иштирок этишми? Битирувчининг иш топишига кўмаклашадиган янги механизмларми? Ана шу саволларга аниқ жавоб бўлмаса, контрактнинг ошиши фақат рақам бўлиб қолаверади.



Айниқса, масофавий таълимдаги нарх ўсиши эътиборли. Янги ўқув йилида бу шаклдаги контракт 20 миллион 208,9 минг сўмни ташкил этмоқда. Албатта, масофавий таълим ҳам рақамли платформалар, серверлар, электрон дарсликлар, видеокурслар ва техник хизмат учун маблағ талаб қилади.
Лекин талабада ҳақли савол пайдо бўлади: контракт қарийб 46 фоизга ошган бўлса, таълим сифати ва имкониятларида қандай ўзгариш бўлади?



Бу саволга университетлар очиқ жавоб берса, жамоатчиликда ҳам тушуниш пайдо бўлади. Масалан, ошган маблағнинг қайси қисми ўқитувчилар меҳнатига, қайси қисми рақамли таълимга, илмий фаолиятга ёки моддий-техник базани янгилашга йўналтирилаётгани ҳақида ахборот бериш мумкин.



Олий таълим тизимида яна бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак. Талаба фақат контракт тўловчиси эмас. У — таълим хизматининг бевосита истеъмолчиси. Шунинг учун контракт миқдори ошган сари талабнинг ўзи ҳам ортиб боради. Талаба замонавий аудитория, кучли профессор-ўқитувчи, сифатли электрон ресурс, амалий билим ва меҳнат бозорида асқотадиган кўникмаларни кутади. Қолаверса, таълим муассасаси ўз хизматининг натижасини кўрсатиши керак. Битирувчиларнинг қанчаси мутахассислиги бўйича ишлаяпти? Улар олган билим меҳнат бозорида қанчалик қўл келяпти? Талаба университетда ўқиган йиллари ва сарфлаган маблағи эвазига қандай имкониятга эга бўлди? Мана шу саволлар контрактнинг ҳақиқий қийматини белгилайди.



Шу нуқтаи назардан қараганда, масала контрактнинг ошганида эмас. Асосий масала – ошган тўлов эвазига таълим сифати қанчалик кучаяди?
Зеро, талаба бугун тўлаётган маблағига эртага қайси билим ва имкониятни олишини билиши керак. Ота-она эса фарзанди учун сарфлаётган маблағи ҳақиқатан ҳам унинг келажагига сармоя бўлаётганига ишонч ҳосил қилиши зарур. Қиммат таълим эмас, қиймати баланд таълим керак.


Дилдора ДЎСМАТОВА


Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 7580 16:57 | 05.08.2023