Иш вақтидан ташқари қўнғироқларга жавоб бериш мажбуриятми?
Савол: Иш берувчининг иш вақтидан кейин ходимга қўнғироқ қилиб безовта қилиши ва ундан хизмат вазифаларини бажаришни талаб қилиши қонунчилик нуқтаи назаридан қандай баҳоланади?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши катта мутахассиси Рустам НАСИМОВ жавоб беради.
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ходимнинг иш ва дам олиш вақти чегараларини аниқ белгилаб берган. Кодекснинг 204 ва 206-моддаларига кўра, ишнинг тугаши ва унинг кейинги куни (сменада) бошланиши ўртасидаги ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш давомийлиги, шу жумладан дам олиш ва овқатланиш учун танаффус ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмаслиги, иш вақти тугаганидан кейинги давр ходимнинг дам олиш вақти ҳисобланиб, у бу вақтдан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш ва меҳнат вазифаларини бажармаслик ҳуқуқига эга. Бинобарин, иш берувчининг иш вақтидан ташқари вақтда қўнғироқ қилиб, топшириқ бериши қонун нуқтаи назаридан иш вақтидан ташқари иш (188-модда) деб баҳоланади.
Бундай ҳолатда ходимнинг ёзма розилиги олиниши, жараён буйруқ билан расмийлаштирилиши ва 262-моддага асосан иш вақтидан ташқари ишнинг бир кундаги биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун камида икки ҳисса миқдорида (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорида) ҳақ тўланади.
Бундан ташқари, иш вақтидан ташқари иш кодексининг 210-моддасида келтирилган асосларга кўра ишдан ташқари ишлар учун ходимнинг ҳар кунги ишдан ташқари дам олиши ёки сменалар оралиғидаги дам олиш давомийлигидан қатъий назар енгиб бўлмас куч ва фавқулодда вазиятлар юзага келганда жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзлардан фойдаланади.
Шунингдек, масофавий иш тартибида ҳам ходимнинг алоқада бўлмаслик ҳуқуқи (460-модда) мавжуд бўлиб, келишилган иш соатларидан ташқари вақтда раҳбар билан мулоқот қилиш мажбурий эмас. Агар ички тартиб қоидаларида алоҳида навбатчилик белгиланмаган бўлса, иш вақтидан кейин телефонга жавоб бермаган ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш мутлақо ғайриқонунийдир. Зеро, меҳнат муносабатларида дам олиш вақти — бу ходимнинг иш берувчи бошқарувидан тўлиқ озод бўлган шахсий ҳудудидир.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0